...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–сентябрь ойларида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)ларининг умумий ҳажми 180,1 триллион сўмни ёки 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 103,4 фоизни ташкил қилди. Жумладан, деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ва ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматлар 174,8 триллион сўмни, ўрмон хўжалиги 4,5 триллион сўмни, балиқчилик хўжалиги 0,8 триллион сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълумот берди.

ЯИМ таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг улуши 25,7 фоизни ташкил этди.

Январь–сентябрь ойлари якунларига кўра, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)лари умумий ҳажмининг 97,1 фоизи — деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ва ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматлар, 2,5 фоизи — ўрмон хўжалиги, 0,4 фоизи— балиқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади.

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Республиканинг қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)ларининг умумий ҳажмида Самарқанд вилоятининг улуши 12,9 фоизни ташкил этди ва ҳудудлар бўйича юқорилигича қолмоқда, Тошкент ва Андижон вилоятлари бир хил (10,1 фоиз) улуш билан кейинги ўринларни эгаллашди. Энг кам улуш эса Сирдарё вилояти (3,4 фоиз), Қорақалпоғистон (3,5 фоиз) ва Навоий вилоятида (4,6 фоиз) қайд этилди.

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Ушбу давр мобайнида ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 174 триллион сўмни, шу жумладан, деҳқончилик маҳсулотлари — 84,3 триллион сўмни, чорвачилик маҳсулотлари — 89,7 триллион сўмни ташкил қилди.

Хўжалик тоифалари бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмининг 72,3 фоизи — деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига, 24,7 фоизи — фермер хўжаликларига, 3 фоизи — қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга тўғри келди. Барча ҳудудларда энг юқори кўрсаткичлар деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига тўғри келиши кузатиляпти.

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Деҳқончилик

2020 йилнинг январь—сентябрь ойларида етиштирилган деҳқончилик маҳсулотларининг ҳажми 84,3 триллион сўмни ёки 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 104,3 фоизни ташкил этди. Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажмида деҳқончилик маҳсулотларининг улуши 48,4 фоизни ташкил қилди.

Чорвачилик

Мамлакатда 9 ой давомида чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳажми 89,7 триллион сўмни ёки 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 102,3 фоизни ташкил қилди. Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажмида чорвачилик маҳсулотларининг улуши 51,6 фоизга етди.

Ҳудудлар рейтинги

2020 йилнинг 9 ойида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари бўйича маҳсулотлар етиштиришда вилоятларнинг рейтинги:

  • Қашқадарёда энг кўп донли экинлар етиштирилган (790,2 минг тонна);
  • Самарқандда энг кўп сабзавотлар етиштирилган (1162,5 минг тонна);
  • Самарқандда энг кўп картошка етиштирилган (512,1 минг тонна);
  • Сурхондарёда энг кўп полиз экинлари етиштирилган (195,7 минг тонна);
  • Андижонда энг кўп мева ва резаворлар етиштирилган (417,5 минг тонна);
  • Самарқандда энг кўп узум етиштирилган (479,0 тонна);
  • Қашқадарёда энг кўп гўшт (тирик вазнда) етиштирилган (221,4 минг тонна);
  • Самарқандда энг кўп сут олинган (982,1 минг тонна);
  • Тошкент вилоятида энг кўп тухум олинган (987,2 миллион дона);
  • Хоразмда энг кўп балиқ овланган (7 909 тонна);
  • Самарқандда 1,586 миллион бош йирик шохли қорамол бор;
  • Қашқадарёда 4,583 миллион бош қўй ва эчкилар бор;
  • Тошкент вилоятида 51105 бош от бор.

Аввалроқ озиқ-овқат саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилнинг 6 ойида 21,5 триллион сўмга етгани маълум қилинганди.


@AGROBLOGER канали

daryo.uz

Report Page