...

...

AGROBLOGER

Куз ва қиш мавсумида севиб истеъмол қилинадиган мевалар сирасига кирувчи хурмо ўзида кўплаб фойдали моддаларни сақлайди. Масалан, қаришнинг олдини олади, танани тетиклаштиради, шунингдек, мутахассисларнинг фикрига кўра, бир стакан қаҳвани бемалол хурмога алмаштириш мумкин. Аммо меванинг ҳамма тури ҳам фойдали бўлмаслиги ҳақида бир қанча маълумотлар мавжуд. Яхшиси, улар ҳақида қуйида тўлиқроқ билиб олган афзал.

Меванинг фойдали хусусиятлари:

  • Ёрқин тўқ сариқ рангдаги хурмо ўзида бета-каротиннинг юқори миқдорини кўрсатади. Бундан ташқари у натрий, магний, калий, ёд ва темир моддаларига ҳам бой. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, 100 грамм хурмо таркибида 100 грамм олма таркибида бўладиган толалар миқдори икки бараварга кўп. Шунингдек, юрак хасталиги хавфини камайтириш учун етарли миқдорда фенолик бирикмалар мавжуд.
  • Хурмо меваси барча ёшдаги одамларнинг рационига киритилиши керак. Меваларда кўп миқдордаги катехин – қаришга қарши кучли таъсирга эга полифенолик бирикмалар мавжуд. Хурмо пўстлоғи антиоксидантларга бой бўлганлиги сабабли уни шундайлигича истеъмол қилиш тавсия этилади.
  • Мева таркибида калий ва фруктоза миқдори юқори бўлганлиги сабабли кун ярмида уни истеъмол қилиш жуда фойдали. Бир дона мевадаги энергия манбайи қаҳваникидан қолишмайди.
  • Хурмодан диуретик касаллик туфайли юзага келадиган шишларнинг олдини олишда фойдаланилади. Таркибидаги калий моддаси туфайли организмдаги озуқавий моддаларни йўқотмасдан ортиқча суюқликдан халос бўлишга ёрдам беради. Магний эса буйракдаги тошлар хавфини камайтиради.
  • Таркибидаги бета-каротин, лютеин ва зеаксантиннинг юқори миқдори кўз учун энг яхши маҳсулот ҳисобланади. Кунлик тавсия этилган ўртача битта мева А витаминининг 55 фоизини таъминлайди. Бу эса кўз ва кўриш қобилиятидаги барча муаммоларни бартараф этиш демакдир.
  • Кундалик рационига хурмони қўшган инсонлар иммунитети сезиларли даражада яхшиланади. Мутахассисларнинг тавсиясига кўра, маҳсулотнинг таркибида А витамин, антиоксидантлар ва ботулин кислотасининг кўплиги туфайли саратон касаллигига қарши курашишда ёрдам беради.
  • Қизиқарли факт, Шарқ мамлакатлари хурмони ҳиқичоқдан халос бўлиш учун ҳам истеъмол қилади.

Истеъмол қилиш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Хурмони қандли диабет, аллергияга мойил беморлар истеъмол қилмагани маъқул. Сабаби мева таркибида шакар миқдори жуда юқори. Шунингдек, чақалоғи бор аёллар ҳам ушбу мевани рационига эҳтиёткорлик билан киритиши зарур, сабаби болада аллергия пайдо бўлиши мумкин. Болаларга эса хурмо уч ёшдан бериш яхшироқ. Ичак муаммолари ёки ич қотишидан азият чекадиганларга хурмо истеъмоли тавсия этилмайди. Мевани қисқичбақа ёки ундан сўнг, шунингдек, совуқ сув ёки сут билан тановул қилиш ҳам мумкин эмас.


@AGROBLOGER канали

daryo.uz

Report Page