...

...

AGROBLOGER

Мева дарахтлари куз-қишда, қиш-баҳорда, новда ҳамда шохларнинг учки қисмларига озиқ моддалар бормасдан ва ёз даврларида буталади. Буташ дастлабки икки муддатда дарахтнинг тиним даврида барг чиқармаган вақтда, шира харакати бошланмасдан ўтказилади. Агар баҳорги буташ кечки муддатларда ўтказилса, новдаларни қисқартириш билан дарахтни озиқ моддалардан қисман маҳрум қиламиз.

Ёзги буташ икки типда бўлади: тиним даврларида ўтказиладиган буташга ўхшаш одатдаги буташ ва янги новдаларнинг учларини чилпиб ташлаш, яъни пинцировка қилиш.

Ҳозирги вақтда бизнинг мамлакатимизда ва чет элларда дарахтни буташ қабул қилинган. Бунда мева дарахтлари ёзда буталгандагига қараганда камроқ шикастланади. Бундан ташқари, дарахтнинг баргсиз ҳолатида буташнинг характерини аниқлаш ва уни ўтказиш осон бўлади, бутовчилар ҳам бу даврда бошқа ишлар билан унча банд бўлмайди.

Буташ муддатлари ёш дарахтлар учун айниқса катта аҳамиятга эга. Бунда уларда қолдириладиган новдалар олиб ташланадиганларига нисбатан кам бўлади.

Кўпгина мева дарахтлари бутун тиним даври давомида буталади: хазонрезгиликдан бошлаб қиш бўйи давом эттирилади, совуқ 10 градусдан ошмаса, ўсув даври бошланишигача тугалланади. Кузги-қишки буташ даврида қаттиқ шикастланмаслиги (яраланмаслиги) керак, чунки бу дарахтнинг совуқка чидамлилигини пасайтиради. Шикастланган ерлар вегетация фазаларида тезроқ битади, шунинг учун йўғон бутоқлар баҳорга яқин буталади. Бу кўп кесишни ва қисқартиришни талаб қиладиган дарахтларга ҳам тааллуқли бўлади.

Мева дарахтларининг кўпинча қишда музламайдиган турлари ва навлари, яхшиси баҳорга яқин кесилиши керак. Бу биринчи навбатда шафтоли, гилос, ёнғоққа, олмалардан Ренет Симиренко нав олмага таалуқлидир. Дарахтларни ёшартириш эрта баҳорда ўтказилса жуда яхши бўлади. Боғларда буташ ишлари данакли турлардан ва мева берадиган уруғли дарахтлардан бошланади, чунки улар кузги ўсишни эрта тугаллайди. Ёш дарахтлар кечроқ, мумкин қадар баҳорга яқин қаттиқ совуқлар давридан кейин буталгани маъқул.

Новдаларни чилпиш май-июнь ойларида ўтказилади. Шу муносабат билан шохлаши кучаяди, ёруғ тушиш шароити яхшиланади, шох-шаббадаги ҳаво режими ва бинобарин, фотосинтез ҳам ўсимликнинг дарахтдаги қолган қисмларининг ўсиши ҳам яхшиланади. Ёзда чилпиш орқали дарахтга кераксиз бўлган ва қишда кесиб ташланадиган новдаларнинг ўсиши яхшиланади. Бундай озиқ моддалар ортиқча сарфланмайди, аксинча, дарахтда тўпланади, уларни кўтариб турган асосий шохларни ўсиши ва йўғонлашиши учун сарф қилади.


@AGROBLOGER канали

А. Мерганов. "Мевачилик".

dehqon.uz

Report Page