...

...

AGROBLOGER

Улардан мўл ва сифатли ҳосил олишнинг омиллари кўп. Шулардан бири ўсимликларни зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишдир. Ушбу чора-тадбир ўз вақтида кўрилмаса, ўртача 30-40 фоиз ҳосил нобуд бўлади.

Бегона ўтларни йўқотишда гербицидлардан фойдаланиш юқори самара беради. Бунинг учун уруғ экилгунича ёки униб чиққунига қадар гектарига 33 фоизли Энтостоп, Стомп, Зорро, Стоп гербицидларидан бири билан гектарига 2,5-4,5 литр, 50 фоизли Энтогард ёки Гезагард гербицидларининг бири билан гектарига 4-6 кг миқдорида 300 литр сувга аралаштириб, тупроққа сепилади.

Пиёз ва саримсоқ униб чиқиб, 3-4 тадан чинбарг чиқаргач, бегона ўтларнинг бўйи 5-10 см бўлганида 12,5 фоизли Легион супер ёки Фюзилад супер гектарига 2-4 литрдан сепилади. 20 фоизли Набу препаратини эса гектарига 1,5, 10,4 фоизли Зелдек экстра, Зеллек супер, Рамон супер гербицидларини 1 литр меъёрида қўллаш тавсия этилади.

Экинлар 2-4 та чинбарг чиқарган вақтда бегона ўтларга қарши ишлов бериш мақсадга мувофиқдир. Бунда 24 фоизли Оксигол, Гоал 2Е, Оксигард гербицидларидан фойдаланилади. Улардан бири гектарига 0,5-1 литр, 28 фоизли Ноугрин гербициди эса 1,5-2 литр миқдорида қўлланади. Гербицидлар ОВХ, ВП-1, моторли қўл пуркагичлари ёрдамида 300 литр ишчи суюқлиги ҳисобида сепилади.

Пиёз пашшаси пиёз экиладиган барча ҳудудларда учрайди. У ҳосилдорликни 20-25 фоизга камайтириб, маҳсулотнинг сифатини пасайтиради. Зараркунанданинг катталиги 6-7 мм, ранги сарғиш-кулранг, қуртларининг олд томони ингичкалашиб келган, тўқ сариқ, оёқсиз, узунлиги 9-10 мм. бўлади. Орқа қисми тўмтоқ, ғумбаги жигарранг, сохта пиллага ўралган бўлади. Пиёз пашшаси ғумбак шаклида тупроқда 10-20 см чуқурликда қишлайди. Вояга етган пашшалар қоқиўт, олча гуллаганда учиб чиқиб, 5-10 кун гул нектари билан озиқланади ва тухум қўя бошлайди. Урғочи пашшалар тухумларини 5-20 тадан тўп-тўп қилиб ёки биттадан барг қинчаларига, илдиз бўғзи атрофидаги тупроқ ёриқларига қўйишади. Улар 50-60 кун яшаб, 150-200 тагача тухум қўйишади. Тухумдан чиққан личинкалар пиёзбошга барглар асосидан ёки илдиз тарафдан кириб олиб, у ерда 15-20 кун ривожланади. Битта пиёзбошда 50 тагача личинка ривожланиши мумкин. Ўзбекистон шароитида зараркунанда йилига 4-5 марта авлод бериб, ривожланади.

Худди шундай, тамаки трипси ҳам ўсимликларни кучли зарарлайди. У пиёз баргининг ширасини сўриб, зарар етказади. Зарарланган баргларда оқиш-кумушранг доғлар пайдо бўлади, кучли зарарланганда эса барглар сарғайиб, қуриб қолади. Битта урғочи трипс ёш баргларга 100 тагача тухум қўяди. Қулай шароитда трипс сони бир туп ўсимликда 1000 тадан кўп бўлиши кузатилган. Бир йилда 7-8 марта авлод беради.

Тамаки трипси жағ-жағ, ёввойи турп, қуртэна, қўйтикан, қўйпечак, сарсабил, отқулоқ, ерқалампир каби бегона ўтларда ёппасига кўпаяди. Унга қарши кимёвий усулда курашиш одатда бу зараркунанда ҳашаротлар тарқалган ерларда ўсимлик зарарланганлиги кўзга ташланганида бошланади. Бунда Престиж ва Престиж Плюс препаратлари юқори самара беради.

Пиёз экинларига сохта уншудринг, фузариоз, илдиз чириш касалликлари ҳам жиддий зарар етказади.

Сохта ун шудринг касаллигини пероноспора замбуруғи қўзғатади. Касаллик пиёз ва саримсоқни зарарлайди. Касаллик қўзғатувчи замбуруғлар пиёзбошларда уларни чиритмасдан мицелий шаклида ва ўсимлик қолдиқларида споралари ёрдамида қишлайди. Уруғлик экилгандан сўнг касаллик ривожланиб, саримсоқ ва пиёзни зарарлайди. Касалланган ўсимликнинг барглари очяшил, сўнгра сарғиш тус олади, устида олдин оқ, кейин кулранг-бинафша тус олувчи юпқа моғор қатлами ҳосил бўлади. Зарарланган барглар сарғаяди ва сўлади, ўқбарглар синади. Улар шамол орқали тарқалиб, кўпаяди ва ўсув даврида касаллик 7 марта авлод беради.

Фузариоз касаллигида ҳам ўсимликнинг барглари сарғайиб, тепасидан ва илдизидан бошлаб чирийди. Пиёзбошлар ташқи белгиларсиз зарарланиши мумкин. Улар бўйига кесилса, бўғзи ёки ички қатламларидан бир нечтаси юмшагани, баъзан қўнғир тус олгани, қатламлар орасида оч пушти ёки оқ моғор пайдо бўлгани кўринади. Қуруқ об-ҳаво шароитида зарарланган пиёзбош қаттиқ, қуруқ ва буришган бўлади.

Касалликка қарши ҳимоя тадбирлари ўтказилмаса, ўсимлик заифлашиб, сарғаяди, ҳатто нобуд бўлади. Касалликка қарши гектарига Спорагин гектарига 3 литр сарфлаб қўллаш тавсия этилади.

Тавсия этилаётган препаратлар гектарига 200-300 литр сувга аралаштирилиб, ОВХ ёки штангали пуркагичлар ёрдамида сепилади. Аҳоли томорқасида ёки деҳқон хўжаликларининг кичик майдонларида Кариолла ёки ОРПД русумли моторли қўл пуркагичларида ишловлар амалга оширилади.


AGROBLOGER канали

dehqon.uz

Report Page