...

...

AGROBLOGER

Тошкент вилояти Бўка туманида фаолият юритган фермер Нуриддин Абдуғаффоров салкам икки йилдан буён суд ва ижро ҳокимияти ўртасида сарсон бўлмоқда. Дастлаб, туман ҳокимлигининг ноқонуний қарори, сўнгра суд ва прокуратура органларининг эътиборсизлиги туфайли фермер боши берк кўчага кириб қолган, аммо у курашдан тўхтамаяпти.

«Мен Тошкент вилояти Бўка туманида туғилганман, ёшим 59да. Уч нафар фарзандим бор. Тошкент давлат политехника институтининг Механика факультетини тугатганман. 2007 йилдан фермер хўжалигида ишлай бошладим. Ишлаш давомида керакли механика воситаларини ўз даромадимга сотиб олдим. Фермер хўжалигининг ер майдони 64,7 гектар эди, асосан пахта-ғаллачиликка ихтисослаштирилган. Биз қўшимча ишчи кучи яратиш, қўшимча даромад учун чорвачилик ва асаларичиликни ҳам ривожлантирдик. Аммо 2019 йил январь ойида оптимизация бошланди», — дея ҳикоясини бошлади фермер.

Нуриддин Абдуғаффоров ерларни оптимизация қилиш сиёсатидан азият чекиб, ерини йўқотди. Кейинчалик туман ҳокимининг тегишли қарори устидан прокуратура ва судга шикоят қилди. Унда бунга етарли асос бўлганди.

«Ташкилот раҳбарларининг ўзлари ички комиссия тузиб ишни кўриб чиқишган. Улар 112 гектар ерни менга бериш лозим, деб топишган. Икки кундан сўнг депутатлар сессиясида ташкилотлар раҳбарлари билан бизни йиғишди, ўша вақтда туман ҳокими ўринбосари бўлган Умид Йўлдошев «мен рад этдим» деб лойиҳани «Абдужаббор фермер хўжалиги»га бериб юборди.

Мен кўп жойларга — бир неча бор президент порталига ҳам мурожаат қилдим. Бу вақт давомида янги ҳоким тайинланди. Мен ва мазкур вазиятдан норози бўлган йигирмага яқин фермерлар ҳокимга мурожаат қилдик. У мурожаатномам билан танишиб, мени лойиҳага муносиб кўрди. Ўша ерда ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчиси Абдусамат Носиров бор эди. Туман прокурори, ИИБ бошлиғи 2019 йил 20 март куни Абдусамат Носировдан «берилган ерни бошқатдан кўриб чиқайлик», деб сўраганида, у киши «агар бунга ерни берсак, бошқалар ҳам жанжал қилади, бунинг орқасида икки юз-уч юз одам турибди», дея жавоб қилган. Масала суд орқали ҳал этилиши маъқул кўрилди», — дейди у.

Фермер ўзининг ҳуқуқий жиҳатдан ҳақ эканини исботламоқчи бўлди. Масалан, 2019 йил 30 январда Бўка тумани ҳокимининг 182-сонли қарорни қабул қилиш учун Ўзбекистон Ер кодексининг 36-моддаси 1-қисми талаби (Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишида ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш) ўрнатилган тартибда бажарилмаган.

«2018 йил ҳаво кескин исиб кетгани учун пахта режаси бажарилмади. 2018 йил ноябрь ойи охирларида туман прокурори туман йўл-ҳаракат хавфсизлиги бўлими раҳбарига машинани олиб қўйишга буйруқ берган. Машина прокуратурада 16 кун қолиб кетди. Шунгача мендан ариза ёзиб беришни сўраганди. Аризада кредит тўловини амалга оширолмасам, ерни туман захирасига олишларини ёзгандим, лекин мен бу аризага имзо ҳам сана ҳам қўймаганман», — деди фермер.

Ўтган бир неча суд ишида Нуриддин Абдуғаффоровнинг ушбу важи тўлақонли ўрганилмади. Негаки, унинг аризаси (2018 йил ёзилган, аммо 2019 йил ерни қайтариб олишда асос қилиб олинган) билан шуғулланган туман ҳокимлиги ходими Анвар Ортиқов судга чақирилмади.

«Бу аризани туман ҳокимлиги реализация қилиб, аризани кўп марта рўйхатдан ўтказди. Лекин мен ўз хоҳишим билан бориб, ҳокимиятга ерни ихтиёрий равишда топшираман демаганман. Бундан ташқари, ерни захиралаш учун асос қилиб олинган ҳужжат — туман фермерлар кенгашининг хулосаси Ер бериш ва уни реализация қилиш комиссиясида кўрилмаган. Туман депутатлари кенгашида ҳам кўрилмаган. Мен билан тузилган ижара шартномаси ҳам бекор қилинмаганди», — дейди у.

Судда кўрсатма берган туман фермерлар кенгаши раиси К.Бойқўзиев ва ҳуқуқшуноси А.Мажидов ҳам Абдуғаффоровнинг аризаси кенгашга келиб тушмагани, бу бўйича хулоса берилмаганини таъкидлаган. Бу эса Ер кодексининг 36-моддаси 1-қисми талаби бузилишидир.

Туман ҳокими қарорида фермер билан тузилган ижара шартномаси унинг ерни ихтиёрий топшириш тўғрисидаги аризасига биноан бекор қилиниши кўрсатилган. Ҳукуматнинг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори билан қабул қилинган низомга кўра, ерни мақбуллаштириш мақсадида тегишлича олинган ариза туман ҳокими номига ёзилади ва у уч кунда фермерлар кенгашига тақдим этилади. Фермердан олинган ариза ишончли бўлмагани, у ҳукумат тасдиқлаган низомда кўрсатилган тартиб ва таомил бўйича тўлдирилмагани, шунингдек, белгиланган тартибда фермерлар кенгашига топширилмагани судда тасдиқланган.

Тартибга кўра, фермерлар кенгаши аризани ўрганиб, тегишли хулосани тайёрлаб, ҳужжатларни Ер бериш ва реализация қилиш комиссиясига юбориши керак. Низом талабига кўра, комиссия тақдим этилган ҳужжатлар асосида фермер хўжалиги ер майдонини ихтиёрийлик асосида мақбуллаштириш масаласини бир ҳафта муддатда кўриб чиқади, унинг натижасида қабул қилинган комиссия қарори, баённома ва фермерлар кенгаши хулосаси халқ депутатлари туман кенгашига юборилади. Депутатлар тегишли қарорни қабул қилгач, буни ҳокимга юборади. Фермер Нуриддин Абдуғаффоровнинг ерларини тортиб олишда амалдаги мана шу тартиблар бузилган.

Ҳокимнинг фермер Нуриддин Абдуғаффоровнинг ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарорига Халқ депутатлари Бўка туман кенгашининг 2019 йил 30 январдаги сессияси қарори асос қилиб олинган. Аммо сессияда бу фермернинг ер ижара шартномасини бекор қилишга розилик берилган эмас, бу масала сессия кун тартибига ҳам киритилмаганди. Демак, фермернинг туман ҳокими билан тузилган ер ижара шартномаси ҳануз ўз қонуний кучини йўқотмаган. Аммо ўтказилган суд ишларида бунга эътибор қилинмаган, келтирилган важлар инобатга олинмаган. Нуриддин Абдуғаффоров яна бир қанча асосларни келтириши мумкин, аммо у суд ва ижро ҳокимияти ўртасида сарсон, тинглайдиган одам йўқ.


«Мен Ўзбекистонда қонун устуворлигига ва суд томонидан адолатли қарор чиқарилишига ишонаман. Ўтган бир йил давомида ҳеч қандай иш қилолмадик, беш ака-ука, фарзандларим — барчамиз суд жараёнлари билан оворамиз. Агар еримиз олиб қўйилса, бошқа иш излашимизга тўғри келади. Агар еримни қайтариб беришса, режаларим фермерлик фаолиятини янада кенгайтириш, иш ўринлари яратиш, халққа ёрдам бериш», — дея сўзини тугатди у.

Нуриддин Абдуғаффоров ва унинг адвокати қуйи инстанция қарори устидан Тошкент вилояти маъмурий судига шикоят киритган. Ишни кўриб чиқиш 20 октябрь куни бошланиши маълум қилинган.


Алишер Рўзиохунов

Тасвирчи ва монтаж устаси — Отахон Юсупов

@AGROBLOGER канали

kun.uz


Report Page