...

...

AGROBLOGER

Жорий йил ҳосилидан бошлаб 3 йил давомида, пахтани Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида машинада териш харажатининг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

Ўзбекистонда импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси, бутловчи ва эҳтиёт қисмлари божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг бориши, кластерлар олдидаги муаммоли масалалар ва уларнинг ечимларини кўриб чиқишга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

«Бугунги кунда 100 мингдан зиёд ёки қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатларининг 40 фоизи муддатини тўлиқ ўтаб бўлган. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олишда, кредит фоизлари ставкаси юқори (24 фоизгача) ва муддатлари қисқа (3-5 йилгача).
Энди, келгуси йилдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги учун техника сотиб олишда кредит харажатларининг 10 фоиздан юқори қисми, давлат томонидан қоплаб берилади. Бу мақсадларга, келгуси 3 йилда 1 триллион сўм йўналтирамиз.
Бундан ташқари, жорий йил ҳосилидан бошлаб 3 йил давомида, пахтани Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида машинада териш харажатининг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.
Шунингдек, импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилади. Бунинг ҳисобига, кластер ва фермерлар техникани 35 фоизгача арзон харид қилиш имкониятига эга бўладилар», дейди президент.

Видеоселекторда четдан олиб келинган техникаларга қўшилган қиймат солиғини 270 кунгача кечиктириб тўлаш тартиби жорий этилиши маълум қилинди (ҳозирда 120 кун). Шунингдек, лазерли текислаш ускуналари ва дон уруғ сеялкаларини харид қилиш учун, келгуси йилда 50 миллиард сўм субсидия ва божхона имтиёзлари берилади.

«Кластерлар ва фермерларга серҳосил ва касалликларга чидамли янги уруғ навларини экишга шарт-шароитлар яратилади. Ҳанузгача 30-40 йил давомида асосан 8 турдаги эски ғўза ва ғалла навлари ишлатилаётгани туфайли, ҳосилдорлик кескин ошмаяпти.
Шунинг учун, янги навлар майдонларини кенгайтириш орқали, пахтада ҳосилдорликни 60 центнергача, ғаллада эса 80 центнерга етказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Бунда, йил якунига қадар илмий институтларга, юқори авлодли уруғликлар тайёрлаш учун 10 миллион доллар ажратилади.
Жумладан, келгуси 2 йилда янги 40 дан зиёд пахта навлари синовдан ўтказилиб, энг истиқболли 10 та нав танлаб олинади. Бунинг ҳисобидан, экилаётган 30 фоиз ғўза навлари янгиланади», деди давлат раҳбари.

Шунингдек, фермер ва кластерларга, пахта ҳамда ғалланинг энг ҳосилдор навларини импорт қилиш ва мустақил жойлаштиришга рухсат берилади. «Ўздонмаҳсулот» тизимидаги 20 та уруғлик дон тайёрлаш цехлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги Уруғчилик марказига ўтказилиб, 16 миллион доллар ҳисобига, тўлиқ модернизация қилинади.

«Ҳосилдорликни оширишнинг энг самарали йўлларидан яна бири, бу албатта, сув тежовчи технологияларни жорий этишдир. Энди, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича мутлақо янги, очиқ-ошкора тизим жорий этилади.
Бунда, ушбу технологияларни жорий қилиш учун кредитлар, тижорат банклари томонидан камида 5 йилга берилади (ҳозирда ушбу кредитлар 3 йилгача ажратилмоқда). 
Шу билан бирга, субсидия ажратиш тизими ҳам такомиллаштирилади. Жумладан, биринчи йили субсидиянинг 50 фоизи берилиб, ҳосилдорлик ошиши ва ускуналарнинг ишлатилишига қараб, келгуси йили қолган 50 фоизи тўлаб берилади.
Юқори ҳосилдорликни сақлаб қолган пахта, ғалла ва мева-сабзавот кластерларига, учинчи йилда яна 20 фоиз субсидия берилади. Сув тежовчи технологиялар ўрнатувчи корхоналарнинг ягона электрон реестри жорий қилиниб, субсидиялар унга кирган корхоналар иштирокида амалга оширилган лойиҳаларга берилади. Келгуси йилда ушбу мақсадларга бюджетдан 1,5 триллион сўм ажратилади.
Умуман олганда, бугун муҳокама қилинган ташаббуслар ижроси бўйича 10 дан зиёд Фармон ва қарорлар қабул қилинади. Бунга йилига жами 25 триллион сўм йўналтирамиз», деди давлат раҳбари.

Кластерларга пахта толасини қайта ишлаш даражасига қараб, молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий этилиши маълум қилинди.

«Бунда, энг аввало, матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун, корхона қувватига қараб давлат ҳисобидан молиявий грантлар ажратилади. Мисол учун, 5 миллион долларлик, суткасига 10 тонна матони бўяш комплексини харид қилиш учун 500 минг доллар грант берилади. Ушбу мақсадларда лойиҳаларни кредитлаш учун яна 150 миллион доллар маблағ ажратилади.
Бундан ташқари, бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан ставкаси 4-5 фоиздан ошмаган 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади.
Ип-калавадан ташқари, бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда уларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналарига, 3 йил муддатга ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 12 фоиз ўрнига, 1 фоиз қилиб белгиланади.
Шунингдек, уларга мол-мулк солиғини 3 йилга кечиктириб тўлаш имконияти ҳам берилади. Бунинг ҳисобига, корхоналар ихтиёрида йилига камида 500 миллиард сўм маблағ қолади», деди президент.


kun.uz

AGROBLOGER канали

Report Page