...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилингани соҳани тубдан ислоҳ қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бинобарин, Стратегияда белгилаб берилган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида янгидан-янги хўжалик юритувчи субъектлар ишга туширилди. Хўжалик юритишнинг замонавий услублари ва илғор шакллари, жумладан, турли ихтисослашувдаги кластерлар, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари (кооперация) ташкил этилди. Шу билан бирга, ҳудудларда жами 51,9 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ҳудудларда олиб борган ўрганишлари давомида Стратегияда белгиланган қатор тадбирларни ўз вақтида ва самарали рўёбга чиқариш учун халақит бераётган қатор масалалар мавжудлигини қайд этди. Жумладан, ерларни ўзлаштиришда давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари тўғри йўлга қўйилмаган. Соҳага хусусий инвестиция киритиш масаласига оид муаммолар тўлиқ ўз ечимини топмаган. Пахта хомашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари билан пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасида шартномавий муносабатлар тўғри йўлга қўйилмаган.


Парламент аъзолари бу борадаги таҳлилларга ҳам эътибор қаратди. Унга кўра, бошоқли дон етиштириш учун барча шароит яратилишига қарамасдан, республика бўйича жами 2 минг 229 фермер хўжалигида паст ҳосилдорлик кузатилган. Шунингдек, Андижонда 7,5 минг, Бухорода 2,5 минг, Жиззахда 8,1 минг, Қашқадарёда 26 минг, Сирдарёда 36,8 минг, Фарғонада 15,2 минг гектар майдонга белгиланган такрорий экинлар экилмаган. Айниқса, мойли экинлар учун такрорий майдонлар кам ажратилгани ўсимлик ёғи нархи барқарорлигига салбий таъсир қилмоқда. Натижада жорий йилнинг октябрь ойида бозорларда ўсимлик ёғи нархининг сезиларли даражада кўтарилиши кузатилди.


Депутатлар озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим бўғини ҳисобланган уруғчилик соҳасидаги ишлар, шунингдек, сабзавотчилик, полизчилик, мевачилик соҳаларида механизациялаш даражасини ошириш, айниқса, пахтани механизациялаш усулида териб олиш кўламини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар лозим даражада ташкил этилмаганини қайд этди. Бу каби масалалар ечимининг асосий кафолати бўлган илмий-тадқиқот ишлари ҳам талаб даражасида эмас. Илмий-тадқиқот ишлари асосан пахта ва ғаллани етиштиришга қаратилиб, мева-сабзавот экинлари селекцияси, уруғчилигини ривожлантириш имкониятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.


Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.


@AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page