...

...

AGROBLOGER

Фарғонада анорчилик ҳақида сўз кетганда, албатта, Мастура опанинг номи фахр билан тилга олинади. Бутун умрини шу соҳага бағишлаб келаётган бу инсон бир жойда ўтиришни хушламайди. Доимо у кишини далада, аниқроғи, анорзорда учратасиз.

Турмуш ўртоғи Баҳодир ака билан ҳосилга киришни бошлаган анорзорларни кўриб, дилдан суюнади. Бундан тўрт йил олдин бу тошлоқ ва даштни кўрган киши қақраб ётган ерларда анорзор барпо этилади, деса ҳеч ким ишонмасди. Тўғри-да, сувсиз, тошлоқ ерларда боғ яратишнинг ўзи бўладими, ахир?


Ўтган давр давомида биргина Қува эмас, Қувасой шаҳри ва Тошлоқ туманининг туташ ҳудудида ҳам катта ишлар амалга оширилди. “Қува анори” агрофирмаси ташкил этилиб, Қуванинг машҳур анори шуҳратини тиклашга астойдил киришилди. Ўша жонсарак аёл – Мастурахон Сайфитдинова эса бу ишларга бош-қош.



Бу заминда етиштирилаётган анорлар ўзининг мазаси билан дунёга машҳур. Айни кунларда анорнинг серҳосил ва иқлим шароитига мос янги навларини яратиш, анорзорлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Қува анори” агрофирмасида амалга оширилаётган ишлар бунга яққол мисолдир.


Анор етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ҳамда экотуризм хизматлари кўрсатишга ихтисослашган агрофирманинг умумий майдони 300 гектардан ортиқни ташкил этади. Айни пайтда бу ердан ўндан ортиқ анор навлари парваришланмоқда.


Фарғонада анорчиликда ўзига хос мактаб бор. Айни кунларда бу ерда уни янада ривожлантириш, анорнинг янги навларини яратиш доимий эътиборда. Вилоятда 20 минг гектар майдонда анорзорлар ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Малайзия, Эрон, Чили, Озарбайжон сингари ўнлаб мамлакатларда Фарғона анорчилиги тажрибасини ўрганишга қизиқиш катта. Ватани Фарғона вилояти бўлган “Қаюм“, “Қозоқи“ каби анор навлари АҚШ ва Европа давлатларида маҳаллийлаштирилмоқда. Айни кунларда агрофирмада фойдали элементларга бой Қуванинг “Қаюм” ва “Қизилпўчоқ” анори, Қашқадарёнинг “Улфи”, Сурхондарёнинг “Қозоқи”, Озарбайжоннинг “Бола мурсан” каби кўплаб дони ва шарбати ширин анор навлари етиштирилмоқда.



– Ҳозирда 6 та анор навининг паспортини яратишга эришдик, – дейди Мастура опа. – Афсуски, охирги йилларда анорчилик соҳасида илмий изланишлар камайиб кетганди. Маҳаллий анор кўчатларини бой бердик. Бугунги кунда мазали ва ўзига хос таъмга эга анорларга талаб катта. Президентимиз бизга бу борада аниқ вазифаларни юклаган. Олимлар билан бирга ташишга чидамли, экспортбоп янги навларни парваришлаш, маҳаллийлаштириш, ўзаро чатиштириш орқали янги навлар яратиш устида илмий изланишлар олиб бормоқдамиз. Фарғона давлат университетида соҳа учун мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.


Яқинда ижтимоий тармоқларда Қувада анорнинг антиқа-ичида уруғи йўқ нави етиштирилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Мастура опадан бу ҳақида ҳам сўрадик.


– Буни мен ҳам эшитдим, – дейди у. – Албатта, анорнинг данаги, яъни уруғи бўлади. Баъзида у ўта юмшоқ бўлгани учун билинмайди. Анорзорларда бу ҳолатлар учраб туриши табиий. Умрим давомида жуда кўплаб анорнинг навларини кўрдим. Бизнинг “қизил пўчоқ”, “қора дон”, “ширин анор” каби навларимиз таъми барибир бошқача. Анорни экспорт қилишдаги бир муаммони айтмасам бўлмайди. Баъзилар шошма-шошарлик билан уни пишиб етилмасдан териб олишяпти. Бу билан хорижга пишмаган, сифатсиз маҳсулот юбориляпти. Бошқа мевалар вақт ўтиб, манзилга етгунча пишиб қолади, аммо анор ундай эмас. У қандай узилган бўлса, шундоқ қолади. Тадбиркорларимизни шунга эътибор қаратишларини сўраб қолардим.


Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида Мастурахон Сайфитдинова Президентимизнинг фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони билан тақдирланди. Бу ўзбек анорининг брендини дунёга танитаётган опа учун рағбат ва юксак эътироф бўлди.


@AGROBLOGER канали

М.Сулаймонов

М.Қодиров (сурат)

ЎзА, uza.uz


Report Page