...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистонда келгуси ойларда нархларда қандай ўзгаришлар кутилаётгани маълум қилинди

Ўзбекистон Марказий банки 2020 йилнинг 10 ойи учун озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар нархи ўзгаришининг умумий шарҳини ҳамда келгуси бир неча ой учун прогнозни тақдим этди. Бу ҳақда Spot хабар берди.

Маълум қилинишича, йил бошидан буён инфляция даражаси 7,8 фоизни ташкил этди. Озиқ-овқат маҳсулотлари 10 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 6,9 фоизга, хизматлар 5,2 фоизга қимматлаган.

«Йилнинг 10 ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотларининг юқори ўсиши карантин шароитида бирламчи истеъмол товарларига бўлган талабнинг юқори бўлиши, шунингдек, сентябрь—октябрь ойларида айрим товарларнинг нархларига таъминот омилларининг таъсири билан боғлиқ», — дейилади шарҳда.

Гўшт

Гўшт нархи 15 фоизга ўсди (мол гўшти 18,2 фоизга, қўй гўшти 22,1 фоизга). Асосий сабаб — карантиннинг юмшатилиши, озуқа нархларининг кўтарилиши сабабли талабнинг кўпайиши. Марказий банк нархларни ушлаб туриш учун йирик фермер хўжаликларини ташкил этиш, ем-хашак нархларини пасайтириш ва импорт учун рақобат шароитларини яхшилаш зарур, деб ҳисоблайди.

Шакар

Йил бошидан бери шакар нархи ўртача 15,7 фоизга ўсди. Асосий сабаб — ички бозордаги таъминот муаммолари. Агар импорт учун шароитлар яхшиланса, бу нархларнинг барқарорлигини таъминлаши мумкин, деб ҳисоблайди Марказий банк.

Буғдой ун

Йил бошидан бери ун нархи ўртача 12,9 фоизга ўсди. Асосий сабаб — карантин пайтида асосий озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ошди. Марказий банкнинг таъкидлашича, 2020 йилда ҳам Ўзбекистонда, ҳам асосий савдо шерикларида (Россия ва Қозоғистон) яхши буғдой ҳосили туфайли нархлар ўсиши эҳтимолдан йироқ.

Гуруч

Дастлабки 10 ой ичида гуручнинг нархи ўртача 13,2 фоизга қимматлашди. Гуруч етиштирувчилар ва деҳқонлар сув танқислиги сабабли бу мавсумда гуруч ҳосилдорлиги кутилганидан анча паст бўлганини таъкидлаган. Бу келажакда гуруч нархининг кўтарилишига таъсир қилиши мумкин, деб қайд этди Марказий банк.

Ёғ ва ёғ маҳсулотлари

Уларнинг нархи ўртача 20,2 фоизга ўсди. Ўсимлик ёғи 23,9 фоизга, пахта ёғи эса 24,2 фоизга қимматлашди. Нархларнинг кўтарилиши, асосан, сентябрь—октябрь ойларида об-ҳаво шароити туфайли кунгабоқар ҳосилининг ва ёг ишлаб чиқаришнинг камайиши ҳисобига тушди. Импорт учун рақобат шароитларининг яхшиланиши ва етказиб берувчиларнинг диверсификацияси келажакда нархларни пасайишига олиб келиши мумкин.

Мева ва сабзавотлар

Йил бошидан буён мева ва сабзавотлар нархи инфляциянинг умумий кўрсаткичига айланди —й улар 3,3 фоизга арзонлашди. Бу ерда нархлар мавсумий бўлиб, ўтган йиллардаги тенденцияларга асосланиб, келгуси ойларда нархларнинг қисқа вақт ичида кўтарилишини кутиш мумкин.

Картошка ва сабзи

Улар истеъмол товарлари орасида энг юқори ўсишни кўрсатди — мос равишда 35,5 фоиз ва 39,2 фоиз. Асосий сабаб — талабнинг ошиши.

Тухум

Нархлар 34,3 фоизга ошди. Бунга парранда озуқаси нархларининг сезиларли ўсиши ва тухумга бўлган талабнинг мавсумий ўсиши сабаб бўлди. Тухум нархини барқарорлаштириш учун парранда озуқасини таннархини пасайтириш керак, деб таъкидлади Марказий банк.


@AGROBLOGER канали

daryo.uz

Report Page