...

...


Дўстим Абдуғафур Искандар тунов куни қачондир 5 гиромча олтин топиб олиб, ишлатиб юбориб, энди эгасини рози қилиш учун уни излаб юрган бир яхши инсон ҳақида эълон-мақола қўйди.

Бу нарса менга бундан ўн беш йиллар бурунги ўхшаш воқеани эслатди.


2005 йил эди шекилли. Унда "Ҳидоят" журнали таҳририяти вақтинча Кўкалдош мадрасаси биносида ерлашган эди.

Бир куни хонамга тахминан менинг ёшимдаги бир киши кириб келди.


"Сиз мени танимайсиз, аммо мен сизни яхши биламан. Биз тенгқурмиз. Сизга ўхшаб мен ҳам Қўқонга яқин қишлоқлардан бириданман. Кўп ўйлаб-ўйлаб, охири сизнинг олдингизга келдим. Бир нозик иш сабаб узоқ йиллардан бери виждон азобидаман. "Ҳидоят" журнали ҳозир ҳамма ерга кириб борган. Мен дардимни айтайин, сиз журналингизда эълон қилинг, шояд излаб юрган одамимни топсам", деди.


Рози бўлдим. У ҳикоясини бошлади.

Қисқароқ бўлиши учун асосий масалани айтиб қўяқоламан.


Хуллас, сўзловчи 7-синфни (мен ҳозир унутдим ва адаштиряпман: балки 9-синфни дегандир) битирган ёз маҳаллари Қўқоннинг Каппон бозоридан бир мопедга ўхшаган янгироқ моторли валасапид ўғирлаб қочган!


Собиқ ўғри чиндан менга тенгқур бўлса, демак, 7-синфдан 8-синфга кўчган вақти 1969 йил ёзига тўғри келади.


"Каппонга катта кўчадан кириб, чаплаб юрилса, бозорнинг ҳов этагидаги бир толга суяб қўйилган эди", деб жойини аниқ айтди. 

(Албатта, ҳозир у бозорнинг эски ҳолатидан асар ҳам қолмаган -- тамоман ўзгариб кетган.)


Тўғрироғи, эгаси уловини толга суяб нарироққа кетгунича "ўғригина бола" уни пойлаган, сўнг шартта олиб еталаб бозордан чиқиб кетган.


"Шунақа мотоваласапитим бўлишини жуда хоҳлаганман, ўртоқларимнинг кўпида бор эди, аммо қанча ялинсам ҳам отам менга олиб бермаган. Ўзим яхши бола эдим, лекин камбағал эдик..." деди.


Мотоваласапитни қишлоғигача миниб келган, аммо уйига олиб киришга юраги дов бермаган. Ташландиқ бир қўранинг кўздан пана ерига яшириб қўйган. Бир кун ўйлаб, уни очиқча миниб юра олмаслигига кўзи етган ва харидор ахтаришга тушган.


"Нима қилиб қўйганимни ўшанда билдим, отам ё акаларим билиб қолса, мени ўлдирарди! Қўшни қишлоқдан бир бойвачча болага кепак баҳосига сотиб юбордим!" деди.


Мактабни битириб, Тошкентдаги Политехника институтига ўқишга кириб, олий маълумотли инженер бўлибди. Обрўли жойларда ишлабди. Лекин болалигидаги ўша ишини ҳеч унутолмабди. Оллоҳ ҳидоятга бошлаб намозга кирибди! Шундан кейин виждони баттар қийнай бошлабди. 90-йиллар охирида ҳажга борибди!


"Ҳажда Каъба девори қаршисида ўша гуноҳим учун йиғлаб тавбалар қилдим. Лекин барибир унутолмаяпман... Бугун ўзимга тўқман. Қанийди ўша мотоваласапитнинг эгаси топилса, "Розиман!" деган биргина сўзи учун битта мошина олиб беришга ҳам тайёрман! -- деди кўзи ёшга ғарқ ботган ҳолда. -- Журналга ёзиб чиқсангиз, йилини, жойини аниқ кўрсатсангиз, эгаси ҳозир чол бўлиб қолгандир, мачитга қатнаётгандир, шояд ўқиб қолсаю ё бировдан эшитиб, ўша одам мен эдим деса!.. Манави менинг тилпон рақамим, чақирсангиз, дарров етиб келаман..."


Орадан йиллар ўтди. Нимадир хаёллар билан мен "ўғригина бола"нинг у илтимосини бажармадим -- журналга ёзиб чиқмадим. Одам қайтиб келмади.


Бугун энди унинг тилпон рақамини ҳам билмайман. Неча марта тилпоним алмашиб, эски рақамлардан биронтаси қолмаган.

Тунов куни дўстим Абдуғафур Искандарнинг қачондир 5 гиромча олтин топиб олиб, ишлатиб юбориб, энди эгасини рози қилиш учун излаб юрган инсон ҳақидаги эълон-мақоласини ўқидиму бундан ўн беш йиллар бурунги бу воқеани эсладим. Энди ёзгим келди.

Мана, ёздим ҳам.

Ҳолбуки, бугун нафақат мотоваласапит эгасини, балки унга мошина олиб бериб бўлса ҳам айбини ювмоқчи бўлган у биродаримизни ҳам топиш мушкул.


Аммо умид энг сўнг кесилади!

Шояд... Шояд... Шояд...


Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Report Page