...

...

AGROBLOGER

Варганза. Бугун бу номни, унинг донғини таратган мевасини эшитмаган инсон бўлмаса керак мамлакатимизда. Айтиш мумкинки, анор варганзанинг чин маънодаги рамзи ҳисобланади. Бунинг сири ҳам оддий.

– Варганзанинг анори бошқа жойлардагидан ҳар жиҳатдан фарқ қилади. Анорлар булоқдан сув ичади, – дейди “Варганза” МФЙ раиси Зиёдулла Мирзаев. 

– Қолаверса, ҳудудидимиз ҳавоси тоза ва мусаффо. Германиялик олимлар айнан варганза анорининг устида тадқиқот олиб борганлиги тўғрисида маълумотларимиз бор ва анор каронавирусга чалинишнинг олдини олади.

Зиёдулла Мирзаев билан суҳбатлашиб ҳудуддаги Равшан Боқиев фермер хўжалигига йўл олдик. Далада йиғим авжида бўлгани боис фермерни ҳам айни иш устида учратдик.

– Бундан 4-5 йил аввал 2 гектар жойда анорзор ташкил қилгандик, – дейди Равшан Боқиев. – Биз томонларда асосий даромад манбаи албатта анордан. Ҳозирда боғимиз энди ҳосил бера бошлади. Кейинги йилларда боғдан албатта 20-25 тонна ҳосил олсак бўлади.

Китоб туманининг Зарафшон тоғ тизмалари этагида жойлашган Варганза маҳалласи аҳолиси анорчилик борасида ўзига хос мактаб яратган, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Қишлоқ аҳолиси асосан анор етиштириш билан шуғулланади. Соҳибкорлар ота-боболаридан мерос касбни асраб-авайлаб, тажрибаларини бойитиб, мевалар тождори – анорни эл дастурхонига етказиб бермоқда.

– Мамлакатимизда асосан учта анорчилик хўжалиги бор, – дейди сўзида давом этаркан маҳалла раиси. – Қашқадарёда Варганза, Сурхондарёда Даштобод, Фарғонада Қува. Ҳозирда варганзалик фермер деҳқон хўжаликларида 350 гектар анорзор мавжуд. 700 гектар аҳоли томорқаларида анор етиштириб келинмоқда. Ҳудудимиздан йилига 5000 тоннадан зиёд анор ҳосили олинади. Ҳосилнинг 40-50 фоизи экспортга йўналтирилади. 

Қолгани ички бозорларимизга. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, қолаверса, янги ерларни ўзлаштириб анорзорлар ташкил этиш мақсадида ҳукумат қарори қабул қилиниб “Оқбой” насос станцияси қурилиши режалаштирилган. Режа амалга оширилса 3650 метр баландликка сув чиқарилиб 500 гектар янги ерлар очилади ва ҳар бир хонадонга 25 сотихдан ер ажратилиши кўзда тутилган.














Зиёдулла Мирзаевнинг таклифи билан Шатри қишлоғидаги анорчиликда катта тажрибага эга бўлган хонадонга ташриф буюрдик. Хонадон бекаси 70 ёшни қаршилаган Фароғат момо Раҳимова самимийлик билан ичкарига таклиф қиларкан, уларни айни йиғим мавсуми бўлгани боис йиғиб олинган ҳосилни саралаш устидан чиқдик.

– 5 ўғил, 5 келиним бор, – дейди Фароғат момо. – Эсимни танибманки, анорзордаман. Суягим боғда қотди. Келинларим ҳам шундай. Анорнинг меҳнатини эркаклар бажаришади. Аёллар ҳосил йиғишда, саралашда ёрдам беради. 17 сотих томорқамиз бор. Шу ерда ишлаб, меҳнатимиз ортидан даромад топамиз. Ўғилларимни ўқитдим, уйлантирдим, ҳаммаси меҳнат ортидан. Бировдан кам бўлганимиз йўқ. Йилига 10 тоннадан ортиқ ҳосил олиб бозорга чиқарамиз. 

Яхшилаб асрасак, март ойи охиригача уйимизда анор истеъмол қилиш мумкин. Ҳозир анор буталарини кўмиш учун энг қулай вақт. Чунки бу вақтда анор дарахти танасида сув бўлиб, яхши эгилади ва синмайди. Уни қанчалик сифатли кўмсангиз, буталар қиш бўйи шунчалик ишончли сақланади. Баҳор келиб, кунлар қизий бошлагач эса, у ўз вақтида очилиши шарт. Агар озгина кечиксангиз ҳам, бу бутанинг ривожига, гуллашига салбий таъсир ўтказади. Шунингдек, ерни ўз вақтида озиқлантириб, сувини берсангиз, бунинг натижаси олинажак ҳосилда намоён бўлади.

Ҳовлида уюб қўйилган анорларнинг муаттар ифори димоқни қитиқлайди. Кўзни қувнатиб турган анорларга қараб, бунинг ортида чиндан ҳам машаққатли меҳнат турганлигини ҳис қиласан киши.

Дарҳақиқат, бу қишлоқда ҳар бир киши анорчилик борасида катта тажрибага эга. Фермер хўжаликлари ер майдонлари ва аҳоли томорқаларида анорнинг қораширин, бедона, аччиқдона, улфи, қай, туятиш сингари навлари етиштирилмоқда. Варганзаликлар анор мевасига баҳо беришда унинг мазасидан тортиб, катта-кичиклиги, рангининг тиниқлиги, пўстининг қалин ёки юмшоқлигини ҳам эътибордан қочирмайди, кўчатчиликка, энг сара навларни кўпайтиришга ҳаракат қилади. 

Бугун бу ерда етиштирилган анорларни экспортга йўналтиришга катта эътибор берилмоқда. 2019 йилда бўлиб ўтган анор фестивали ва фестивал доирасида Варганза қишлоғига Ўзбекистондаги илк агротуризм қишлоғи мақоми берилгани ҳам варганза анорларининг дунё бозорларига чиқишига катта йўл очди, дейиш мумкин.


Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page