...

...

AGROBLOGER

Тўқсонбости эрта кўклам, иликузди кезларида аҳоли дастурхонини сабзавот ва сервитамин кўкатлар билан тўлдириш, пировард натижада бозорларда нарх-наво барқарорлигининг омили.Шунингдек, Республикамиз Президентининг жорий йил 15 октябрдаги “Саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида саримсоқпиёз етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтиришнинг ўта мақбул манбаи сифатида ҳам тавсия этилган.

Шу асосда Навоий вилоятида ҳам 2021 йил ҳосили учун жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида «тўқсонбости» усулида жами 2127 гектар майдонга пиёз, саримсоқпиёз, кўкатлар экилиши режалаштирилган. Октябрь ойига қадар режада бўлган 286 гектар ўринга 288 гектар ерга пиёз ва саримсоқпиёз экилди. Уларнинг 61 гектари очиқ майдонга тўғри келса, қолганини боғ қатор ораларига экилган экинлар ташкил этади.

Айни кунларда ноябрь-декабрь ойлари учун белгиланган тўқсонбости усулида экиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

 Республика Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 19 сентябрдаги “2021 йил ҳосили учун 2020 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида «тўқсонбости» усулида экспортбоп сабзавот экинларини экиш, талаб этиладиган моддий-ресурсларини етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёнида Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан экинларни ўз вақтида кечиктирмай экиш, бу борада сусткашликка йўл қўйилмаслиги учун назорат тадбирлари билан бирга амалий кўмак бериш вазифалари ҳам юклатилган,  дейди «Ўзагроинспекция» Навоий вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Шу асосда вилоятда тўқсонбости экинлари учун зарур бўлган 30 тонна пиёз, 0,1 тонна сабзи, 0,4 тоннаси кўкат уруғлиги тайёрланди. Шунингдек, уларни экиш ва ерга ишлов бериш билан боғлиқ агротехник тадбирларни кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида техникалар учун 1,6 миллион сўмлик 223 тонна ёқилғи-мойлаш материаллари, 4,2 миллион сўмлик 0,6 тонна азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар захираси зарурлиги ҳисобга олиниб, улар пешма-пеш етказиб берилмоқда.

— Ноябрь-декабрь ойларида вилоят бўйича жами 1841 гектар майдонга тўқсонбости усулида экин экиш режага киритилган, — дейди «Ўзагроинспекция» вилоят бошқармаси катта инспектори Аббос Ризоқулов. – Бошқарма ва туман бўлимлари ходимлари томонидан ерларни экишга тайёрланиши бўйича назорат олиб бориляпти. Ҳудудларда фермерлар билан учрашиб, экин экилиш вақти кечиктирмаслиги тўғрисида огоҳлантириляпти. Ҳозирга қадар вилоят бўйича 584 гектар ер экишга тайёрланди. Шундан 376 гектарига пиёз ва бир гектарига турли кўкатлар уруғи экилди. Экилган ернинг 29 гектари очиқ майдонга, 348 гектари боғ-ток қатор орасига тўғри келади. Экинларни униши, парвариши, ҳосилдорликка эришиш тадбирлари бўйича ҳам фермерларга тавсиялар берилмоқда.

Вилоятнинг деҳқончилик учун қулай ҳудудларидан бири саналган Хатирчи туманида ноябрь-декабрь ойида 376 фермернинг 503 гектар майдонга тўқсонбости усулида экин экиш режалаштирилган.

— Фермер хўжалигимиз еридан унумли фойдаланиб келамиз, - дейди тумандаги «Тўхта бобо» фермер хўжалиги раиси Бегзод Тўхтаев. – Сентябрь-октябрь ойида 70 сотих очиқ майдонга пиёз, 10 сотих боғ-ток қатор орасига саримсоқпиёз эккандик. 35 тоннадан ортиқ пиёз ҳосили олишни мўлжаллаб турибмиз.

— Тўқсонбости мўмай пул, — дейди туманнинг «Оқ олтин» массивида жойлашган «Ҳожи бобо» фермер хўжалигининг раҳбари Абдуғани Алиев. – Хўжалигимизнинг умумий майдони 70 гектар бўлса, 50 гектарини пахта, ғалла майдони, яна 5 гектарини лалми ер ва 15 гектарини боғ ташкил этади.  Жорий йил олма, ўрик, ёнғоқзордан иборат боғ қатор ораларига пиёз, саримсоқпиёз экдик. Кўкламдаёқ пулини олдик. Қўлингда нақд пулинг бўлса, пахтаям, ғаллаям баравж бўларкан.

Бу йил эса яна 30 сотих майдонга қулупнай экяпмиз. Бундан ташқари, 1 гектар ерга уруғлик пиёз экишни мўлжаллаб турибмиз. Октябрда яна 1 гектар боғ орасига седана уруғидан қададик. Бу жуда фойдали, доривор ўсимлик ҳисобланади. Келаси йил баҳорда етиштирилган маҳсулотларимизни бозорга олиб чиқамиз. Харидорини топиб, экспорт ҳам қиламиз.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, вилоят фермер хўжаликларида тўқсонбости усулида экспортбоп сабзавот экинларини экиш ҳисобига жами 48 минг 526 тонна миқдорида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилиб, шундан 4 минг 513 тоннаси экспортга ва 44 минг 13 тоннаси ички бозорларга етказиш режалаштирилмоқда.

Тўқсонбости фермер ва деҳқонга кутилмаган даромад келтириши билан бирга бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини таъминловчи муҳим манба сифатида аҳоли розилиги ва эртанги кунга ишончининг мустаҳкам омили ҳамдир. Шу боис «Ўзагроинспекция» Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари кузги қишки экишни кечиктирмаслик, сифатли ташкил этиш бўйича назорат тадбирларини олиб боришиб, бу борада деҳқонлар рўбарў келаётган муаммоларни жойида ҳал қилишмоқда.


@AGROBLOGER канали

Темур ЭШБОЕВ

uza.uz

Report Page