...

...

@AGROBLOGER

Ўзбекистондан Қирғизистонга 2019 йилда экспорт қилинаётган мева-сабзавот миқдори бўйича икки мамлакат статистика идоралари маълумотлари кескин фарқ қилмоқда. Бунга East Fruit нашри эътибор қаратди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2019 йилнинг тўққиз ойи давомида 959,3 миллион долларлик 1,031 миллион тонна мева-сабзавот экспорт қилинган. Бунда ўсиш 2018 йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 116.6 ва 146,4 фоизни ташкил қилган. Шундан 286,3 миллион долларлик мева-сабзавот Қирғизистонга экспорт қилинган бўлиб, бу мева-сабзавот умумий экспортнинг 30 фоизини ташкил этган.

East Fruit нашри мазкур кўрсаткичга эътибор қаратди ва уни Қирғизистон Давлат статистика қўмитасининг 2019 йил январь—август ойлари бўйича ҳисоботи маълумотлари билан таққослади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси томонидан 2019 йил январь—август ойларида Қирғизистонга 267,5 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилингани ҳақида маълумот берилган. Бироқ Қирғизистон статистика идорасининг маълумотларига кўра, мазкур давр мобайнида Ўзбекистондан 19,9 миллион долларлик мева ва ёнғоқ, 6,2 миллион долларлик сабзавот, умумий ҳисобда 26,1 миллион долларлик мева-сабзавот импорт қилинган. Икки мамлакат статистика идоралари маълумотларидаги суммалар фарқи 10 баробарни ташкил қилмоқда. Шу тариқа, Ўзбекистондан Қирғизистонга экспорт қилинаётган мева-сабзавотнинг қолган қисми қаерга кетаётгани сўроқ остида қолмоқда.

Ўзбекистон статистика идорасининг ҳисоботига кўра, Қирғизистон мазкур кўрсаткич билан биринчи марта Ўзбекстондан энг кўп мева-сабзавот импорт қилувчи давлатга айланган.

Сўнгги беш йилда Ўзбекстондан мева-сабзавот импорт қилишда етакчилик қилган Қозоғистон 222,5 миллион доллар билан иккинчи ўринга тушган. Унинг улуши 23,2 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистон мева-сабзавотининг Россияга етказиб берилиши учун яратилган «яшил йўлак»ка қарамасдан, мазкур давлатнинг Ўзбекистон мева-сабзавоти экспортидаги улуши пасайишда давом этмоқда.

daryo.uz

@AGROBLOGER

Report Page