...

...

@AGROBLOGER

Ўзбекистон чўлга айланяпти, бунга браконьерлар ҳам, мутассади амалдорлар ҳам айбдор, деб ҳисоблайди сенаторлар.

  • 2019 йилда 2017 йилга нисбатан дарахтларни кесиш 56 фоизга ошган. Айни пайтда дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлиб, салбий кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66 фоизга ортган. Бундай рақамларни 12 октябрдаги Сенатнинг 23-ялпи мажлисида сенатор Баҳодир Тажиев мамлакатда дарахт ва буталарни кесиб кетиш муаммосига бағишланган маърузасида айтди.

Браконьерлар кўпайган

Ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 4 млрд. 524 млн. сўм миқдорида жарима қўлланилган ва зарар ўрнини қоплаш белгиланган бўлса-да, 1800 дан зиёд маъмурий иш юзасидан 3 млрд. 72 млн. сўм маблағ ҳанузгача ундирилмаган.

Ўзбекистон чўлга айланяпти

Сурхондарёда 509 та, Қашқадарёда 368 та, Бухорода 271 та, Фарғонада 224 та, Хоразмда 187 та, Самарқандда 161 та ҳуқуқбузарлик содир этилган, Тошкент шаҳрида эса 203 тани ташкил қилган.

Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани, Ийк-ота МФЙ, Тошкент-Ғазалкент-Чорбоғ йўлида йўл ташкилоти 155 туп дарахтни қонунга зид равишда кестирган ва табиатга 455 миллион сўмдан ортиқ зарар етказган.

Дарахтларни ноқонуний кесиш каби ҳуқуқбузарликлар туман ва шаҳарларда эмас, балки ўрмон фонди ерларида ҳам содир этилмоқда. Ўрганишлар жараёнида аниқланишича, Сурхондарё вилояти, Бойсун туманидаги 70–80 фоиз ўрмон билан қопланган 35 минг 400 гектар майдон фермер хўжаликларига тарқатиб юборилган.

Мазкур ерлардан фойдаланиш жараёнида 100–150 йиллик Қизил китобга киритилган “Зарафшон” арчаларига зарар етказилмоқда.

Мансабдор шахслар браконерлардан қолишмаяпти

Ўрмон фонди ерларида дарахт ва буталарни қонунга хилоф равишда кесиш каби нохуш ҳолатлар ўрмон хўжалиги органлари мансабдор шахслари томонидан ҳам содир этилмоқда.

Мисол учун, Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидаги “Еттитом” ўрмон фондига тегишли 3,5 гектар майдонда Қашқадарё ўрмон хўжалиги ходимлари Б.Холмуротов, И.Қаландаров, Н.Эшбалов ва ўрмончи И.Яхшимуродовлар 2018 йил декабрь ойида жами 194 туп дарахтни қонунга хилоф равишда ҳеч бир ҳужжатсиз кесиб кетганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, вилоятнинг “Қизилтом” ўрмон бўлими ҳудудидаги “Зардолисой”, “Алмардон” ва “Шўрбулоқ” массивида жами 101 туп турли диаметрдаги “Зарафшон” арча дарахтлари ноқонуний кесилганлиги оқибатида ўсимлик дунёсига 130 млн. сўмга яқин зарар етказилган.

Аввалроқ, дарахт ва буталарни кесишда қонун талабларидан четга чиқиш ҳолатлари билан боғлиқ масала Олий Мажлиси Сенатининг 23-ялпи мажлис муҳокамасига қўйилгани, сенаторлар дарахтларни аёвсиз кесишга қарши курашга жиддий киришгани ҳақида хабар берилган эди.


togri.uz

@AGROBLOGER

Report Page