...

...

@AGROBLOGER


Баъзи кишилар қишлоқ шароитида иссиқхона ташкил этиш у қадар сердаромад эмас, айниқса, газ бўлмаганда барча меҳнат ҳавога учиб, касодга учрайсиз деган сўзларни айтишади. Биз Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги “Бирлик“ маҳалла фуқаролар йиғинида бўлганимизда иссиқхоналар тўплами эгаси Сайфулло Файзуллаевнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.

– Маҳалламиз эртапишар помидор тайёрлаш борасида атрофда ном қозонган, – дейди С. Файзуллаев. – Мисол учун шу йил эртапишар помидор қидириб, Тожикистондан харидорлар келди. Қўшниларимизни ҳар бирининг томорқасида эртапишар ҳосил етиштирилади. Сифати ҳам яхши. Бунинг учун помидор ва бодрингни парваришлашда кимёвий воситалардан имкон қадар кам фойдаланамиз. Улар кўпайиб кетса, ҳосил тез айнийди ва узоқ йўлга ярамайди. Экспортбоплиги йўқолади.

Айни вақтда мактабда болаларга сабоқ бериш билан бир вақтда 20 сотих томорқада оилавий меҳнат қилаётган Сайфулло аканинг битта иссиқхонаси 15 йилда олтита бўлди.

– Иссиқхоналаримизда помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон етиштирамиз, – дейди томорқачи. – Улардан биттасида эса беш йилдан буён лимон етиштирамиз. Тажриба учун ўтган йили экилган мандарин нишона берди. Лимондан эса ўтган йили 500 килограмм ҳосил олдик. Бу йил 700-800 килограммни мўлжаллаб турибмиз. Негаки, ҳосилдорлик йилдан-йилга ўртача 50-100 килограммдан кўпайиб борар экан. Лимон парваришида иссиқлик жуда муҳим эканини ҳисобга олиб, уларни янги усулда етиштиришни йўлга қўйдик. Икки метрлик чуқур қазиб, кейин экилган кўчатларга ҳам қуёш нуридан, ҳам ернинг ўзидан ажралиб чиқадиган иссиқлик ҳисобига лимонларимиз кўриб турганингиздек серҳосил.

Биз иссиқхона ёнидаги кўчатзорда майса бўлиб ўсган булғор қалампири кўчатларини кўрдик. Уларни сони тўрт мингта экан. Сайфулло ака кўчат олишдан кўра, уруғ етиштириш самарали экани, бунда харажатлар икки баробар камлигини айтди. Барвақт тайёр бўлган кўчатлар бошқалардан олдин экилади, табиийки, ҳосил ҳам ҳамманикидан олдин пишади. Даромад ҳам шунга яраша бўлади.

uza.uz

@AGROBLOGER

Report Page