...

...

@AGROBLOGER

Ўзбекистоннинг тўрт вилоятида мажбурий меҳнатга йўл қўйган масъуллар жавобгарликка тортилди

Давлат меҳнат инспекцияси томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида Хоразм, Фарғона, Наманган, Жиззах вилоятларида мажбурий меҳнатга йўл қўйган масъуллар жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.

Хусусан, Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини мажбуран пахта теримига жалб этгани учун бошқарма бошлиғи, Хива шаҳар Халқ таълими бўлими мудираси томонидан «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятига аъзолик бадали йиғиб олиш тўғрисида буйруқ чиқарилиб, бадал пули мактаб педагог ходимларидан талаб этилгани сабаб, бўлим мудирасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг 51-моддаси 1-қисмига биноан энг кам иш ҳақининг 30 баробари — 6 миллион 690 минг сўмдан жарима тайинланди.

Худди шу жарима қиймати Фарғона вилояти Фарғона тумани 22-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиларини уларнинг розилигисиз мажбуран мактабдан ташқари ҳудудларни ободонлаштириш ишларига жалб этгани учун мактаб директори, Наманган вилояти Ер-мулк давлат кадастри Тўрақўрғон филиали ходимларини мажбуран пахта теримига жалб қилган Ер-мулк кадастри Тўрақўрғон филиали раҳбари ҳамда Жиззах вилояти Пахтакор тумани Пенсия жамғармаси ходимларини пахта терими ишларига мажбуран жалб этгани учун жамғарма раҳбарига нисбатан ҳам қўлланилган.

Шунингдек, пахта терими пайтида теримчиларга етарли шарт-шароитлар яратилмагани, терим пуллари ўз вақтида берилмагани ва ходимларни мажбурий тарзда пахта теришга жалб этгани учун Жиззах вилоятидаги қатор мутасаддилар жавобгарликка тортилган.

Жумладан, теримчилар учун етарли шарт-шароит яратмаган ва терим пулларини ўз вақтида бермаган Ш.Рашидов тумани АТ «Халқ банки» бошқарувчиси, Мирзачўл тумани «Қаҳрамон Расул Ота» фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жарима тайинлаш учун маъмурий баённомалар тақдим этилган.

Ходимларни мажбурий равишда теримга жалб этгани учун эса Жиззах шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси раҳбари, Пахтакор тумани Молия бўлими бошлиғи, Пахтакор тумани АТ «Халқ банки» филиали бошқарувчиси, Арнасой туманидаги Ободонлаштириш бошқармаси, «Сувоқова» ДУК ва Тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган.

daryo.uz

@AGROBLOGER

Report Page