...

...



Сабзавот экинлари касалликлари билан кураш усуллари қаторига чидамли навлар яратиш ва қўллаш; соғлом кўчат етиштириш; иссиқхона тупроғини, унинг ичидаги тузилмалари, иш қуроллари ва жиҳозларни зарарсизлантириш; вегетация даврида ташқи муҳит факторлари (асосан ҳарорат ва намлик)ни тартибга солиб туриш; инфекция манбааларини йўқотиш; карантин касалликлари кириб келишининг олдини олиш; зарур бўлганида фунгицид пуркаш киради.


 1. Чидамли навлар. Тупроқда яшовчи ёки сақланувчи патогенлар билан курашда селекционерлар чидамли навлар яратиш орқали ўзларининг катта ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Мисол учун Ўзбекистонда қовуннинг фузариоз сўлиши ва ун-шудрингига, Англияда помидор, бодринг, қалампир ва бақлажоннинг ҳар хил касалликларга чидамли навлари яратилган ва қўлланилмоқда.

Жумладан, бирданига 4 та касалликка (фузариоз ва вертициллёз сўлиш, кладоспориоз ва тамаки мозаикасига) чидамли помидор навлари яратилган. Кўп патогенлар ҳар хил вирулентлик генларига эга бўлган физиологик ирқлардан иборат, шунинг учун алоҳида нав бу ирқларнинг барчасига чидамли бўлиши мумкин эмас. Вирулент ирқлар популяциядан танланиши ёки янгидан пайдо бўлиши натижасида навлар ўз чидамлилигини қисқа давр мобайнида йўқотади.

Мисол учун, тамаки мозаикасига чидамли бўлган илк помидор навлари бу хоссасини бир мавсумдаёқ йўқотган. Шунинг учун чидамли навлар селекцияси бетўхтов олиб борилиши лозим. Пайванд қилиш касалликларга қарши курашнинг яна бир усулидир. Англияда помидорнинг фузариоз ва вертициллёз сўлиши, мелойдогинози ва тамаки мозаикаси билан курашда помидорнинг чидамли гибридларидан тайёрланган пайвандтаглар ишлатилади; бодрингнинг фузариоз сўлиши билан курашда эса пайвандтаг қовоқ (Cucurbita ficifolia) дан тайёрланади. Бу усулнинг камчилиги шундаки, у кўп меҳнат талаб қилади ҳамда пайвандтаглар жуда юқори чидамлиликни таъминлай олмайди. Қовундан бошқа полиз ва сабзавот экинларининг чидамли навларини яратиш вазифасига мамлакатимизда ҳозирча етарли эътибор берилгани йўқ.

2. Соғлом кўчат етиштириш. Сабзавот ва полиз экинларининг кўчатлари ҳам иссиқхоналарда, ҳам очиқ далаларда экиш учун етиштирилади. Барча экинларнинг уруғликларини соғлом (ёки кам зарарланган) ўсимликлардан олиш, уларни ҳар хил аралашмалар, склероций ва бегона ўт уруғларидан пухта тозалаш ва саралаш, унувчанлиги ва ўсиш энергияси юқориларини танлаб, экишдан олдин микроэлементлар (Mn, Cu, B ва б.) эритмаси билан ишлов бериш, мажбурий равишда дорилаш ва ўз вақтида экиш; ниҳоллар униб чиққач, қатқалоқ бўлишига йўл қўймаслик, тупроқни юмшатиб туриш лозим. Уруғликни экишдан 1-3 ҳафта олдин термостатда 35-50 С да 1 соат ва 80 С да 1 соат вирус касалликларига қарши қиздириш.

Уруғ экиш учун тайёрланган тупроқ (компост) бирорта фунгицид киритиш усули ёрдамида зарарсизлантирилади.


Бодринг уруғини экишдан олдин уруғларни 50-60 С ҳароратда 4-5 соат давомида иситиш; вироз, фузариоз ва аскохитоздан зарарсизлантириш учун уруғларни икки босқичда иситиш (олдин 50-52 С да 3 сутка, кейин ҳароратни аста-секин 78-80оС гача кўтариш ва шу ҳароратда яна 1 сутка сақлаш); саралаш (3-5% ли ош тузи эритмаси ишлатиб); 12-20 соат давомида ивитиш; фунгицид билан дорилаш тавсия қилинади.


3. Ташқи муҳит факторларини тартибга солишнинг аҳамияти жуда катта, чунки бу усул ёрдамида, айниқса ҳаво намлигини бошқариш асосида, иссиқхоналарда кўп касалликлар пайдо бўлишининг олди олинади ёки касаллик учраганда, унинг экинда тарқалишини тўхтатиш ёхуд ҳосил учун безарар даражада ушлаб туришга имконият яратилади. Иссиқхоналарда ҳаво иложи борича тез-тез алмаштирилиши лозим; энг ками билан ҳар соатда ҳаво 3 марта тўла алмашинуви талаб қилинади. Иссиқхоналар ойналари яхши ювилган бўлиши лозим. Ҳаво ҳарорати кундузлари 22-24 С, кечалари 18- 20 С дан пасаймаслиги керак. Экинлар совуқ сув билан суғорилса, уларнинг иммунитети пасайиб кетиши ва касалликларга кўпроқ чалиниши кузатилади. Бунинг олдини олиш учун суғориш сувининг ҳарорати 20-22оС бўлишини таъминлаш тавсия қилинади (Лян, Ҳошимхўжаева, 2007)


4. Иссиқхона ичи ва иш анжомларини зарарсизлантириш. Иссиқхоналардаги экинларнинг ҳосилини мавсумда охирги марта йиғиб олгандан сўнг, ўсимлик қолдиқларини зарарсизлантириш лозим. Бунинг учун уларга 40% ли формалиннинг 2% ли эритмаси, 3-4 л/га меъёрида, алоҳида ёки акарицид (Омайт 570EW ёки Зум 10% сус. к.) ҳамда инсектицид (Суми альфа 5% эм. к. ёки 20% эм.к., Актеллик 50% эм.к.) билан аралаштириб, ҳаво ҳарорати 18оС ёки ундан юқори бўлганида, пуркалади; 3-4 кундан сўнг ўсимликларни илдизи билан суғуриб олиш ва чиқариб йўқотиш, ўсимликларни боғлаш учун ишлатилган ипларни ташқарида ёқиб юбориш, иссиқхона ичини яхшилаб тозалаш, ойналарни ювиш ва уларни ҳамда устун, тиргак, стеллаж ва бошқа қисмларни 40% ли формалиннинг 2% ли эритмаси билан зарарсизлантириш лозим. 


Иссиқхонада ишчилар иш пайтида патоген замбуруғлар споралари, вируслар ва ўсимлик қолдиқларини кийимлари, иш қуроллари ва қўллари орқали шу иссиқхона ичида ёки бир иссиқхонадан иккинчисига тарқатади. Бунинг олдини олиш учун ишларни соғлом экинлардан бошлаш, бир экиндан иккинчисига ёки бир иссиқхонадан иккинчисига ўтганда иш кийимларини алмаштириш, уларни мунтазам тозалаб, ювдириб ва дазмоллатиб туриш, ишчилар қўлларини 3 марта совун ва чўтка билан яхшилаб ювишлари талаб қилинади


5. Иссиқхона тупроғини зарасизлантириш. Тупроқ патогенларнинг асосий манбаидир. Уларнинг кўпчилиги тупроқнинг устки 20 см қатламида жойлашган ва айни шу қатлам жуда пухта зарарсизлантирилиши талаб қилинади. Шу билан бирга, вилт ва илдиз чиришнинг қўзғатувчилари илдиз етган чуқурликкача (60 см гача) тарқалади; бу касалликлар кўп учрайдиган иссиқхоналарда тупроқ ўша чуқурликкача зарарсизлантирилиши керак бўлади.

Зарарсизлантириш сув буғи (термик усул) ёки кимёвий моддалар (кимёвий усул) ёрдамида, махсус ускуналарни қўллаб ўтказилади. Сув буғи билан зарарсизлантириш учун тупроқ олдин 25-30 см чуқурликкача юмшатилади, енгил суғорилади, усти иссиқликка чидамли (пропилен) парда билан бекитилади, парданинг четлари қум солинган қопчалар билан бостириб қўйилади ва сўнгра буғ берилади. Энг юқори самара тупроқнинг устки 20 см қатламида 70 С ҳарорат 10 мин давомида таъминлаганида олинади. Бунда кўп патогенлар, зарарли ҳашаротлар ва бегона ўтларнинг уруғлари нобуд бўлади.

Бундай тупроққа экин уруғлари ёки кўчатлари тезда (1-2 кун ичида) экилиши мумкин. Бошқа муаллифлар 110-115оС ҳароратни 1-3 соат ёки 10-12 соат давомида сақлашни тавсия қилган. Аммо маълумки, агар ҳарорат 82 С дан ошса, тупроқда аммоний, нитрат ва марганец ионларининг ўсимлик учун заҳарли миқдорлари пайдо бўлади. Бундай тупроққа уруғ ёки кўчат экиш учун ижозат зарарсизлантириш ўтказилган кундан камида 6 ҳафта ўтгандан кейин берилади.


Манба: Б. А. Ҳасанов, Р.О. Очилов, Р.А. Гулмуродов. Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент 2009


Report Page