...

...

@AGROBLOGER

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президентимизнинг 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари, тегишли бошқармалар бошлиқлари ва вилоятлардаги қишлоқ хўжалиги кооперациялар масъуллари иштирок этган тадбирда асосий эътибор мазкур ҳужжат асосида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва тизимдаги муаммоларни ҳал этиш борасида қилинаётган ишларга қаратилди.

Қайд этилганидек, ушбу қарор бўйича тажриба синов тариқасида Жиззах вилоятининг Зомин, Ғаллаорол туманларида, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут туманларида, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманлари, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува туманларида жами 41 та мева-сабзавотчилик йўналишида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилди. Улар Давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтган ва уставлари тасдиқланган.

Бирлашмаларга 26,7 минг гектардан ортиқ майдонда фаолият юритувчи 1 минг 128 та фермер хўжалиги, 22 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, 29 та экспортёр, 10 та тайёрлов корхонаси ва 3 та бошқа ташкилот, жами 1192 та субъект ихтиёрий аъзо бўлган. 

Қишлоқ хўжалиги бирлашмалари томонидан 30,7 минг тонналик музлаткичли камералар, қуввати 11,2 минг тонналик мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш, 1,8 минг тонналик қадоқлаш, 10,5 минг тонналик қайта ишлаш цехларини ишга тушириш, 15 гектар майдонда замонавий интенсив боғ ва 3 гектар майдонда иссиқхона ташкил қилиш ва 81 та махсус юк ташиш транспорти ва қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

– Жорий йилда бирлашмаларга аъзо бўлган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан 264,8 минг тонна мева-сабзавот етиштириш, 51 миллион долларлик 81,6 минг тонна маҳсулотларни экспортга чиқариш прогноз қилинган, – дейди Аграр тадбиркорлик, агрокластерлар, хўжалик бирлашмалари ва давлат хусусий шерикчиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулла Йўлдошев. – Бугунга қадар ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги бирлашмалари томонидан 63,9 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан қиймати 2 миллион 96 минг долларлик 3,3 минг тоннадан ортиқ маҳсулотлар экспорт қилинган.


Тизимни янада такомиллаштириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мунтазам равишда халқаро экспертларни жалб этган ҳолда қишлоқ хўжалик бирлашмалари ходимлари ва аъзоларининг кооперация муносабатлари бўйича билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Германия ҳалқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Тошкентдаги ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилган “Кооперативларни бошқариш тамойиллари” мавзусидаги ўқув-семинарларда Жиззах ва Фарғона вилоятлари қишлоқ хўжалиги бирлашмалари раҳбарлари, вазирликнинг ҳудудий бўлимларидаги аграр тадбиркорлик, агрокластерлар ва хўжалик бирлашмаларини ривожлантиришга масъул бўлган ходимлар фаол қатнашди. Мақсад бу соҳада хориж тажрибасини ўрганиш, мавжуд муаммоларни тизимли бартараф қилишдан иборат.

Тадбирда қишлоқ хўжалик бирлашмалари вакиллари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Фарғона вилоятининг Қува туманларидаги "Qubbo fruit export" қишлоқ хўжалик бирлашмаси бугунга қадар 1 миллионн 331,4 минг долларга тенг мева-сабзавот маҳсулотини экспорт қилган.

– Бу йилги мавсум ҳали якунланмаган бўлса ҳам, кўраётган даромадимиз ўтган йилга нисбатан анча яхши бўлди, – дейди бирлашма раҳбари Ғайратжон Мамадаминов. – Бугунги кунда бирлашмамизга 15 та фермер хўжалиги аъзо сифатида қабул қилинган. Улар билан ҳамкорликда ички ва ташқи бозор эҳтиёжига қараб маҳсулот етказмоқдамиз. Ҳудудимиз 182,2 гектар бўлиб сув етишмовчилиги сезилади. Шуни ҳисобга олиб, келгусида боғдорчилик ва деҳқончиликда томчилатиб суғориш технологиясини кенгроқ қўллашни мақсад қилганмиз.


Матбуот анжуманида қишлоқ хўжалиги кооперацияси бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, соҳага кредит линияларини ажратиш, сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва малакали агрономларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Журналистлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

uza.uz

@AGROBLOGER

Report Page