...
AGROBLOGERНукусда қишлоқ хўжалиги техника ва технологияларининг агросаноат мажмуалари учун ихтисослаштирилган «Nukus Agrominitex-2020» кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазманинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б.Хабибуллаев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бўлим бошлиғи М.Гаффаров ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси саноатини ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди.
Таъкидланганидек, кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад, қишлоқ хўжалиги соҳасига оид барча мини техника ва технологияларни ишлаб чиқаришга асосланган тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали Оролбўйида агросаноат соҳасини ривожлантириш, ички ва ташқи бозорларга чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турларини кўпайтириш, аҳолини иш билан таъминлашдан иборат.
Кўргазмада Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш ва кўпайтириш, техника ва технологияларини етказиб берувчи ва ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда.
Жумладан, ер ҳайдаш, қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалигида зарур бўладиган турли хилдаги махсус техникалар ва эҳтиёт қисмларни етказиб берувчи корхоналар, турли ҳажмдаги иссиқхоналарни тайёрловчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек қишлоқ хўжалик техникаларини лизингга берувчи компаниялар маҳсулотлари ҳамда хизматлари билан танишиш мумкин. Бундан ташқари, мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган техникалар, балиқни етиштириш, кўпайтириш техникалари, сувни тозалайдиган асбоб-ускуналар намойиш этилмоқда.
–Кўргазмага Германиянинг Агралис ГМБХ компанияси замонавий сут соғиш аппаратлари, музлатгичлар, шунингдек 20 бошдан 3000 бошгача қорамолга мўлжалланган чорвачилик мажмуалари ускуналари билан иштирок этаяпмиз,–дейди Тошкент шаҳридаги “МилкТехПрофи” масъулияти чекланган жамияти вакили Давронбек Исмаилов. –Мақсадимиз Қорақалпоғистон Республикасининг чорвачилик фермер хўжаликлари билан тиғиз ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Мазкур кўргазма 27 ноябргача давом этади.
@AGROBLOGER канали
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА
uza.uz