...

...

AGROBLOGER

Жиззах вилояти Бахмал туманининг пурвиқор тоғлари, қир-адирлари, Ойқор тоғининг пастки этакларида айни кунларда олтин кузнинг сўнгги кунлари ҳукм сурмоқда. Бу ҳудудларда бир-неча кунлардан кейин ёмғирлар мавсуми бошланиб, атроф қалин қорлар билан қопланади. Шу сабабли, “BMB-OPERA ZAFFERANO” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон — Италия қўшма корхонаси масъуллари ва ходимлари, туман фаоллари ҳамкорликда мазкур ҳудудларга заъфарон экишни бошлаб юборишди. Корхонанинг тумандаги бўлимига Италиянинг Брешиа шаҳридан махсус юк машиналарида 5 миллионта юқори навли заъфарон пиёзбошлари келтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан доривор ўсимликлар кластерларини ташкил этиш бўйича белгилаб берган вазифалар асосида Ўзбекистоннинг “BMB TRADE GROUP” ва Италиянинг “OPERA SRL” компаниялари ҳамкорлигида таъсис этилган ушбу қўшма корхона доривор ўсимликлар етиштириш, қайта ишлаш, сотиш кластери сифатида фаолият кўрсатади. Мазкур қўшма корхона томонидан Бахмалда умумий қиймати 25 миллион евро миқдоридаги заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шартнома шартларига кўра Италиялик ҳамкорлар экиладиган уруғлик материалнинг дастлабки қисми, яъни 5 миллион дона заъфарон пиёзбошисини белгиланган муддатда Ўзбекистонга етказиб келди, унинг умумий ҳажми 64,5 тоннани ташкил этди.

Уруғлик келиши билан туманнинг Узунбулоқ қишлоғида қўшма корхонага ажратилган ер майдонида экиш ишларига киришиб кетилди. Шу муносабат билан заъфарон экиш технологиясини ўргатишга бағишланган кўргазмали семинар ҳам ташкил этилди. Яқинда Италиядан кейинги партия 75 миллион заъфарон пиёзбоши олиб келиниши кутилмоқда.

Мазкур лойиҳанинг афзаллиги шундаки, кейинги йилдан заъфарон қайта ишланиб, қадоқланган ҳолда Италиянинг “GEOS GROUP” холдинг таркибидаги “GESFARM” компаниясига етказилади. Шу мақсадда мазкур компания билан 12 миллион евро миқдорида олдиндан шартнома имзоланган.


@AGROBLOGER канали

Толибжон ЭРГАШEВ

xs.uz



Report Page