...

...

@AGROBLOGER

Тошкентда куз мавсумида 55 000дан ортиқ манзарали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлигида ташкиллаштирилган “Яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтларнинг ноқонуний кесилишини олдини олиш мақсадида кўрилаётган чора тадбирлар”га бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг 40 фоиздан ортиқ ҳудуди яшилликка бурканган. Аммо транспорт воситаларидан атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар мавжудлиги, қурилиш ва бошқа омиллар сабаб экологик барқарорликни таъминлаш учун муҳим чораларни кўриш зарур. Бу масалада таклиф этилган ечимлардан бири кўкаламзор ҳудудларни янада кўпайтиришдир.

Брифингда қайд этилишича, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига 2019 йил 31 октябрга қадар давлат хизматлари марказлари томонидан 31 810 дона дарахтни кесиш бўйича 2118 та мурожаат келиб тушган. Аризаларнинг 527 тасида 5209 дона дарахт қуриганлиги сабабли, 399 тасида 4955 дона дарахтни тўлов эвазига, шунингдек, 3489 дона баҳор ойида экилган янги ниҳоллар қуриб қолганлиги сабаб кесилиши сўралган. Мазкур мурожаатлар ўрганилиб, дарахтларни кесиш бўйича 4955 та ижобий хулосалар берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарорига кўра, ҳар бир кесилган дарахт учун 10 туп дарахт экиш мажбурияти белгиланган. Шунга кўра, ушбу куз мавсумининг ўзида 55 000дан ортиқ манзарали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. 

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, бу ишга кўнгилли равишда ёрдам бериш ҳамда ҳомийлик асосида 100 минг туп дарахт кўчатларини олиб беришга тайёр ишбилармонлар ҳам бор. Туманларда эса уларни экиш учун алоҳида майдонлар ажратилган.

Брифингда дарахтларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш масаласи алоҳида муҳокама этилди. Бу борада қонунчиликда белгиланган меъёрлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан телеграмда “EcoControl-bot” ишга тушилгани ҳақида айтиб ўтилди ва у ҳозирда янада такомиллаштирилаётганлиги таъкидланди.


Report Page