...

...

AGROBLOGER

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани Мирзо Улуғбек сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги “AGRO EXPORT BARAKA” масъулияти чекланган жамияти иш бошлаганига унча кўп вақт бўлмади.

Гулистонлик тадбиркорлар Андрей Рюхин ва Олег Свистунов Мирзаобод туман ҳудудидаги бўз ва қуруқ ердан 10 гектар ер олиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан бодринг ва помидор маҳсулотларини гидропоника усулида етиштириб, ички ва ташқи бозорга чиқариш, қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖдан олинган 3,5 миллион АҚШ долларлик кредит, ўзларининг 1,5 миллион долларлик сармоялари ҳисобига Корея технологияси асосида 7 гектар ер майдонда иссиқхона барпо этди.

Иссиқхона учун зарур бўлган жиҳозлар Кореядан, гидропоника усулида экиладиган кокос пўчоғи эса Туркиядан келтирилди. Қурилиш ишлари якунига етгач, у ерга Бьерн навли, яъни халқ тилида айтганда чўтир бодринг экилди.

– Бу осонликча бўлгани йўқ, – дейди “AGRO EXPORT BARAKA” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Олег Свистунов. – Ушбу технология асосида иш бошлаб, етиштирган маҳсулотини ички ва ташқи бозорга чиқараётган тажрибали тадбиркорлардан, қолаверса, Россия, Белорусь ҳамда қозоғистонлик ҳамкорларимиздан маслаҳат олдик. Натижа ёмон эмас. Гидропоника усулидаги иссиқхонани қуриб, унга бозорбоп Бьерн(чўтир) навли бодринг уруғларини экдик. Ниҳоллар ҳам баравж ўсиб, кутилганидан юқори ҳосил бера бошлади.

Айни вақтда “AGRO EXPORT BARAKA” масъулияти чекланган жамиятида мирзаободлик ва боёвутлик 120 киши ишламоқда. Иш ҳақи 1 миллион 800 мингдан 3 миллион сўмгача. Бундан ташқари, улар қилган меҳнатига қараб рағбатлантириб борилади. Иссиқ овқат эса бепул. Барча харажат “AGRO EXPORT BARAKA” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан қопланмоқда.

– Кўпдан буён ишсизман, – дейди мирзаободлик Диёра Тўрабекова. – Иш бўлса ҳам ҳам уйдан анча узоқ эди. Қатнаш ва бориб келиш учун имконим йўқ. Иссиқхона қурилгач, мен сингари ишсиз қўни-қўшниларим ҳам ишли бўлди. Ишимиз ҳам, даромадимиз ҳам ёмон эмас. Меҳнатимизга яраша ҳақ олаяпмиз. Бодринг теришдан ташқари ҳамма нарса автоматлаштирилган.

Мазкур масъулияти чекланган жамияти жамоаси яқинда илк маҳсулотини узишни бошлади. Дастлабки маҳсулотлар Россия Федерациясига етказиб берилмоқда.

– 1 квадрат метр жойда экилган бодрингдан 250 килограмм, 1 гектар ердан 250 тонна атрофида бодринг олишни режалаштирганмиз, – дейди Андрей Рюхин. – Режадаги ишларимиз амалга ошиб, ҳосилдорлик ҳам кутилганидан кўп бўлгач, ташқи бозорга чиқарилган ва сотилган бодринг ҳисобига гидропоника ҳисобида қурилган иссиқхонамизни яна бир неча гектарга кенгайтирамиз. Иш ўрни, иш ҳақи ва даромад ҳам ошади.


Шуҳрат Суяров,

Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page