...

...

AGROBLOGER

Қашқадарёда фермерларнинг 45 млн сўм пулини талон-торож қилган банк ходимига суд ҳукми ўқилди

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида фермерларнинг 45 миллион сўм пулини талон-торож қилган банк ходимига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Муборак туман суди раиси Алишер Қаҳҳоров маълум қилди.

Маълум бўлишича, «Агробанк»нинг Миришкор туман филиалида 2016 йилнинг 14 октябридан 2019 йилнинг 23 июлига қадар бухгалтерия бўлими етакчи мутахассиси лавозимида ишлаган 37 ёшли Сарвар Сардоров (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 2018 йил давомида тўртта фермер хўжалигининг барча тўлов топшириқномаларини сохталаштириб, пулини ўзлаштирган.

Суд ҳукмида таъкидланишича, банк ходими фермер хўжалиги раҳбарларининг ишончига кириб, уларнинг банкда навбатда туришга сабри етмаслигини инобатга олиб, фермер хўжалиги раҳбарларига оқ қоғозга муҳр қўйиб ташлаб кетса, пулини айтилган ҳисоб рақамига ўтказиб беришини айтган. Банк ходимига ишонган фермер хўжалиги раҳбарлари эса, у айтганидек оқ қоғозга муҳр босиб кетаверган. Тўртта фермер хўжалиги раҳбарларининг соддалигидан фойдаланган банк ходими Сарвар Сардоров эса уларнинг 45 миллион сўм пулини ўзи лозим топган ҳисоб рақамларига ўтказиб, пулни ўзлаштирган.

Судда сўз олган фермер ва гувоҳлар сўзини тинглаган суд айбланувчи Сарвар Сардоровни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «г» банди (компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб талон-торож қилиш), 228-моддаси 1-қисми билан (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) айбли деб топган. Суд уни бир йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик бўлган ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган.


@AGROBLOGER канали

daryo.uz

Report Page