...

...

AGROBLOGER

Туркиянинг “ZETARSU MUHANDISLIK A. S.” компанияси раҳбари Юнус Эмре Североглу Бухорода пахта етиштириб, унинг ҳар гектаридан камида 60 центнердан ҳосил олмоқчи. У ҳамда компания менежери Камуран Амасялу вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов қабулида бўлиб, шу масалага дахлдор лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг билдиришича, хорижлик тадбиркор дастлабки босқичда 50 гектар ерда тажриба-синов тариқасида пахта етиштирмоқчи. Бунинг учун уруғлик Туркиядан келтирилади. Мақсад ҳосилдорликнинг маҳаллий навга нисбатан 2-3 баравар юқори бўлишига ишонч ҳосил қилмоқдир. Сармоядорнинг таъкидлашича, юртимизда етиштирилаётган бир чаноқ момиқнинг вазни 4 грамм тош босади. Туркияда эса бу кўрсатгич 7 граммгача етади.Агар Бухорода бир гектар майдондан 30 центнердан пахта етиштирилса, Туркияда бу кўрсатгич 60 центнерни ташкил этмоқда. Боз устига сармоядор пахтани инновацион усулда етиштириб, уруғчиликни ривожлантирмоқчи.

Меҳмонлар вилоят раҳбарига Бухорода замонавий ландшафт усулларини қўллаган ҳолда кўркам хиёбонлар, бетакрор фавворалар барпо этиш таклифини ҳам ўртага ташлашди. Ёзи ўта иссиқ келадиган воҳада бундай гўшалар жуда ҳам керак. Шу нуқтаи назардан, фикримизча, бу таклиф жозибадордир.

Вилоят раҳбарияти инвесторнинг бу таклифлари қўллаб-қувватланишини билдирди.

Маълумот тариқасида айтиш лозимки, “ZETARSU MUHANDISLIK A. S.” компанияси қишлоқ хўжалигининг турли йўналишлари ва шаҳарларда салқин гўшалар барпо этиш билан шуғулланади. Унинг Европа ва океанортида филиаллари бор.


@AGROBLOGER канали

Истам ИБРОҲИМОВ

xs.uz


Report Page