...

...

AGROBLOGER

Қишлоқ хўжалиги ерлари муносабатларининг барқарорлигини таъминлаш, ерларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва мониторинг қилиш тизимини жорий этиш мақсад қилинган.

Президентнинг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобини юритиш, ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторинг юритиш тизимини такомиллаштириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишга доир функциялари, ваколатлари ва мазкур функцияларни амалга ошириш юклатилган штат бирликлари;

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги марказий аппаратидаги Ер ва кадастр назорати бошқармаси, унинг тизимидаги “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда “Геоинформкадастр” давлат унитар корхонаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида бошқарув ходимларининг чекланган сони 135 нафардан иборат бўлган Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилади.

Инспекциясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш;

қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши бўйича давлат назоратини олиб бориш;

қишлоқ хўжалиги ерларини ажратилишда қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини назорат қилиш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш.

Белгиланишича:

давлат ер кадастри фақат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан юритилади;

Инспекция ўз фаолияти бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳисобот беради, унинг фаолияти Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари бўйича ўринбосари бир вақтнинг ўзида Инспекциянинг раҳбари ҳисобланади;

Инспекция ходимларига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади;

Инспекция аниқланган қоида бузишлар ва камчиликларни бартараф этиш тўғрисида тегишли вазирликлар, идораларга, шунингдек, ташкилотлар ва корхоналарга бажарилиши шарт бўлган кўрсатма ва тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга;

Инспекция зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотлар, ҳужжатлар ва бошқа материаллар уларнинг қонуний талабига кўра бепул тақдим этилади;

давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар Инспекцияга унинг зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиши шарт;

тадбиркорлик субъектларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш ўрганиш ишлари, шунингдек, ер участкалари чегараларини белгилаш, ерларни хатловдан ўтказиш ва ўлчаш, уларнинг норматив қийматини аниқлаш, ерлардан мақсадли фойдаланилишини ўрганиш ҳамда геоботаник ва тупроқ-тадқиқот ишлари Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган ҳолда амалга оширилади.


@AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page