...

...

@AGROBLOGER

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь куни чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Видеоселекторда озиқ-овқат хавфсизлигидан ташқари ипакчилик саноатини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

«Пиллачилик жуда қисқа муддатда – 30-35 кунда экспортбоп маҳсулот олса бўладиган тармоқ. Дунёда 20дан ортиқ пилла етиштирувчи мамлакат бўлса, Ўзбекистон Хитой ва Ҳиндистондан кейинги ўринда туради. Лекин юртимизнинг жаҳон бозоридаги улуши – атиги 2,5 фоиз.

Сўнгги икки йилдаги саъй-ҳаракатлар натижасида, хусусан, йилига тўрт марта ипак қурти боқиш ҳисобига пилла ҳосили 19 минг тоннага етказилди.

Йиғилишда бу тармоқдаги бозор конъюнктураси таҳлил қилинар экан, мамлакатимизда катта имкониятлар борлиги таъкидланди. Бундан самарали фойдаланилса, яқин йилларда йиллик экспорт ҳажмини камида 500 миллион долларга етказиш мумкин.

Айни пайтда, тармоқда қатор муаммолар бор. Жумладан, тутзорларнинг 6 минг гектари яроқсиз аҳволда. Яна 37 минг гектарда ҳосилдорлик 30 фоизга ҳам етмайди. Юқори озуқавий навлар тутзорлар ва якка қатор тутларнинг бор-йўғи 5-6 фоизини ташкил этади. Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ўз вақтида сифатли амалга оширилмаётгани боис озуқа базаси йўқотилмоқда.

Ипак қурти уруғининг 80 фоизи импорт қилинган. Юртимизда супер-элита ипак уруғи яратадиган ягона муассаса – Ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг моддий-техника базаси эскирган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шулардан келиб чиқиб, 2022 йил якунига қадар 20 минг гектар янги тутзорлар барпо этиш ҳамда 10 минг гектар эскирган тутзорларни янгилаш режалаштирилган.

Бунинг учун мавжуд тутзорлар оилавий пудрат асосида аҳолига 1 гектардан 3 гектаргача бўлиб берилади. Пиллачилик кластерлари томонидан тутзорларни янгилаш учун тут кўчатлари ва мавсумда ипак қурти уруғи тарқатилади. Пилладан олинадиган даромад билан бир қаторда, тутзорлар орасига экиладиган қўшимча экинлар ҳам тўлиғича аҳоли ихтиёрида қолади. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси, вилоят ҳокимлари ва тегишли идоралар раҳбарларига тутзорлар ташкил этиш учун ер ажратиш, эскиларини янгилаш, сув тежовчи технологияларни қўллаш бўйича топшириқлар берилди. Келгуси йили пилла етиштириш ҳажмини 21 минг тоннага, 2025 йилгача эса 30 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди. 

Супер-элита ва элита уруғларини тўлиқ юртимизда тайёрлаш, бунинг учун уруғчилик станцияларини қўллаб-қувватлаш, тутларни кимёвий ва биологик усулларда ҳимоялаш, жойларда янги иш ўринлари яратиш бўйича ҳам топшириқлар берилди. 

Яна бир масала – юртимизда пилла ва ипакни экпертизадан ўтказиш ва сифатини аниқлаш бўйича лабораториялар йўқ. Ҳозирда бунинг учун маҳсулот хорижга жўнатилаётгани боис корхоналар қўшимча харажат қиляпти. Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси қошида замонавий лаборатория ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарлар ва ҳокимларнинг ҳисобот ва таклифлари эшитилди.

kun.uz

@AGROBLOGER

Report Page