...

...

AGROBLOGER

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида "Ўзбекистонда резавор меваларини етиштириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари" мавзусида халқаро видеоконференция ўтказилди. 

Унда Беларуснинг "Ягодка" корхонаси, Грузиянинг “STALKER-Vanrik Agro Group” компанияси, Қозоғистоннинг “KAZAH INVEST” миллий инвестициялар жамияти, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, вилоят ҳокимликлари вакиллари, олимлар ва фермерлар иштирок этди.

Конференцияда голубика мевасини юртимизда етиштириш жозибадор ва даромадли бизнесга айланиши борасида фикр юритилди. Олимлар ва мутахассислар резавор мева ҳисобланган голубика таркибида кўп миқдорда витамин ва минераллар борлигини қайд этиб, ушбу мева айни вақтда Тошкентдаги йирик супермаркетларда ҳам сотилаётганини маълум қилдилар. 

– Тошкент шаҳридаги "Макро" ва "Корзинка" супермаркетларида сотилаётган музлатилган голубика мевасининг 125 граммининг баҳоси 71 минг сўм, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши маркетинг ва экспортга кўмаклашиш бўлими бошлиғи Нажмиддин Мирабдуллаев. – Яъни ҳар бир килограмми 568 минг сўм ёки ҳозирги курс бўйича 59 доллар атрофида. Агарда Беларус билан таққослайдиган бўлсак, уларда бир килограмм ана шундай мева 10-15 доллар туради. 

Бута шаклида, баландлиги бир метр атрофида бўладиган голубика меваларининг улгуржи баҳоси, фаслга қараб, килограмм нархи 3 доллардан 10 долларгача ўзгариб туради. 90 йилдан кўпроқ даврда мева берадиган голубика олти йилдан кейин ҳосилдорлиги ҳар бир тупга 5 килограммга етади. Бир гектарга 3-5 минг туп бута экилса, беш-олти йилдан кейин гектаридан ўртача 20 тонна атрофида ҳосил олиш мумкин. 

Улгуржи нархи тахминан 3 доллар бўлса, гектаридан 60 минг доллар даромад қилиш мумкин. Голубика меваси жаҳон бозорида энг қиммат резаворлардан бўлиб, уни юракка, қон томир деворларини мустаҳкамлашда, қондаги шакарни пасайтиришда, кўриш қобилиятини тиклашда, асаб ҳужайралари қаришини секинлаштиришда жуда фойдали. Ўзбекистонда етиштириладиган голубика мевасини Хитой, Гонконг, Сингапур, Малайзия, Вьетнам ва Араб давлатларига етказиб бериш мумкин.

Конференцияда Ўзбекистонда етиштириладиган голубика меваси ҳозирда энг қиммат бўлган гилос етиштиришдан ҳам жозибали ва даромадли бизнесга айланиши қайд этилди. Голубикани фермер хўжаликлари экин ерларида экишни йўлга қўйиш, балки иқлими мос келган ҳар бир тумандаги маҳаллаларда "Томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамиятлар орқали "Бир маҳалла - бир маҳсулот" тамойили асосида аҳоли томорқаларида ҳам етиштириш мумкин.

Кенгаш вакиллари бу қимматбаҳо мевани етиштириш, сақлаш, чуқур музлатиш, ташиш ва сотиш технологиялари тўғрисида билим ва тушунчанинг етишмаслиги энг муҳим муаммо эканини маълум қилишди. 

Шу боис пандемия чекловлари бекор бўлганидан сўнг маҳаллий мутахассисларни хорижий давлатларда амалий ўқишини ташкил этиш ва маҳаллий ҳудудларга хорижлик мутахассисларни таклиф қилган холда сайёр ўқув курсларини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. 


@AGROBLOGER канали

uza.uz

Report Page