...

...

@AGROBLOGER

Ёки бобосидан мерос анжир дарахти бир тупидан 500 килограмм ҳосил олган 85 ёшли отахон ва унинг қишлоқдошлари ҳақида бир шингил сўз.

Гап Ромитаннинг сўлим Қўрғон қишлоғи ҳақида бораяпти.Бу тарихий гўша Етти пирнинг иккиси – Хўжа Али Ромитаний ва Хўжа Бобойи Самосий қадамжолари оралиғида жойлашган.Шу боисдан Қўрғонга “Дуои пир кетган жой” деган иборани ишлатишади.Унга Ромитаннинг табиий дорихонаси, деб ҳам таъриф беришади.Бу бежиз эмас.

-Ҳудудимизда 315 та хонадон, 555 та оила яшайди,- дейди “Қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Рухилло Султонов.-Шуларнинг ҳаммасида катта – кичик анжирзору анорзор бор.Бизда ўғил учун иморат тиклашдан аввал анжирзор барпо этиш анъанага айланган.Одамларимиз сабр – тоқатли, ориятли.Ёрдамга муҳтож бўлиб қолганда ҳам кўмак сўраб келавермайди.Сабр қилади.Анжир пишишини кутади.Уни бозорда сотиб, рўзғор каму кўстини тўлдиради.”Менга ёрдам беринг” дея маҳалламиз эшиги остонасидан ҳатлайдиганлар бармоқ билан санарли.

-Ҳовлимдаги мана бу анжирзор билан анорзорни ҳали бу уйни тикламай туриб, 1975 йилдабарпо қилганман,-дейди 70 ёшли отахон Баҳрон Қурбонов.- Шу йил 20 миллион сўмга яқин даромад олдик.Яна 40 туп анжир кўчати ўтқазиш тараддудини кўраяпман.

Оила бекаси Ҳурматой Зарипованинг таъкидлашича, эрталаб тўрт – беш дона анжир еган киши тушга қадар тўқ юради.”Анжирдан туршак қиламиз, мураббо тайёрлаймиз.Дастурхондан бу неъмат қишу ёз аримайди.Шу боисдан невараларим соғлом.Дори – дармон сотиб олгани дорихонага борганимизни эслай олмайман”, дейди у.

Қўрғоннинг кексаларидан бири, салкам 30 йил педагоглик қилган Қайим Тоғаевнинг ҳовлисида эса 100 тупга яқин анжир бор.

-Анжирнинг илдизи қаримайди,- дейди 85 ёшли отахон.-Бу анжирзор отамдан, отамга эса бобомдан қолган.Жуда серҳосил.Мана бу анжир дарахтидан шу йил 500 килограмм ҳосил олдик.Биргина анжирнинг ўзидан 20 миллион сўм даромад кўрдик.Сизга айтар бўлсам, 8 нафар ўғил – қизни вояга етказиб, уй – жойли қилганман.Муаллимлик ва томорқа ортидан барча орзу – ҳавасларга эришдим.55 нафар невара – эварам бор.Ҳаммаси анжир, анор еб соғлом вояга етишмоқда.

Биз бу сўзларга ишонч ҳосил қилиш учун шу ҳудуд аҳолисига тиббий хизмат кўрсатаётган Миёнсарой қишлоқ врачлик пункти мудири Қўлдош Жамолов билан суҳбатлашдик.

-33 йилдан буён шифокорман, - дейди Қўлдош ака.-Мен аллақачон анор, айниқса, анжир истеъмол қилиш кони фойда, деган хулосага келганман.Анжир ошқозон – ичак касалликларини даволашда фойда беради.Барги қайнатилиб чой ўрнида ичилса қанд касаллиги билан оғриган беморларга,шунингдек, баргини қайнатиб, сув муолажаси олинса оёқ бўғинлари оғриғига нафи тегади.Сутда қайнатилган анжир туршаги йўтални бартараф этади.Унинг фойдали хусусиятлари ҳақида Абу Али ибн Сино ҳам ёзиб қолдирган. Бизда чиндан ҳам анжир ва анор кўп истеъмол қилинади.Бунинг самарасини биз, шифокорлар кўриб турибмиз.Ҳудудимизда камқонлик, бўқоқ касалликлари деярли учрамайди.Умумий касалликлар кўрсатгичи 10 – 12 фоиз атрофида.Бошқа ҳудудлар билан таққослаганда бу нисбатан кам.

Бу ҳақда алоҳида тўхталишимнинг боиси бор.Агарфарзанд кутаётган аёл камқонлик касаллигидан озор чекса, ундан соғлом зурриёд дунёга келишига кафолати йўқ.Мен бир шифокор сифатида табиий маҳсулот саналган анжир, анор, олма каби меваларнидоимий тарзда истеъмол қилишни тавсия этаман.

Баҳрон ака –ю, Қайим отанинг ҳамда шифокор Қўлдош Жамоловнингсўзларини тинглаб, шундай хулосага келдик:Қўрғонга “Ромитаннинг табиий дорихонаси” дея таъриф беришгани бежиз эмас экан.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи” мухбири

@AGROBLOGER

Report Page