...

...

@AGROBLOGER

Тўқсонбости муддатда пиёзни маҳаллий шароитда яратилган Истиқбол, Зафар, хорижнинг Манас, Дайтона, Леоне, Банко навларини экиш тавсия этилади.  Пиёз уруғини тўқсонбости усулида экиш муддатига кўра жанубий вилоятларда 1-30 декабрда, марказий вилоятларда 15 ноябр-15 декабр ва шимолий вилоятларда 1 ноябр -1 декабр кунларига тўғри келади. Пиёз уруғи ҳар бир гектарига 18 кг гача сарфланади. Пиёз СКОН - 4,2, СММ - 4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70-90 см.дан олиб уч- тўрт қаторли усулда ёки қўлда сочиб экилади. Уруғлар ерга 1,5 - 2 см чуқурликка кўмилади. Пиёз уруғи сепилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча агротехник тадбирлар бахорда бошланади. Баҳорда пиёз дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6-8 см.га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор оралари КРН-2,8 А русумли культиватор билан ерга 15-16 см чуқурликда ишлов берилади. Ўғитлаш. Пиёз ўсимлиги патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озиқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади. Пиёздан 30 тоннагача ҳосил олиш учун ҳар гектар ерга юқори унумдор майдонларда соф холда 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор тупроқларда 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий, паст унумдор тупроқларда 320 кг азот, 220 кг фосфор ва 100 кг калий берилиши лозим. Ўғитларни бериш муддати. Фосфор ўғитни йиллик миқдорини 70-75 % ерни асосий ишловида, қолган қисми эса ерни бораналашдан олдин берилади. Азот ўғитини вегетация даврида озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш пиёз яганалаб, пиёз боши ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса шакллана бошлаганда берилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнг берилганда гўнгдаги бегона ўтлар уруғлари униб чиқиб, олинадиган ҳосилга салбий таъсир этади. Суғориш. Пиёз ҳаво намлиги паст бўлган жойларда яхши ўсади, аммо тупроқнинг сернам бўлишини ҳоҳлайди. Пиёзнинг барг шапалоғини кичиклиги ва сувни тежаб-тергаб сарфлашига қарамасдан, унинг илдизи яхши ривожланмаганлигидан тупроқ намлигига талабчанлиги ниҳоятда кучли. Уруғ униб чиқаётган ва пиёз боши шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби айниқса ошади. Фақат ўсув даврининг охирида ва пиёз бошлари етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди. Бу даврда тупроқ ҳаддан ташқари сернам бўлса, пиёз кечроқ етилади ва уни узоқ сақлаб бўлмайди. Тупроқнинг намлиги етишмаса, пиёз бошининг катталашиши сустлашади,ўсув даврини барвақт тугаллайди, камбарг ва пиёзбоши майда бўлади, натижада ҳосилдорлик кескин камаяди. Тўқсонбости усулида экилган пиёз баҳорда майсалари кўрингандан кейин суғорилади. Биринчи сув одатда баҳорги ёғин-сочин тўхтагандан кейин берилади. Кўклам серёғин келган йилларда бу муддат апрелнинг иккинчи ярмига, ёғингарчилик кам бўлган йилларда эса апрелнинг бошларига, айрим ҳолларда эса ҳатто, март ойининг охирига тўғри келади. Сизот суви чуқур жойлашган бўзтупроқли ерларда кўкламнинг охири ёзнинг бошларида пиёз ҳар 7-10 кунда суғорилади. Ҳар галги суғоришда гектарига   350-400 м3 ҳисобидан сув берилади. Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш. Пиёз пашшаси, тамаки трипси ва бошқа зараркунандаларга қарши курашда 1 гектарга  препаратлардан 10% эм.к ДВА-тридан 400 мл, 10% эм.к Талстардан 300-400 мл, 20% эм.к Конфидордан 250-300 мл, касалликлардан сохта ун шудринг, илдиз чириш, бўғин чириш касаллигига қарши 1% ли бордо суюқлиги (мис сульфати бўйича 60-80 кг/га) билан ишлов берилади, 10-15 кундан кейин қайта ишлов берилади. 10% эм.к. Топазни 125-150 мл ёки Курзат Р 200-250 гр 600 литр сувда аралаштириб пуркаш тавсия қилинади. Вегетация даври: 130-140 кун. Ҳосил пишиш даври: Июль охири, август  

Report Page