...

...

AGROBLOGER

Сир эмаски, жорий йил баҳор ойида юртимизга кириб келган пандемия туфайли одамлар бирданига бозорларга тушиб, озиқ-овқат маҳсулотларини захира қилишни бошлади. Ана шу пайтда четдан кириб келадиган, ёки бошқа вилоятларда етиштирилиб етказиладиган картошканинг нархи айрим ҳудудларда ошиб кетиш ҳолатлари ҳам учради.

Олдинлари Қорақалпоғистон Республикасининг бозорларида сотиладиган картошканинг асосий қисми четдан ва бошқа вилоятлардан олиб келинган. Маҳаллий аҳоли томонидан етиштирилган картошка бозорларни таъминлаш имкони бўлмаган.

Жорий йилда ички бозорда картошкага бўлган талаб ва эҳтиёжларни инобатга олиб, Оролбўйидаги фермер хўжаликлари далаларида ҳам картошка етиштиришга алоҳида аҳамият қаратилди.

Масалан, Қонликўл туманидаги «Қонликўл агротаъминот» фермер хўжалиги томонидан 7,7 гектар майдонга картошка экилган бўлса, «Қонликўл картошка» фермер хўжалигининг 12 гектар дала майдонларида картошка етиштирилмоқда. Ушбу майдонлардан жами 265 тонна картошка ҳосилини олиш режалаштирилган.

Айни кунларда мазкур фермер хўжаликларида картошка маҳсулотларини йиғиб-териб олиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Агарда ушбу фермер хўжаликлари даласидан кутилганидек ҳосил йиғиб олинса, туман аҳолисининг куз-қиш мавсумида картошкага бўлган эҳтиёжининг 41,9 фоизини қоплаш имкони яратилади. Демак, мавсумда талаб қилинадиган картошканинг салкам ярми туманда етиштирилар экан, бозорларда картошка нархи барқарор бўлишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Туман аҳолиси эҳтиёжи учун талаб қилинадиган 387 тонна картошка бошқа вилоят ва туманларидан олиб келиниши ҳисобига қишки озиқ-овқат захирасини шакллантириш белгиланган.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумот беришича, ҳудудда 11 та тайёрлаш ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасалари томонидан жами 1 минг 680 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамлаш ишлари олиб борилмоқда. Туман аҳолисининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида туман ҳокимлиги қошида «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш» жамғармаси ташкил қилинмоқда.

Эътиборлиси, бутун дунёда энг долзарб вазифалардан бири бўлиб турган озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш борасида Қорақалпоғистон Республикасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Оролбўйидаги туманларда картошка етиштирилаётгани ҳам мазкур фикримизга ёрқин мисолдир.


@AGROBLOGER канали

Ғ.Отажонов

xs.uz

Report Page