...

...

@AGROBLOGER

Ижтимоий тармоқларда Хўжайли тумани Халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари 17 октябрдан пахта теримига мажбуран чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан вазият ўрганиб чиқилди.

Мазкур ҳолат жорий йилнинг 19 октябрь, шанба куни Хўжайли тумани прокуратураси ва туман бандликка кўмаклашиш маркази мутахассислари иштирокида ўрганилган бўлиб, ўрганиш жараёнида туман ҳокимининг ўринбосари Қ.Сейтмуратов, туман Халқ таълими бўлими бошлиғи К.Файзуллаева ҳамда бўлимга қарашли мавжуд 42 та умумий ўрта таълим мактаби директорларидан батафсил тушунтириш хатлари олинган. Умумтаълим мактаблари директорлари ўз тушунтириш хатларида бирор-бир шахс уларни пахта теримига ёки бошқа турдаги мажбурий меҳнатга жалб қилмаганлигини баён қилган.

Шунингдек, туман Халқ таълими бўлими бошлиғи К.Файзуллаева ўз тушунтириш хатида умумий ўрта таълим мактабларининг 2213 нафар ўқитувчиси томонидан белгиланган дарс соатлари мунтазам равишда узлуксиз ўтиб келинаётганлигини, ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари умумтаълим мактабларининг техник ходимлари ихтиёрий равишда, қўшимча даромад топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 9 сентябрдаги «2019 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 752-сонли қарорига асосан туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан тузилган шартнома асосида чиқаётганлигини баён қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Хўжайли тумани ҳокимининг ўринбосари Қ.Сейтмуратов билан гаплашилганда у туманда ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишларга масъул эканлигини билдирди ва жорий йил пахта мавсуми аввалги йиллардан фарқ қилиб, мажбурий эмаслигини, аксинча, ихтиёрий қўшимча даромад топишга қаратилганлиги билан ажралиб туриши ҳақида туман ҳокимлигининг расмий Telegram, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқлари орқали эълон берганлигини, бироқ 2019 йилнинг 17 октябрь кунида ҳеч қандай йиғилиш ўтказмаганлигини билдирди.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида Хўжайли тумани ҳокимлиги томонидан оммавий пахта терими мавсуми бошланганлиги, жорий йилги пахта мавсуми аввалги йиллардан фарқли бўлиб, энг асосийси мажбурий эмаслиги, аксинча, ихтиёрий қўшимча даромад топишга қаратилганлиги билан ажралиб туриши ҳамда ҳукумат қарори билан белгиланган имтиёзлар, бюджет ташкилотлари, таълим муассасалари, мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт ходимлари, вояга етмаганлар ва ўз розилиги бўлмаган барча фуқароларни пахта теримига жалб этиш қонун доирасида қатъий тақиқланганлиги ҳақида 9 сентябрь куни қатор сайтлар ҳамда туман ҳокимлигининг расмий Telegram, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқлари орқали эълон берилганлиги аниқланди.

Ўрганиш натижасида жорий йилнинг 19 октябрь куни тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг бир гуруҳи 17 октябрдан мажбурий тарзда пахта теримига чиқарилаётганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда чоп этилган мақола асоссиз эканлиги аниқланди ва ўз тасдиғини топмади.

«Мазкур ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олиниб, Хўжайли тумани умумтаълим мактаблари раҳбарларига яна бир маротаба республикада фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқи кафолатланганлиги, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, бирон-бир жазо қўллаш билан қўрқитган ҳолда ишларни бажаришга мажбурлашни тақиқловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси қатъий назоратга олинганлиги тушунтирилди», — дейилади хабарда.

daryo.uz

@AGROBLOGER

Report Page