...

...

AGROBLOGER

Фарғона вилояти, Қўштепа туманида “Grapes and Gardens Investment” акциядорлик жамияти томонидан интенсив боғлар яратишга киришилган. 100 гектарда ўрик, 52 гектарда гилос экилган бўлиб, томчилатиб суғориш, сунъий соя қилиш ускуналари ўрнатилган. Айни кунларда бу ерда саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ишлари бошланди. Шу кунга қадар жамиятга қарашли 19 гектар экин майдонларига саримсоқпиёз, пиёз, шолғом, редиска, укроп, кашнич уруғлари қадалди.


Негаки, тўқсонбости маҳсулотлар эрта баҳорда, аҳолининг айнан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаби ортган вақтда пишиб етилиши бозорларимизда ушбу маҳсулотлар нархи асоссиз ошиб кетишининг олдини олади.


– Тўқсонбости усули фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари учун катта имконият яратиб берди, – дейди мазкур жамият бош агрономи Толибжон Ғофуров. – Жорий йилда 70 гектар боғ ораларида саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулда сабзавот маҳсулотлари етиштириш борасида иш олиб боряпмиз. Шу мақсада экин майдонлари кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, деҳқончилик ҳадисини олган оилаларга ижара асосида бўлиб берилди. 


Улар сабзавот маҳсулотлари етиштириш асносида боғ қатор ораларидаги мевали дарахтлар парваришлашда ёрдам беради. Келаси йил бу борадаги ишлар ҳажми икки ҳиссага ошади. Бу самарали усул экин майдонларининг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш, ички ва ташқи бозорга маҳсулот экспорт қилиш ҳажмини кескин ошириш имкониятини беради.


Халқимизда “Тўқсон кунда товоқда”, “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган пурмаъно мақоллар бор. Бу нақл бежиз айтилмаган, албатта. Негаки, экинларни кузда экиб, қор остида қолдириш усулига тўқсонбости деб айтилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай экинларнинг уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради. 


Тўқсонбости маҳсулотларни кузда экишнинг яна бир сабаби шундаки, шу вақтда экилган саримсоқпиёз кўкламда экилганига нисбатан кўпроқ ҳосил беради. Шунингдек, бу самарали усулда ишловчиларни кластер ва кооперацияларга жамлаш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасида яратиб берилган имтиёз ва имкониятлар тармоқ ривожида катта аҳамиятга эга.


Кенг пайкаллар бўйлаб экилган кузги сабзавот экинлари баравж ривожланмоқда. Саноқли кунлардан сўнг шифобахш ва витаминларга бой маҳсулот турларининг бир қисми савдога чиқарилади.


– Ижара асосида бир гектар ер олиб, бир қисмига саримсоқпиёз,тўқонбости усулда пиёз, редиска экдим, – дейди Аҳаджон Усмонов. – Айни кунда кузги редискани сотувга чиқардик. Ҳосил чўғи чакки эмас. Меҳнатимизга яраша даромад оляпмиз. Саноқли кунлардан сўнг кўкпиёзни бозорга чиқарамиз.


Дарҳақиқат, бир гектар майдонга экилган саримсоқпиёз ўрта ҳисобда 10 тонна ҳосил беради. Бир килограмм маҳсулотнинг бугунги бозор баҳоси 30-35 минг сўмлиги ҳисобга олинса, даромад чўғини чамалаб олиш қийин эмас. Қолаверса, ”илик узилди” пайтида пишиб етилган сабзавотлар ҳамиша харидоргир. Деҳқонлар таъбири билан айтганда, бу усулда меҳнат қилган деҳқон йилнинг тўрт фаслида мўмай даромад олиш имкониятига эга.



@AGROBLOGER канали

М.СУЛАЙМОНОВ,

М.ҚОДИРОВ (сурат),

ЎзА,uza.uz


Report Page