...

...

AGROBLOGER

Қулупнай ҳосилдорлиги тупроқни кўкламги юмшатиш вақтига боғлиқ бўлиб, тупроқ қанчалик эрта юмшатилса, ҳосил ҳам юқори бўлади. Ер тобга келиб, яъни қулупнайзорда ишлаш имкони бўлиши билан экин қатор оралари 10–12 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимлик атрофидаги тупроққа ишлов берилади. Тупроқ унумдорлигига қараб, ҳар гектар ерга минерал ўғитлардан соф ҳолда 120–180 кг азот, 90–120 кг фосфор ва 30–60 кг калий солинади.

 Азотли ва фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг тенг ярми эрта баҳорда (март), қолган қисми эса ҳосил териб олинганидан сўнг солинади. Ўсимлик бу вақтда келаси йил учун ҳосил куртакларини йиға бошлайди. Туплар эски, қуриган барглардан тозаланади, бунда қуриган баргларни четга олиб чиқиб, ёқиб юбориш керак. Очилиб қолган илдизларга тупроқ солиб чиқилади, чўкиб қолган ёки чуқурроқ экилган тупларнинг ўсиш нуқталари очиб қўйилади. Дала бегона ўтлардан тозаланиб, тупроғи юмшатилиб, экин зичлиги меъёрида ушланади, қуриб қолганлари ўрнига янгиси экилади.

 Республика шароитида қулупнай етиштиришнинг энг асосий шарти экинни сув билан таъминлашдир. Тез-тез бўладиган ёғингарчиликлар ўсимликнинг вегетация давридаги намга бўлган талабини қондира олмайди. Қулупнай вегетация даврида 13–24 маротаба суғорилади, бунда ҳар суғоришда гектарига 300–800 м3/га сув сарфланади. Фарғона водийсининг шағалли ерлари ҳамда Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида суғоришни тез-тез, лекин озроқ миқдорда, Тошкент вилоятининг оғир тупроқли ерларида эса камроқ, лекин экин қонгунча ўтказиш зарур.

 Суғориш вақти ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига боғлиқдир. Биринчи суғориш мева туга бошлаганда – апрель ойида, лекин баҳор эрта ва қуруқ келганда март ойида бир марта суғорилади, май ойида 3–4 маротаба, июнда 2–3, июлда 3, августда 2, сентябрь ва октябрь ойларида бир маротабадан суғорилади. Ҳосил пишиш даврида жўяк оралатиб суғорилади.

 Қорағат (смородина) кўп йиллик бутасимон ўсимлик бўлиб, бир ерда 15–20 йилгача яхши ўсиб ҳосил беради. Қорағатзорга эрта баҳорда соф ҳолда 120–150 кг азотли ўғит солиниб, қатор ораси 25–30 см чуқурликда ҳайдалиб, туп атрофлари юмшатилади. Кўп йиллик бутасимон ўсимлик бўлганлиги боис, ҳар йили янги новдалар ўсиб чиқиш хусусиятига эга. Новдалари иккинчи йилдан ҳосил бера бошлаб, 3-йилдан 5-йилгача новдада ҳосил ортиб боради. 5-йилдан кейин ҳосил камайиб, меваси майдалашади. Шунинг учун баҳорда 5 ёшдан ошган новдалар ҳамда нимжон бир йиллик новдалар кесиб ташланиб, улар ўрнига бир йиллик яхши ривожланган новдалардан 5–6 таси қолдирилади, қолганлари кесиб ташланади. Бир туп қорағатда 20–25 та ҳар хил ёшдаги новдалар бўлиши таъминланса, мўл ва сифатли ҳосил олинади.

 Қорағат тупроқ намлиги ва механик таркибига мувофиқ вегетация даврида олти маротабадан ўн икки маротабагача суғорилади. Намлик сақлаш хусусияти яхши бўлган ерларда суғориш миқдори 500–800 м3/га. ни ташкил қилади. Биринчи суғориш гуллаш даврида, мева тугиш бошида эса эгатлар сув билан тўла намлангунча суғорилади. Мева тугиш ва етилиш давомида (май-июнь) суғориш сони оширилади ҳамда 10–15 кунда бир сув берилади. Ҳосил йиғиб-териб олингандан сўнг (июль-август) гулкуртак шаклланадиган давр бошланади. Бу даврда ерлар нам ва юмшоқ ҳолатда бўлиши керак. Сентябрда қорағатни қишловга тайёрлашдан олдин бир маротаба суғорилади, кейин тупроқда намликни сақлаб қолиш мақсадида қатор оралари юмшатилади. Агар тупроқ қурий бошласа ер ёрилади, илдизлари узилади, ўсимлик ўсишдан тўхтаб, барглари сарғаяди, бунга йўл қўймаслик керак.

 Малина тупларининг илдизлари ер юзига яқин жойлашганлиги боис, қатор оралари 10–12 см, туп атрофи 4–5 см чуқурликда юмшатилади. Ярим бутасимон ўсимлик устки қисми икки йиллик, ривожланиш жараёни эса кўп йилликдир. Илдиз тизим кўп йиллик бўлиб, новдалари эса икки йил яшайди. Биринчи йили новда ўсиб-ривожланиб, иккинчи йили ҳосил беради. Ҳосил берилган новда кузгача қуриб қолади. Кузда ёки эрта баҳорда қуриб қолган новдалар кесиб ташланади, ўрнига янги ўсиб чиққан новда қолдирилади, бир йиллик новдаларнинг юқори қисми (150–160 см юқоридан) кесилади. Шунда гул куртаклари яхши ривожланиб, мевалари йирик, сифатли ва мўл бўлади.

 Малинанинг айрим навлари икки марта ҳосил бериш хусусиятига эга. Ушбу навларда иккинчи йили новдада ҳосил пишиб етилиб бўлгач (майнинг охири ва июнь ойи), август ойига бориб бир йиллик новда ўсиб-ривожланиб, новданинг юқори қисмида гул куртаклари ривожланади ва сентябрь ойида меваси пишади. Малина бир ерда 10–12 йил ва ундан ҳам кўпроқ ўсиб ҳар йили ҳосил беради. Чириндига бой, таркиби яхши ҳамда сувни ўтказувчи қумлоқ ва қумоқ тупроқли ердарда яхши ўсади ва мўл ҳосил беради. Оғир тупроқли, ботқоқ, карбонати кўп ерларда экиш ярамайди. Ҳосилдорлигини оширадиган муҳим агротадбирлардан бири-ўғитлашдир.

 Маълумки, малина ҳар йили жуда кўп миқдорда бачки илдизлар ҳосил қилади ва тупроқдан кўпгина озиқ моддаларни ўзлаштиради. Шу боис мўл ҳосил олиш учун ҳар йили минерал ўғитлардан бир гектарга суперфосфат 500–600 кг, калий тузи 100 кг, аммиакли селитра 150–200 кг солиш керак. Тупроқ унумдорлигига қараб, ҳар йили ёки йил оралатиб гектарига 60–80 т органик ўғитлар солиш керак. Гўнг, фосфорли ва калийли ўғитлар кузда ер ҳайдалаётган пайтда, азотли ўғитлар эса баҳорда ерни юмшатишдан олдин солинади.

 Вегетация давомида малина 12–15 маротаба суғорилади, суғориш миқдори бир гектарга 500–600 м3. Биринчи сув ғунча тугаётганда, иккинчиси гуллаш олдидан, учинчи мева тугиш олдидан, тўртинчидан саккизинчигача мева пишаётганда, тўққизинчидан ўн бешинчигача суғориш ҳосилни йиғиб олишдан аввал ўтказилади. Ўсимликни чидамли қилиш мақсадида суғориш сентябрда тўхтатилади.

 Резавор мевалилар ҳосилдорлигини ошириш ҳамда юқори сифатли мева олиш учун навларни танлаш ва агротехникани қўллашдан ташқари, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш тадбирларини вақтида ўтказиш катта аҳамиятга эга. Қулупнай кўпроқ оқ доғланиш, ун шудринг, кулранг чириш касалликлари билан зарарланади Узунбурун, қулупнай канаси, баргхўр, тилла қўнғиз, шиллиқ қурт каби ҳашаротлар мева ва ўсимликка зарар келтиради. Қорағат қисман вертициллез касаллиги, малина эса кўпроқ узунбурун ва ўргимчаккана билан зарарланади.

 Қулупнайнинг оқ доғланиш касаллигига қарши кузда 3 фоизли Бордо суюқлиги, баҳорда ўсимлик барг чиқара бошлаганда ёки гуллашдан олдин бир фоизли Бордо суюқлиги икки марта пуркалади. Кулранг чириш касаллиги билан ўсимликнинг меваси, гули, мева банди, барги зарарланади. Касаллик асосан мева пишиш олдидан тез-тез суғорилганда ва меваси ерга теккан ҳолларда ривожланади. Зарарланган мевалар чирийди ва кулранг ғубор билан қопланади. Баргларда йирик-йирик тармоқли қора чизиқ, доғ пайдо бўлади. Чириган меваларни териб олиб, кўмиб ташлаш зарур. Ун шудринг касаллиги ўсимликнинг барги, гули, гулғунчаси, етилган меваларни зарарлайди.

 Касалликка қарши кураш чораси ўсимлик қолдиқларини йиғиб, йўқ қилишдир. Бундан ташқари, касалликнинг дастлабки нишоналари кўзга ташланиши билан чанглаш, унга бир фоизли олтингугурт коллоидини пуркаш лозим. Бу тадбирни ҳосилни териб олишга 20 кун қолгунча ҳар 15–20 кунда такрорлаш зарур. Вертицеллез сўлиш касаллиги қорағатнинг новдаларини зарарлайди, бунда дастлабки белгилари май ойида сезилади. Бир-икки йиллик новдалар сарғаяди ва барглари сўлийди, касаллик даврида қорағат новдаси қисман ёки бутунлай қуриб қолади. Бунда қуриган новдаларни кесиш, касалланган тупларни илдизи ва ер ости новдалари билан олиб ташлаб, тўкилган баргларни йўқотиш керак.

 Зараркунандалардан узунбурун, қулупнай баргхўри, ўргимчакканаларга қарши эрта баҳорда 30 фоизли Карбофос (гектарига 2–4,5 кг) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини пуркаш яхши самара беради. Мазкур тадбирларнинг вақтида ва сифатли ўтказилиши резавор мева ҳосили мўл бўлишига пухта замин яратади.


@AGROBLOGER канали

agro.uz

Report Page