...

...

@AGROBLOGER

Мутахассис фикрича, сўнгги йилларда маҳаллий аҳоли томонидан, ковракнинг йўғон илдизидаги елим олиниши натижасида қуриб қолмоқда. Илдизи кесилиб, елими олинганидан кейин у ердан коврак ўсиб чиқмаяпти. Шунингдек, коврак ўсадиган табиий майдонлар қисқариб, ушбу доривор ўсимлик популяцияси анчайин сийраклашмоқда. Коврак уруғларини олиб кўпайтириб, ковракзорлар барпо этиш эса биз ўйлагандек осон иш эмас. Чунки экилган уруғнинг ҳаммаси ҳам кўкариб чиқавермаслиги мумкин. Кўкариб чиққанлари ҳам ҳақиқий ковракка айлангунига қадар бир неча йил талаб этилади.

Қашқа воҳаси мафтункор табиатининг табиий неъматларидан саналадиган коврак воҳа иқлим шароитида кам учрайдиган ноёб ўсимлик. У халқ орасида ўзининг шифобахшлиги билан машҳур. Табиатда икки хилда учрайдиган ковракнинг маҳаллий халқ тилида улжон ва сассиқ коврак деган турлари бор. Буни қарангки, одатда улжон коврак ўсадиган жойда сассиқ коврак ўсмас экан, улар алоҳида-алоҳида ҳудудларда тарқалган. Бу ўсимликнинг нозик табиати шундаки, жой танлайди, қўшни ҳудудларга тарқалиб, ўсиб кетавермайди. Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистонда тоғ тупроқли, тоғ олди жойларда ўсади. Қашқадарёнинг Деҳқонобод тумани, Оқмачит, Чўбин ва Найман қишлоқларида кўп учрайди.

Маҳаллий аҳоли улжон ковракни баҳорда, ер юзига униб чиқиши яқинлашиши билан севиб истеъмол қилади. Унинг ўзига хос хусусиятидан бири – илдизларидан шира ажралиб чиқишида. Коврак илдизларининг ҳавода қотиб қоладиган елими – “асфетида” деган қатронсимон елимсимон моддалар ва эфир мойларидан иборат. Қатрондан ферфулат кислота, қатрон спиртлар ва буларнинг ферул эфирлари ҳамда кумарин – умбеллферон ажратиб олинган. Елимнинг эфир мойида ўсимликка саримсоқ ҳиди бериб турадиган органик сульфидлар, II- кумарин ва бошқа бирикмалар мавжуд. Коврак илдизида крахмал моддаси ҳам бор.

Коврак елими халқ табобатида баъзи асаб касалликларида талвасага қарши восита тариқасида, шунингдек, гижжа ҳайдайдиган дори сифатида қадимдан ишлатиб келинган. Бронхиал астма, сариқ касаллиги, кўк йўтал, сил, захмда фойдаланилади. Шунингдек, у диабетга қарши, қон тўхтатадиган, ўт ҳайдайдиган восита сифатида буюрилади. Ибн Сино унинг елимини бўғим оғриқлари давосига ишлатиш, иштаҳа очадиган ва сийдик ҳайдайдиган восита тариқасида буюришга тавсияэтган, лекин коврак елимини қовуққа зарар қилади деб ҳисоблаган.

Замонавий табобатда коврак илдизи елимидан  тинктура, пилюла ва эмульциялар тайёрлаб астмага, истерия ва асаб системасининг бошқа касалликлари давосига ишлатилади. Ковракдан тайёрланган гален препаратларининг артериал босимни пасайтириши, қилтомирлар мўртлигини бартараф этиб, микроблар кўпайишига йўл қўймаслиги тажриба шароитида аниқланган. Коврак илдизи ва мевасидан ичиш учун кукун дори ва қайнатма тайёрланади, барги ва мевасидан тайёрланган қайнатмалар бадан терисига қўйиладиган боғламларда ишлатилади.

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, коврак ўта доривор ўсимлик. Аммо унинг тақдири бугунги кунда хавф остида турибди. Ковракдан олинган елим бозорларда хуфёна тарзда сотилмоқда. Илдизи кесилган ковракдан олинадиган дастлабки елимнинг бир килоси 800 минг сўм бўлса, кейинги олинадиган елимнинг баҳоси 600 минг сўм, ундан кейингиларининг нархи ўртача 300 минг сўмни ташкил этмоқда.

Улжон коврак йўқолиб кетишининг олдини олиш учун қонуний чоралар кўрилиши лозим, яъни маъмурий ва жиноий кодексларга тегишли моддалар киритилмас экан, ковракдан елим олиш йилдан-йилга кўпайиб бораверади. Натижада улжон коврак ўсадиган майдонда уларнинг уруғини ҳам топиш амримаҳол бўлиб қолади.

xs.uz

@AGROBLOGER

Report Page