...

...

AGROBLOGER

Иссиқхонанинг 1 м2 юзасидан кам харажат қилган ҳолда олинадиган энг катта ҳосилдорликка ундан фойдаланиш даврини узайтириш, ерда ҳосилдан тўхтаган ўсимликни узоқ қолдирмаслик, кўчатларни оқилона зичлаштириш, иссиқхонадаги ҳамда улар орасидаги майдонлардан оқилона фойдаланиш каби йўллар билан эришилади. Иссиқхонадан фойдаланишда йил давомида экинларни алмашлаб экиш ва мазкур жараён кетма-кетлигини тўғри ташкил этиш ҳам бу борада самарадорликка эришишни таъминлайди.

Алмашлаб экиш – бу иссиқхонани бир марта ишлатиш мавсумида унда экинларни экиш кетма-кетлиги акс этган схемадир. Мазкур тадбир агротехник ва ташкилий ишларни ўзаро мос ҳолда олиб боришни ва натижада майдонлардан янада самарали фойдаланишни таъминлайди.

Алмашлаб экиш маҳсулотлар етказиб беришнинг энг қулай муддатларини кўзда тутиши лозим. Бунда экинларни эрта етиштириш ва улардан бир текис ҳосил олиш кўзда тутилади. Алмашлаб экиш зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш имконини беради. Бу тадбир фақат биргина ёки бир неча тур экинларни етиштиришни қамраб олиши мумкин. Алмашлаб экиш схемаси ҳар бир иншоот учун алоҳида тузилади. Алмашлаб экишнинг давомийлиги иссиқхонани бир мавсумда ишлатиш даврига мос келади. Лекин, шу нарсани ҳам ҳисобга олиш лозимки, алмашлаб экиш схемаси 2-3 йил давомида тупроқда зараркунандалар ва касалликлар манбалари тўпланишининг олдини олишга имкон берадиган бўлсин. Бир экин тури банд қилган муддат, бир алмашиниш дейилади. Сабзавот экинларини етиштириш муддатларига боғлиқ ҳолда, қишки-баҳорги, ёзги-кузги, кузги-қишки ва бошқа алмашлаб экишлар фарқланади. Экинларни етиштириш давомийлигига боғлиқ ҳолда алмашлаб экиш муддатлари қисқа, узайтирилган ва ўтувчи даврларга бўлиниши мумкин. Помидор ва бодринг экинларини қишқи-баҳорги қисқа муддатли алмашлаб экиш энг кўп тарқалган. Бу муддат январдан бошланиб, ёзнинг бошларида тугайди. Шунингдек, августда бошланиб, январда тугайдиган кузги-қишки алмашлаб экиш ҳам кенг қўлланилади. Алмашлаб экишнинг ўтувчи даври августда бошланиб, июнда тугайди. Узайтирилган давр эса октябрдан июнгача давом этади.

Барча турдаги экинларни иссиқхоналарда йилниг исталган вақтларида етиштириш мумкин. Шу туфайли экинларни иссиқхоналарда етиштириш муддатлари маҳсулот пишиб етилиши, унинг энг мақбул муддатлари ҳамда ўсимликларнинг исиқликка бўлган талаблари билан аниқланади. Қишки иссиқхоналардан оқилона ва юқори самарадорликда фойдаланиш учун уч марта, яъни кузги-қишки, ўтувчи ва қишки-баҳорги алмашлаб экиш мақсадга мувофиқдир. Иссиқхоналарда бу турдаги алмашлаб экишларнинг нисбатлари кузги-қишкида – 60 %, ўтувчи даврда - 40 % ва қишки-баҳоргида (кузги-қишки ҳосил йиғиб олингач) – 60 % бўлиши лозим.



@AGROBLOGER канали

Ш.И.Асатов

dehqon.uz

Report Page