...

...

@AGROBLOGER

Мамлакатимиз ёғ-мой саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган ўсимлик мойи табиийлиги, арзонлиги ва сифати билан ажралиб туради. Ушбу маҳсулотга бўлган талаб эса кундан-кунга ошиб бормоқда. Шу боис ўсимлик мойларининг турларини кўпайтириш, сифатини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш “Ўзёғмойсаноат” уюшмасининг асосий вазифаларидан бирига айланди.

Уюшма томонидан аҳоли соғлиги учун зарарсиз, холестеринсиз шифобахш мой маҳсулотларини кенг кўламда ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида мева данаклари ва полиз маҳсулотлари уруғларини қайта ишлашга иқтисослашган 5 та корхона фаолияти йўлга қўйилди, бундан ташқари, данак мойи ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 2 та кичик корхонани ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Келгусида Республиканинг барча ҳудудларида ана шундай лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Бугунги кунда уюшма мутахассислари томонидан мамлакатимизда зайтун дарахтини етиштириш ва унинг ҳосилини қайта ишлашни ташкил этиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Маълумки, зайтун мойидан дунёда асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни, шунингдек, қимматбаҳо косметик маҳсулотларни тайёрлаш жараёнида кенг кўламда фойдаланилади.

Зайтун мойли ўсимликлар гуруҳига киради. Унинг мевасидан сифатли, ҳазм бўлиш хусусияти юқори бўлган, инсон организми учун фойдали шифобахш мой олинади. Зайтун мойи таъмининг хушбўйлиги, дориворлиги билан истеъмол мойлари ичида биринчи ўринни эгаллайди.

Зайтун мойи тўйинмаган ёғ кислоталари (75% олеин, 13% линол, 0,55% линолен)дан ташкил топган бўлиб, бу моддалар организмда холестерин даражасини камайтиради. Унинг таркибида А, Д, К, Е, Ғ витаминлари ва полифеноллар мавжуд. Бу моддалар атеросклероз, саратон касалликларининг олдини олади ва ҳужайралар қариш жараёнини кечиктириб, тери қаватини тиклайди.

Бу меванинг мойидаги ёғ клетчаткаси организм томонидан яхши ўзлаштирилади, ошқозондаги кислота концентрациясини пасайтиради ва ошқозон яраси ҳамда гастритдан ҳимоя қилади. Зайтун мойи ичаклар, ошқозон ости бези ва жигар иш фаолиятини яхшилайди, ўт халтасида тошлар пайдо бўлишига тўсқинлик қилади, суякларнинг ўсишини кучайтиради, қон босимини яхшилайди, кўкрак безлари ва саратон каби касалликларнинг олдини олади. Ушбу ўсимлик мевасини радиацияга қарши профилактик восита сифатида астронавтларнинг овқат рационига киритилган. Зайтун мойи эркин радикалларни нобуд қилади ва организмни гиалурон кислотаси билан таъминлайди. Мойининг таркибидаги фойдали моддалар диабетга қарши профилактик чора бўлиб, қондаги глюкоза миқдорини 12 фоизгача туширади. Ошқозон-ичак шамоллашларига, кимёвий суюқликлар билан заҳарланганда ёки куйганда ҳамда турли ҳашаротлар чаққанда зайтун мойидан фойдаланиш яхши самара беради.

Савдо расталарида сотилаётган Испаниядан келтирилган биринчи сиқишда олинган бир литр зайтун мойининг нархи ўрта ҳисобда 40-45 минг сўм, Туркиядан келтирилган учинчи сиқишдан олинган ушбу маҳсулотнинг баҳоси 25 минг сўмни ташкил қилади.

Мазкур ўсимликнинг нафақат меваси ва мойи балки барги ҳам шифобахш хусусиятга эга. Жумладан, баргларидан тайёрлаган дамламалар гипертоник касалликларига, атеросклерозга ва семиришга қарши профилактик воситадир.

 Зайтун дарахти мелиорант ўсимлик бўлиб, тоғ ва тоғолди ҳудудларида экиш мумкин. У тупроқни сел ювилишидан, эрозиядан сақлайди ва мустаҳкамлайди. Дарахтнинг ажойиб хусусиятларидан бири унинг узоқ умр кўриши ва бақувват илдизга эгалигидир. Зайтун ўсимлиги зайтундошлар оиласига мансуб бўлиб, 1000 йилгача умр кўради. Илдизлари попук илдиз бўлиб, бўйининг баландлиги 8-10 метргача етади, айрим турлари 4-6 метрни ташкил қилади.

Ўзбекистон шароитида 3-4 йилда зайтун мевалари ҳосилга киради. Зайтун қурғоқчиликка чидамли, 13-18 даража совуққа бардош беради. Зайтуннинг пишган меваси таркибида 25-80 фоиз буғланмайдиган мой мавжуд. Мойи ажратиб олинган кунжараси эса чорва моллари учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Аммо зайтуннинг ҳўл меваси истеъмолга ярамайди, уларни тузлаб ёки қайта ишлаш йўли билан истеъмолга йўналтириш мумкин. 

Зайтун бир гектар майдонда 350-400 тупдан экилади, ҳар бир дарахтдан 50-70 килограмм ҳосил олиш мумкин.

Яқинда уюшма мутахассислари Сурхондарё вилоятида хизмат сафарида бўлиб, зайтун дарахти етиштираётган вилоятнинг Олтинсой тумани, Биби Зайноб маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Эрали Шахрон” фермер хўжалиги раҳбари Рахмонов Қўшбоғ Рахмонович билан соҳанинг истиқболи тўғрисида суҳбатлашди.

  • Бундан бир неча йил олдин бир гуруҳ олимлар билан биргаликда Туркия давлатидан 30 дона зайтун кўчатини олиб келиб, 35 сотих майдонга экдим, - дейди Қўшбоғ Рахмонов. – Бу йил 200 килограмм ҳосил олишни мўлжаллаб турибман. Бир дона мевасининг оғирлиги 12-18 грамм келади. Меваси пишгандан сўнг тўқ бинафша, қорамтир тусга киради. Данаги чўзинчоқ, пўсти жуда қаттиқ. Мевалари октябрь-ноябрь ойларида пишиб етилади. Тажрибалардан келиб чиқиб, шуни айтишим мумкинки, ушбу соҳанинг келажаги порлоқ.

Миришкор деҳқоннинг таъкидлашича, зайтун етиштириш осон иш эмас. Шунга қарамай ўтган асрнинг 40-йилларигача зайтун дарахти юртимизнинг турли ҳудудларида парвариш қилинган. Демак, бизнинг шароитимизда ҳам зайтун етиштириш имконияти мавжуд.

  • Уюшма томонидан Ўзбекистон шароитида зайтун етиштириш истиқболлари ўрганилмоқда, - дейди уюшма хом ашё базасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Сардор Якубов. – Ҳозирги кунда очиқ дала ва иссиқхона шароитида зайтун дарахтини етиштириш ва унинг иқтисодий самарадорлигини аниқлаш бўйича тадқиқот ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Ўрганиш натижалари ижобий самара берса, жанубий вилоятларда зайтун дарахтини экиш ишлари амалга оширилади.

Хуллас, бу мойли ўсимликни Ўзбекистон шароитида етиштириш ва унинг ҳосилини қайта ишлаш саноати тўла қувват билан йўлга қўйилса, нафақат халқимизни шифобахш мой маҳсулоти билан таъминлаш, балки уни хорижга экспорт қилиш имкони ҳам пайдо бўлади.


@AGROBLOGER

Report Page