...

...

@AGROBLOGER

Хурмо — кузги севимли мева, кимдир унинг юмшоқ ва серсувини ёқтирса, яна кимдир қаттиқ турини афзал кўради. Умуман олганда, хурмони ардоқловчилар етарлича. Хурмо алоҳида қадрланишининг асл сабаби шундаки, у йилнинг аксарият резаворлар ва мевалар тугай бошлаган ёки иссиқ шароитда ўстирилганлари ҳақиқий фойда бера олмай қолган совуқ даврида бизни етарли даражада витаминлар билан таъминлай олади.

Хурмонинг саломатликка фойдаси

Хурмо таркибида глюкоза, сахароза, йод, магний, кальций, марганец ва темир бор. Шунингдек, онкологик касалликларнинг олдини олувчи А, томирлардаги мўртликни камайтиришга хизмат қилувчи Р, умумий мустаҳкамловчи хусусиятга эга С витаминлари мавжуд. Унда яна овқат ҳазм қилиш жараёни учун фойдали бўлган пектиннинг катта миқдорини учратишимиз мумкин, шунинг учун ҳазм тизими бузилиши ҳолатларида тавсия этиладиган парҳезнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Хурмо қайси касалликларга қаршилик кўрсата олади?

  1. Онкологик касалликлар. Апельсин тусли хурмода бета-каротин ва А витамини кўплиги уни онкологик хасталиклар профилактикасида тавсия этишга сабаб бўлади.
  2. Анемия, камқонлик. Темирнинг юқори миқдори ушбу касалликларнинг олдини олишга ва қон сифатини яхшилашга ёрдам беради. Ҳомиладор аёлларнинг кунлик рационида хурмо бўлиши зарур.
  3. Қалқонсимон без касалликлари. Маълумки, таркибида йод сақловчи маҳсулотлар қалқонсимон без хасталикларидан асрайди. Хурмо йодга бой маҳсулотлар қаторида тенгсиз ўринга эга. 
  4. Сийдик-тош касалликлари. Хурмо танадаги калий-натрий баланси шаклланишига ва ортиқча натрий тузлари чиқариб юборилишига ҳисса қўшади. Шунингдек, ундаги калийнинг юқори миқдори сийдик йўлларида тош пайдо бўлиш хавфини камайтиради.

Хурмо истеъмоли кимлар учун тақиқланган?

  • Ичакларда ёпишиш ва ич қотиш ҳолатларида хурмо тановул қилиш мутлақо мумкин эмас, чунки таркибидаги танин моддаси ўткир ичак тутилишига олиб келиши мумкин;
  • Панкреартит ва ўн икки бармоқли ичак касалликларида тақиқланади; 
  • Хурмо таркибини шакллантирувчи бирикмалар моддалар алмашинуви жараёнини секинлаштириши мумкин. Шу важга кўра, семиришга мойил ва тез вазн олувчилар учун тавсия этилмайди;
  • Ўн ёшга тўлмаган болаларнинг хурмо истеъмол қилишини иложи борича чеклаш мақсадга мувофиқдир: танин ошқозон шарбати билан ёпишқоқ аралашма ҳосил қилади, бу овқат ҳазм қилиш муаммоларига олиб келади;
  • Шифокорлар хурмо таркибидаги шакар миқдори кўп деб ҳисоблайдилар ва диабетдан азият чекувчи беморларга ушбу мева истеъмолини тавсия этмайдилар;
  • Ҳомиладорлик даврида ҳам меъёрни инобатга олиш зарур: худди бошқа ёрқин мевалар сингари, хурмо ҳам аллергик реакция чақириши мумкин.

Ва яна бир инкор этиб бўлмайдиган қоида: хурмони совуқ сув ва сут билан бирга ейиш мумкин эмас, бу бирикма ҳазм бўлмайди ва ошқозон бузилишига олиб келади.

Хурмони қандай танлаш керак?

Агар ҳамма ҳам тўғри танлашни билганида эди, бу меванинг мухлислари анча кўпроқ бўлган бўларди. Меванинг юқори сифатли нави силлиқ, усти қалин ва тўйинган рангга эга бўлади. Юмшоқлиги унинг етилганидан далолатдир. Пишмаган ҳосилда танин кўп, шунинг учун ҳам тахир маза беради. Демак, хурмохўрлик қилишдан аввал у хона ҳароратида етилишини, яъни юмшашини кутиш керак.

kun.uz

@AGROBLOGER

Report Page