...

...




Экиш усуллари. Қишки иссиқхоналарда помидорларни алмашлаб экишнинг барча турларида ўстириш мумкин. Кузги-қишки алмашлаб экишда уларнинг 25-30 кунлик, ўтувчи даврнинг сентябрь ойида 30-40 кунлик ва октябрда эса 40-45 кунлик кўчатларидан фойдаланилади. Алмашлаб экишнинг кузги-қишки ва ўтувчи даврларида кўчатлар иссиқхонанинг ўзида ўстирилади. Бу билан улар касаллик тарқатувчилардан ҳимояланади. Мазкур алмашлаб экишларда кўчатларни 8х8х8 ва 10х10х10 см ўлчамлардаги идишларда ёки тувакчаларда етиштириш мақсадга мувофиқдир.

Қишки-баҳорги алмашлаб экишда плёнкали иссиқхоналарда ўстирилган кўчатларнинг 45-50 кунлиги, ойнали иссиқхоналарда ўстирилганларнинг эса 60-65 кунлик кўчатлари экилади.

Баҳорги иситилмайдиган плёнкали иссиқхоналар учун кўчатлар қишки иссиқхоналарда тайёрланади. Уларнинг уруғлари январнинг бошларида экилади. Кўчатлар, ўлчамлари 10х10х10 см ли идишлардаги гўнгли чириндили тупроқда 60 кун давомида етиштирилади. Алмашлаб экишнинг барча турларида ўсимликлар лентали қўшқатор усулида, лентадаги қаторлар (жўяклар) оралиғи 60 см, ленталар оралиғи эса 100 см ли ўлчамларда жойлаштирилади. Қатордаги ўсимликлар орасидаги масофа эса алмашлаб экиш турига ҳамда экиш зичлигига боғлиқдир.

Боғлаш ва уни шакллантириш. Кўчат экилиб, тупроққа яхши ўрнашгандан (10-12 кундан) кейин у тик шпалерларга (каноп иплар – қаторлар устидан 2 м баландликдаги симга тортиб қўйилган) боғлаб қўйилади. Бунда ўсимлик пояси шкастланмаслиги лозим. Шунинг учун каноп ип симга қаттиқ тугун эмас, балки силжувчан боғлам кўринишида боғланади (2-расм). Ўсимлик пояси шаклланиб, ўса бошлагач, унинг юқори қисми ҳар ҳафтада каноп ипга ўраб қўйилади. Ўсимлик бачкилари эса уларнинг узунлиги 5-7 см дан ортмасдан олиб ташланади (3-расм).

2-расм. Каноп ипни симли шпалерга боғлаш усуллари

3-расм. Помидор бачкилари

Ўсимлик шпалерлар симига етгач, у шпалер бўйламаси бўйича ўстирилади. Бунда улар ип билан боғланади ёки илгакларга илинади. Бошқача усулда эса ўсимлик симли тутқичга етиб боргач, унинг юқори қисми қуйи томон йўналтирилади. Сўнг кўтарилиб, симли шпалерга S шаклидаги илгаклар ёрдамида илиб қўйилади. Узоқ давом этадиган экинларда ва паст шпалерларда эса “ётиқ” деб номланувчи усул қўлланилади. Мазкур усулда, поянинг ўсишига мос равишда, унинг баргсиз қуйи қисми махсус тўр ёки рейкадан тайёрланган ўриндиқларга жойлаштирилади (4-расм).

4-расм. Ўсимликнинг барглари олиб ташланган ва ҳосилли пояларини жўякларга кўндаланг қўйилган тахтачаларга тушириш ва жойлаштириш: 1- сурилма илгак, 2- тахтача

Ўсимликлар шаклланишининг ушбу усулида, улар шпалердаги илгакларга каноп ип билан боғлаб қўйилади. Канопнинг узунлиги пояни жойлаштириш учун маълум заҳира билан олинади. Поянинг ўсишига мос ҳолда каноп ипнинг заҳира қисми илгакка ўралади ва новданинг баргсиз қисми пасайтириб қўйилади. Кўпгина иссиқхоналар алмашлаб экишнинг ўтувчи турида ўсимлик шаклланишининг мазкур усули қўлланилади. Бунда ўсимлик пояси қаторлар оралиғидаги юзада олинган жўякка ётқизилиб, устидан тупроқ сепилади.

Яримдетерминант навлар ва гибридлар бирмунча бошқача кўринишда шаклланади. Экинни етиштириш усули ва ўсимликларнинг ривожланиш жадаллилига боғлиқ ҳолда, уларда бир нечта калталанган ён новдаларда (2-3 та ўсимта) бачкилар қолдирилади (5-расм). Ўсимликлар ўсишининг бошланғич босқичларида, оптимал ассимилияцияни таъминлаш учун барча баргларни қолдириш зарур. Баргларни олиб ташлаш ҳосилнинг биринчи теримидан олдин бошланади.

Олинадиган барглар сони шундай бўлиши керакки, натижада пишган ҳосил кўриниб турсин. Ўсимликнинг юза (ташқи), яъни йўлак томонидаги барглари олинади. Баргларни кўплаб олиб ташлаш мумкин эмас. Ўсимлик шохларидаги соғлом яшил баргларнинг мавжудлиги юқори сифатли ҳосил олишнинг энг яхши кафолатидир.

5-расм. Яримдетерминант навли помидор ўсимлиги поясининг заҳира новдалар ҳисобига шаклланиш схемаси: 1-ўсимликнинг юқори қисмидаги заҳира навдалар; 2- заҳира новдадан шаклланган ўсимлик пояси


Манба : AGROBLOGER

Асатов Ш. И

dehqon.uz

Report Page