...

...

AGROBLOGER

Қуванинг анори, Олтиариқнинг узуми, Риштоннинг қантак ўриги, Бувайданинг анжири нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам машҳур. Бу сархил меваларни татиб кўрган ҳар қандай одам авваламбор бу замин саховатига, қолаверса, боғбонларнинг меҳнати ва маҳоратига албатта қойил қолади. Кейинги пайтда Фарғона вилоятида ана шундай янги боғ-роғлар кўпайиб, ширин-шакар меваларни етиштириш ҳажми ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 11 ноябрда қабул қилинган “Фарғона вилояти ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга. Унда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда боғдорчилик, узумчилик, сабзавот-полизчилик, картошкачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш, шунингдек, рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи субъектларнинг манфаатдорлигини ошириш каби устувор вазифалар белгиланди.

– Жорий йил якунига қадар вилоятда 348,9 минг тонна мева, 174,4 минг тонна узум, 118,3 минг тонна полиз маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, аҳоли дастурхонига етказиб бериш кўзда тутилмоқда, – дейди вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ҳалимжон Умаров. – Пандемия даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун барча чора-тадбирларни белгилаганмиз. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига хорижда ҳам талаб ортмоқда. Хусусан, ўтган 9 ойда 6,2 минг тонна қовун, 1,7 минг тонна лимон, 13,2 тонна гилос каби 145,6 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди. Ҳудудларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш эса соҳада иқтисодий самарадорликнинг ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Туманларимизда узум, анор, малина, лимон ва бошқа маҳсулотларни етиштиришда ўзига хос тажриба бор.

Бугунги кунда Ёзёвон туманида юзга яқин баликчилик тармоғидаги хўжаликлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Йилдан йилга бу парҳез маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бориб, интенсив технологиялар кенг жорий этиляпти. Қарор асосида балиқчилик соҳаси ривожланган туманга ихтисослаштирилади. Олтиариқ туманида 500 гектар майдонда картошка етиштиришни йўлга қўйиш, Фарғона туманини малина ўсимлигини етиштиришга ихтисослаштириш, Бешариқ туманида пиллачилик тармоғини ривожлантириш мақсадида ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш учун янги ўзлаштириладиган ерлар ҳисобидан 200 гектар майдонда тутзорлар ташкил этиш режалаштирилган.

Учкўприк туманида лимончилик тармоғи янада ривожлантирилади. Чунки бу ердаги аксарият маҳаллалардаги аҳоли томорқаларида бу борада яхши тажриба тўпланган. Қувасой шаҳрида интенсив гилос боғлари, Қувада анорзор ва узумчилик ташкил этилиб, Фарғона шаҳрида ғалладан қисқарадиган 750 гектар майдон сабзавотчиликка ихтисослаштирилади. Вилоятнинг айрим ҳудудларини 2020-2021 йилларда сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва доривор ўсимликлар етиштириш ҳамда иссиқхона хўжаликларига ихтисослаштириш бўйича ҳам тадбирлар белгиланган.

Данғара туманидаги «Назиров Маруф Носирович» хусусий корхонасида доривор ўсимликлар етиштириш, Бешариқ туманидаги «Қўқон файзи» фермер хўжалигида қизилмия илдизини экиш ва қайта ишлаш бўйича кластер ташкил қилинади.

Вилоятда қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш бўйича кўплаб ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жорий йилда 6 минг 554 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди, 9 минг 864 гектар оборотдан чиққан ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун ўзлаштирилди. Уч минг гектар ер ғалладан қисқарди. Албатта, бу йўналишдаги ишлар келгуси йилда ҳам тизимли давом этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга муҳим эътибор қаратилади. 2020-2023 йилларда ирригация-мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича ҳам чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.


@AGROBLOGER канали

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, ЎзА

uza.uz


Report Page