...

...

@AGROBLOGER

Мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгорнинг аҳамияти катта. Сифатли ўтказилган кузги шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади. Ерларни сифатли ва юқори унум билан шудгорлашга эришиш учун трактор, плуглар олдиндан ишга шай ҳолга келтирилиши ва созланиши, далалар эса ҳайдовга тайёрланган бўлиши, ҳайдов тўғри ташкил этилиши ҳамда унинг сифати доимий назорат остида бўлиши лозим.


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бу йил мамлакатимизда 1 миллион 43 минг гектар ерда кузги шудгорлаш режалаштирилган бўлиб, бу ишни амалга ошириш учун 5 минг 530 та ҳайдов трактори шай қилиб қўйилди. Ерларни ҳайдовга тайёрлашда далалар ғўзапоя ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан тозаланиб, ўтлар босган жойларга гербицидлар сепилади ва белгиланган миқдордаги маҳаллий ва минерал ўғитлардан фойдаланилади.


Далаларни кўп йиллик бегона ўтлардан тозалаш, ерларни сифатли ва кам харажат сарфлаб ҳайдаш учун тупроқнинг намлиги 16-18 фоиз атрофида бўлиши зарур. Бунинг учун тупроқ яхши майдаланади, иш органларига ёпишмайди, ёнилғи сарфи камайиб, агрегатнинг иш унуми ортади.


Кўп йиллик тажрибанинг кўрсатишича, икки ярусли плуглар билан шудгор қилинган далаларда бегона ўтларнинг униб чиқиши 2-3 баравар камаяди, пахта ҳосилдорлиги гектарига 2-3 центнерга ошади. Кам унум, қум ва шағал қатлами мавжуд ерларда эса ҳайдов чуқурлиги шундай танланиши керакки, токи бунда қум билан шағал ер бетига ағдарилиб чиқмайдиган бўлиши лозим. Плугнинг иш сифатини белгиловчи агротехник талаблар орасида ҳайдаш чуқурлиги ва унинг бир текисда бўлиши ҳамда бегона ўтлар, уларнинг уруғи ва илдизларини кўмилиш чуқурлиги муҳим ҳисобланади.


Қайд этиш керак, ерларни узоқ йиллар мобайнида бир хил чуқурликда ҳайдаш, тракторлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик машиналари ғилдираклари остида топталиши тупроқнинг ҳайдов ости қатлами зичланиб кетишига олиб келади. Бу эса ўсимликлар ҳаво ва озуқа режимининг бузилиши ҳамда ҳосилнинг камайишига сабаб бўлади. Шунинг учун барча далалар 2-3 йилда бир марта 50-55 см чуқурликка юмшатилиши лозим.


Ҳайдов агрегатларининг тўхтовсиз, юқори унум билан ишлашини таъминлаш учун плугларнинг тез ишдан чиқадиган қисмлари, тракторнинг мотор ва гидравлика мойлари ҳамда ёнилғи захираси олдиндан яратилиши, ҳайдов агрегатларига техник хизмат кўрсатиш, уларга ёнилғи қуйиш даланинг ўзида ташкил этилиши, механизаторлар ва таъмирловчи чилангарларга етарли маиший шароитлар барпо этилиши, уларнинг меҳнати доимий равишда рағбатлантириб борилиши зарур.

uza.uz

@AGROBLOGER

Report Page