...

...

AGROBLOGER

Франция давлатидаги “DALIVAL” илмий ишлаб чиқариш боғдорчилик компанияси директори Оливиер Наудот Бухоро вилояти Пешкў туманига ташриф буюрди.

Ташриф давомида туман ҳокими Амрилло Назаров билан учрашди.


Учрашувда Франциялик тадбиркор туман иқлими ва ерларида ўзининг компанияси томонидан яратган интенсив мева навларини етиштириш, туман аҳолисини сара мевалар билан таъминлаш ва уни қайта ишлаб хорижий давлатларга экспорт қилиш мақсади борлигини билдирди. Шунингдек, иккала томонга ҳам манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокара олиб борилди.


Хорижий инвесторга тажриба тариқасида тумандаги “Истиқбол” ҳудудига қарашли 10 гектар майдонга 5 турдаги мевали кўчатлар экиб интенсив боғ яратишга келишиб олинди. Дастлаб гилос, шафтоли, ўрик, нок ва бошқа турдаги мевалар экилиши таъкидланди.


Учрашувда “DALIVAL” илмий ишлаб чиқариш боғдорчилик компанияси директори Оливиер Наудот Франциянинг Рюэй Мальмезон шаҳрида ҳамюртимиз, тиббиёт илмининг асосчиси, бобокалонимиз Абу Али Ибн Сино ҳайкали ўрнатилганлигини мамнуният билан таъкидлади. Буюк олим юртида ўз тадбиркорлигини бошлаётганидан фахрда эканлигини билдирди. 


Сўнгги йилларда Пешкў туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада туманга хорижий инвесторларнинг ҳам қизиқиши ортиб бораётир. Бундан кўзланган асосий мақсад туман аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш, банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратишдан иборат.

Мазкур учрашув Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси раҳбарияти ёрдамида амалга оширилди. 






@AGROBLOGER канали

Зариф КОМИЛОВ

ЎзА, uza.uz


Report Page