...

...

AGROBLOGER

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги “Biogumus Farm” фермер хўжалиги томонидан етиштирилган 72 тонна қуритилган помидор Франция давлатига экспорт қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йил бошидан 7 миллион АҚШ доллари қийматидаги 14 минг 512 тонна мева-сабзавот маҳсулоти асосан Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Ироқ давлатларига экспорт қилинган. Ҳудудда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ўтган йилга солиштирганда қарийб 2 баробарга ортган.


Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида 243,8 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорти амалга оширилган. Бу кўрсаткич ҳудуднинг умумий ташқи савдо айланмасининг 68 фоизини ташкил қилади. Кимё саноати, фармацевтика маҳсулотлари билан бир қаторда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳам бугун ҳудуднинг экспорт салоҳиятида барқарор ўринга эга соҳалардан саналади.


Бошқарма томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириб, уларга тегишли ишлов бериб, жаҳон бозорларига экспорт қилиш пировардида маҳаллий аҳолини иш ўринлари билан таъминлаётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти яқиндан ўрганилиб, уларга божхона расмийлаштируви ва назорати бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Серқуёш заминимиз, сермаҳсул тупроғимизда етиштирилган помидор маҳсулотларини табиий шароитда қуритиб, экспорт қилаётган “Biogumus Farm” фермер хўжалиги мамлакатимиз экспорт салоҳиятида камхарж янги йўналишни очиб берди. Мазкур фермер хўжалигига тегишли Нукус туманидаги 30 гектар ерга қадалган помидорнинг махсус навидан олинган ҳосил ўзига хос ширин таъмга эга.


– Франция давлатидан келтирилган махсус уруғдан алоҳида парвариш йўли билан ўстириладиган помидорни тузлаб, табиий шароитда қуёш нури остида қуритиш кўп харажат талаб қилмайди, – дейди “Biogumus” фермер хўжалиги иш юритувчиси Шерзод Ниязимбетов. – Табиий шароитда қуритилган помидор маҳсулотига Франция, Италия бозорларида талаб ортиб бормоқда. Ўтган йил 36 тонна қуритилган помидор маҳсулотини экспорт қилган бўлсак, бу йил бу кўрсаткич 2 бараварга ошди.

Март ойидан табиий дала шароитида иш бошлаб, июль-август ойларида ҳосилни териб оладиган мазкур фермер хўжалиги мавсум давомида 180-200 нафар кишини, асосан аёл-қизни мавсумий иш билан таъминлаб келмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари “Biogumus” фермер хўжалигида бўлиб, 18 тонна вазндаги қуритилган помидор маҳсулотининг Франция давлатига экспорт қилинишида амалий ёрдам кўрсатди. Божхона расмийлаштируви электрон тарзда, назорати эса шу жойнинг ўзида қисқа фурсатларда амалга оширилди.


@AGROBLOGER канали

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА

uza.uz

Report Page