...

...

AGROBLOGER

Боғ-токзорларимиздан келгуси йилда ҳам мўл ва сифатли ҳосил олиш учун ноябрь ойининг ҳар бир кунидан тўлиқ фойдаланиш талаб қилинади. Дарахтларнинг тўкилган баргларида зараркунандалар ва касалликлар юқумлари сақланади, шунинг учун айни ҳозирги кунларда боғ қатор ораларининг тупроғи ағдарилиб ҳайдалади. Дарахт атрофидаги ер эса 25–30 см чуқурликда ағдариб чопилади. Қуриб қолган, касалланган ва синган шохлар қирқиб олиниб, боғ ташқарисига чиқариб ташланади.

Об-ҳаво шароитига қараб, ёғингарчилик бўлмаган кунлари дарахтларнинг барглари 70–80% тўкилган боғларда манилиоз, парша ва бошқа касалликларга қарши Фиталовин+Фармоед (10 л сувга 20 г + 5 г) ёки Карбомиднинг 6 ёки Бордо суюқлигининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўл қилиб ювилади.

Ноябрь ойида барча мевали дарахтлар, биринчи галда ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, йирик мевали олча дарахтларининг тана ва она шохларини оқлаш керак. Бунда 10 л сувга 2 кг тупроқ, 1,5 кг оҳак ҳамда мол шатмоғи қўшиб оқланса, оқланган жой тез ювилиб кетмайди.

Боғларни шудгор қилишдан олдин ҳосилли боғларга ҳар 2-3 йилда бир маротаба гектарига 20–40 тонна органик ўғит (гўнг), ҳар йили минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 150–180 кг, калий 50–60 кг солиниб боғлар 35–40 см, токзор қатор оралари 25–35 см чуқурликда шудгор қилинади.

Бўз тупроқлардаги боғ ва токзорларга ҳар йили соф ҳолда 60–90 кг фосфор ва 60 кг калий солинади. Шундай қилинса, боғ ва токзорларнинг ҳосилдорлиги, касаллик ва совуқларга чидамлилиги ошади.

Ер ости сувлари чуқур бўлган, мавсумда етарли даражада суғорилмаган боғ ва токзорлар суғорилиши зарур. Ушбу ойда маҳаллий ўғитларни йиғиш, токзорларда симбағазларни таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Резавор мевали ўсимликлар: қулупнайзорлар қатор оралари 12–15 см чуқурликда юмшатилиб, гектарига 15–20 тонна ҳисобида гўнг солинади. Шунда ўсимлик қишки совуқ уришдан сақланади, сифатли ва мўл ҳосил беради.

Қорағатзорларда қорағат тупларига шакл берилади. Бунда 5 ёшдан ошган новдалар кесиб ташланиб, ўрнига янги ҳосил бўлган новдалардан 5–6 таси қолдирилади. Ҳосилли қорағат тупида ўртача 25–30 та ҳар хил ёшдаги новдалар қолдирилиши керак. Бундай туплардан ҳар йили 5–8 кг. дан ҳосил олиш мумкин. Қорағат қатор ораларини шудгор қилишдан олдин соф ҳолда 120–150 кг фосфор ва 60–70 кг калий ўғитлари ҳамда 10 тонна гўнг солиниб кейин шудгор қилинади. Ноябрь ойининг учинчи ўн кунлигида агар ёғингарчилик бўлмаса суғориш керак.

Малиназорларда қуриган малина новдалари кесиб ташланиб,ёқиб юборилади. Минерал ўғитлардан соф ҳолда гектарига фосфор 60–90 кг, калий 30–45 кг ҳамда органик ўғитлардан гўнг 10–15 тонна солиниб, қатор оралари 12–15 см чуқурликда шудгорланади. Тупроқда намлик етарли бўлмаса, у ҳолда суғорилади.

Ноябрь ойининг иккинчи ярмидан янги боғлар барпо қилиш, яъни мевали кўчатларни экиш мумкин. Бунда асосан уруғ мевалилар олма, нок ва беҳи кўчатлари экилади. Данакли мевалилардан ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, олча кўчатлари эрта баҳорда экилади, чунки улар совуққа чидамлилиги пастроқ бўлганлиги боис айрим, совуқ кучли бўлган вақтда совуқ уриши мумкин.

Токзорларда токларни кесиш, қўндоқлаш, дорилаш ва кўмиш ишларини ноябрь ойининг биринчи ярмида тугаллаш зарур.

Токларни кесишда энг аввало касалликлар билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб, токзордан чиқариб ташланиб ёқиб юборилади. Кесилган ток туплари қўндоқланиб ётқизилгач, кўмишдан олдин оидиум (кул), антракноз ва рак касалликлари юқумига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 фоизли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан ёки мис купоросининг 1 фоизли ёки темир купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш зарур.

Токлар тўлиқ кўмилиб бўлгач қатор ораларига минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 90–120 кг, калий 40–45 кг ҳамда 10–15 тонна гўнг солиниб, тупроқ 25–30 см чуқурликда шудгор қилинади.

Жорий йилдаги мева-узум ҳосилининг бир қисми сақлашга қўйилади. Узоқ муддат сақлашга мўлжалланган маҳсулот кўрикдан ўтказилади.

Бузилиш мумкин бўлган яшиклардаги маҳсулот ажратиб олиниб савдога ёки қайта ишлашга жўнатилади.

Қолган маҳсулот албатта олтингугурт билан дудланиб, сақланиш ҳарорати ва ҳавонинг нисбий намлиги ҳар 5–6 кунда текшириб турилади.

Мева-узум маҳсулоти яхши сақланиши учун ҳар 15–20 кун оралиғида омборхона ичида олтингугурт ёқиб, дудланиб турилиши шарт. Шунда маҳсулот кўп ва сифатли сақланишига эришилади.


@AGROBLOGER канали

Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева

agro.uz

Report Page