СУЙИҚАСД

               Икки ой комада ётиб яқиндагина ҳушига келган бемор бугун ўзини ҳар кунгидан яхшироқ ҳис қилмоқда эди. Шунга қарамай чап биқини устидаги жароҳати симиллаб азоб берар, бунинг устига осма уланган билаги ҳам увишиб безовта қиларди. Ҳамшира эса ўн дақиқа олдин палатадан чиқиб кетганидан бери бирров кўриниш берай демасди. У бўш турган тирсагиги таяниб секингина қимирлаб қўйди, ўзини чалғитиш учун, қалин кўк парда туширилган деразага қаради. Шунда кўзлари чиқиб кетишидан олдин ҳамшира ўқиётган газетага тушди: газета дераза токчасида турарди. “Узансам қўлим етармикан? – ўйлади у. – Ҳарна... Вақтни ўлдирарди...”. Сўнг осма игнасини чиқариб юбормасликка уриниб, тирсаклари ёрдамида кароватнинг деразага яқин бурчагига силжиди ва авайлабгина қўлини чўзди. Аммо газетани ушлаб ўзига тортаётган пайти нохас биқини санчиб кетди-ю, азбаройи азобланганидан бутун вужуди силтаниб кетди. Қийналиб нафас оларкан, «Аҳмоқ! – деб койиди ўзини-ўзи. – Осма чиқиб кетганда нима бўларди...» Кейин худди жуда муҳим бирор нарсани тутгандай махкам чангаллаб турган қўлидаги газетага қаради-ю, асабий жилмайди. “Мана, олдим! Лекин бир қўл билан қандай вароқларкинман?..»

               «Фохиша!» – деб сўкди у ўзини қаровсиз қолдириб кетган ҳамширани. Ҳамширанинг аслида қанақа аёл эканини ва ҳозир қёққа кетганини билмаса ҳам, негадир бирор ўйнаши билан ҳуфя кўришгани кетган деб тахмин қилди. Ахир беморнинг хотини қўл урган мисилсиз хиёнатдан дарз кетган ва буткул умидсизлик қамраб олган зимистон кўнглида бундан ёруғроқ хаёл бўлиши мумкин эмасди. У аччиқланиб қўлидаги газетани имкон қадар олисроққа улоқтириш учун боши узра кўтарганди, нигоҳи бехосдан муоқовада анонс тарзида берилган мақола номига тушди. «Буномус эр ёхуд...» деб номланган эди ўша мақола.

               −Беномус! Бетарбиа! Безбет!.. Одамларга нима бўлаяпти ўзи?! – дея нафратдан афти бужмайиб кетди унинг. – Нимаббало, ич-ичидан ириб бораёптими одамзот, қаёққа қарама шунақа пасткашликларга дуч келаверасан! Наҳотки, наҳотки бу ҳаётда ҳеч кимга ишониб бўлмай қолган бўлса!!!

               Сўнгра мақола сарлавҳаси ёнидаги қамоқхона панжараси ва аёлнинг юзлари қорайтирилган расмига эътибор қилди-ю, ўз-ўзидан қизиқиб қолди. Газетани қорнига қўйиб, бир қўли билан қалтирабгина вароқлай бошлади...                  

               «−Биз асли узоқ қариндош бўлсак-да, эримни тўйимиз бўлгунига қадар атиги бир неча мартагина кўрганман, холос, − деб бошланар эди, исми қисқартирилиб "Р.” дея аталган аёл номидан ёзиб олинган ўша мақола. − Лекин у пайтда мен эримнинг қанақа инсон эканини билмаганман албатта. Ҳали ҳам эсимда турибди, биринчи жанжалимиз унаштирилганимиздан сўнг, тўйдан ўн беш кунча олдин никоҳ кўйлакларини кўришга борганимизда бўлиб ўтди. Ўшанда у менга дўконда:

−Очиқроқ кўйлак танлайвер, дўстларимнинг бир ҳаваси келсин!.. – деган эди кулиб туриб. Менинг уятдан юзим ловуллаб ёниб кетган эди.

−Бу нима гапингиз?! Орият борми ўзи сизда?!” – деган эдим зардам қайнаб. Эрим эса пинагини ҳам бузмаган эди:

−Нима қипти? Биров кўрса камайиб қоладими?

Унга қандай тарсаки тортиб юборганимни ўзим билмай қолдим. Эрим бундан ўзини юқотиб қўймаган бўлса-да, ҳар қалай юзидаги жирканч табассуми учди. Кейин алланарса деб ғудранганча, дўкондан чиқиб кетди...

Мен уйга боришим билан тўйни қайтараман, бундай ориятсиз турмуш ўртоқнинг менга кераги йўқ, деб туриб олдим. Лекин биласиз, миллатимиз учун қизларнинг тўйи қайтди деган гап, қиз беномус бўлди деган билан баробар.  Оиламдагилар ҳамма менга қарши чиқди.

−Сен нотўғри тушунгансан, − деди ҳатто онам. − Куёв ҳорижда ишлаб келган, шунга замонавий фикрлайди... Ҳали кўникиб кетар! Аммо ўзинг ҳам халитдан шундай арзимас нарсаларда эрингни тушуна олмасанг, сендан ҳеч қачон яхши хотин чиқмайди!

               Онамнинг бундай аврашларига чиндан ишондимми, билмайман, ё андиша устун келдими, ишқилиб бизнинг тўйимиз бўлиб ўтди. Очиғи, тўй оқшомининг қандай ўтганини сира-сира эслай олмайман. Ҳаммасига кўзимни чирт юмиб, беэътибор бўлишга уринганимдан, тўйимиз менинг назаримда гуёки бир тушда бўлаётганга ўхшарди...

               Ҳаммаси эса тўйдан кейин бошланди. Тўйдан сўнг эрим биринчи, иккинчи, учинчи, ҳатто тўртинчи куни ҳам ётоқхонамизга кирмасдан, телевизор хонасида ётиб қолди. Аммо мен имкон қадар яхши ният қилишга уринар, балки кўйлак танлашга борганимиздаги жанжалдан бери ҳафагарчилиги тарқамагандир, деб ўзимни зўрға алдар, бир амаллаб овунтирардим. У бўлса бинойидайгина ишга бориб келар, уйдагиларнинг олдида ҳам ўзини ҳеч нарса бўлмагандай кўрсатиб, мен билан гаплашиб кетаверар, бироқ ўша-ўша – ётоқ жойи ҳамон меникидан бўлакча эди. Ҳалича муносабатларимизнинг бунақа эканлигидан биров хабар топмаган бўлишига қарамай, мен буни оиламиздагилар пайқаб қолса нотўғри тушунишлари мумкинлигини ўйлаб, виждон азобида қийнала бошладим...

               Ҳа, дарҳақиқат ҳаммаси бундай давом этиши мумкин эмасди. Эрим бўлак ётиб юрганларининг тўққизинчи-ўнинчи кунларимиди, унча эсимда йўқ, бир куни тунда уятни ҳам йиғиштириб қўйдим-да, унинг ухлаб ётган жойига бориб, аста туртдим.

               −Тура қолинг, куёв йигит, − дедим ўзим йиғлаб юборгудай бўлиб турган бўлишимга қарамай, эримга ҳазил қилиб. – Энди сизнинг ўз ётоғингиз... хотинингиз бор ахир...

               Эрим... Эрим менга қараганда... Юзида худди келинлик либослари дўконидаги каби ёқимсиз бир табассум бор эди. У тиржайиб туриб, менга шунақанги... шунақанги бир жирканч савол берди-ки, ҳозир сизга бу гапни айтишга асло юзим чидамайди. Уят ва номус, нафрат ва надомат билан ётоққа қайтиб бориб, хўнграб йиғлаб юбордим. Ўзимни, беномус эримни ва... ва қаро тақдиримни қарғаб, то тонггача тинмай йиғлаб чиқдим.

               Сўнгра тонг эндигина ёришаётган пайти, яъни ўзим ҳар куни туриб ҳовлиларни супурадиган вақтим ҳеч кимга айтмасдан кўчага чиқдиму, уйимизга кетиб қолдим.

               Оиламиздагилар қайтиб келганимдан ниҳоятда жаҳллари чиққан бўлса ҳам, менинг уйга киришимга изн беришди. Лекин нима гап бўлганини сўраб, куёв олдимга кирмаётганини эшитган онам ва синглим нечукдир буни табиийроқ бир ҳолдай қабул қилар, шугина гапга ҳам аразлаб келиб юрдингми, деб бор айбни устимга ағдаришар эди. Уларга қолган айрим гапларни айтишга эса, мен номус қилардим...

               Ўша аразлаб келган кунимоқ, кечга яқин қайнонам эшик қоқиб келди. Онам у кишини уйга таклиф қилиб, олдига нон-чой қўйгач, мени ҳам ёнларига чақирди. У кишининг олдиларига келиб айбдорона бош эгиб ўтирарканман:

               −Нега кетиб қолдингиз, ойқизим? – дея сўради қайнонм мендан. – Менга айтингчи, биздан... Ё ўғлимдан бирор айб ўтдими? Гап талашиб, аразлашиб қолдингларми?

               Мендан сас-садо чиқавермагандай кейин, онам минг хижолатда, кўзларини дастурхон учидан узмасдан гап бошлади:

               −Қудажон, билмасам... Ўша кўйлак масаласидаги можаро сабабми... Қандай тушунишни ҳам билмас экансиз... Куёвим келинингизнинг олидига кирмас эмиш...

               Қайнонам онамнинг гапидан ажабланиш ўрнига бош силкиб, аста қимирлаб қўйганда, менга кўп гаплар ойдинлашгандай бўлди.

               −Буни пайқаб юрибман, қуда... – деди у киши. – Ҳасад қурсин! Ичқора одамларнинг кўзгиналари тешилсин! Ўзим ҳам, кимдир бирор ёмон ирим қилдими, деб шубҳаланиб юрибман. Майли, бугун шу ерда ётиб қолсаям, илтимос, эртага эрта билан келиним ўз уйига қайтиб борсин. Иккаловини яхши азайимхонга ўқитиб кўрайлик-чи...

               Хуллас, эртаси куни эрталаб онам ўзи етаклаб бориб мени келинлик уйимга қўйиб келди. Сўнг қайнонам чиндан ҳам бизни шаҳар четидаги бир азайимхонга олиб бориб, ўқитиб келдилар. Азайимхоннинг дуолари кучи сабабиданми, билолмадим, ё онасининг дашномлари кучиданми, ёки... аллақандай таблеткалар таъсириданми, ишқилиб... шу кундан эътиборан эрим билан қовушдик. Бироқ мен учун энди ҳар бир тун катта руҳий изтироблар билан кечар, онамнинг насиҳатларига қанчалик амал қилишга уринмай, аллақачонлар кўнглим қолиб, менда тубан бир инсон сифатида таассурот қолдирган эрим билан бир тўшакда ётиш, мисли йўқ азоб эди, мисли йўқ азоб...

               Бир куни тунда ухлаб ётганимда юзимга кучли ёруғлик тушганини пайқадиму, мен сесканиб кетдим. Билсам, эрим мени телефон орқали суратга тушираётган экан.

               −Бу нима қилганингиз! – дедим шошиб очиқ-сочиқ жойларимни беркитар эканман.

               Эрим кулди:

               −Нима қилибди, ўзимнинг хотиним бўлсанг...

               −Лекин шунинг нима кераги бор! – бўш келмадим мен ҳам. – Телефонда бировнинг кўзи тушиб қолса нима бўлади!

               У куни эрим одатдагидай ғудранганча аразлаб хонадан чиқиб кетар экан, ҳали-ҳалигача унинг қўлидан телефонни тортиб олиб, ўша суратларни ўчириб ташламаганимдан афсусланаман.

               Энг дахшатли воқеа эса, бундан уч-тўрт кун ўтгач рўй берди. Мен ошхонада нарса тўғраб ўтирар эканман, телефоним жиринглаб қолди. Қарасам, синглим.

               −Нима қилиб қўйдингиз опа!!! – деб хўнграб йиғлаб юборди у телефонга жавоб беришим билан. – Ҳаммамизни ер қилдингиз-ку! Ер билан битта қилдингиз! Отам эшитса нима бўлади!..

               −Нималар деяпсан ўзи?.. Нега унақа дейсан?.. – мен ҳеч нарсани тушуна олмасдим.

               −Интирнетингизни ёқинг! – деди у ўпкасини босолмай.

               Интирнетни ёқиб, қараганимда эса... Менинг аламдан кўзларим тиниб кетди...

               Шу ҳолатда қанча турганимни билмайман. Бир маҳал қарасам, эрим ёнимга келиб юзимдан ушлаб кўраётган экан.

               −Нимага бундай қилдингиз?! Нимага?!! Ким учун туширган эдингиз ўша расмларни?!! – айтдим унга важоҳат билан.

               Бир лаҳза бўзрайиб қолган эрим, афтидан нима ҳақида гапираётганимни англади. Юлак томонга олазарак қараб оларкан, шошиб оғзимни беркитмоқчи бўлди.

               −Ўчир! Биров билмасин! Майли, уйдан кетсанг кет, лекин овозингни чиқара кўрма! – деди кўзлари ола-кула бўлиб. Менинг эсим оғиб қолганга ўхшарди.

               −Нима-а?! Уйдан кетайми?! Эндими?! Беномус бўлибми?!!! – дея унга саволларни қалаштира бошладим. Сўнг... Сўнг “Хезалак!!!” дедим-у, жон аччиғида қўлимга илинган ош пичоқни унга қандай санчганимни, неча марта санчганимни ўзим билмай қолдим...»

               ...Бемор мақоланинг давомини ўқий олмади. У ўз-ўзидан мисли безгак тутгандай титраб-қақшар экан, кимдир пичоқ билан буғзидан сўяяётгандай хириллаб зўрға нафас олар, чап кўксидан нимадир сувга ботган нондай шишиб-катталашиб ичига сиғмай бораётганини ҳис қиларди. Ниҳоят хонага қайтиб кирган ҳамшира югуриб тепасига келганда, у шивирлабгина “Бари бўхтон!.. Рисолат... Рисолатнинг гаплари... Ишонинглар, унақа бўлмаган...” – дея олди холос. Кейин аянчли норозилик акс этган кўзларини катта-катта очганча, қимирламай қолди...

   Байрам АЛИ




Report Page