...

...

AGROBLOGER

Тупроқни лимон кўчатларини ўтказишга тайёрлаш. Иссиқхона ва ҳандаклар тупроғи кўчат ўтказилгунча, яхшилаб текисланган ва 600–800 кг чириган гўнг, 200 г суперфосфат ҳамда 100 г калийли ўғитлар (10 сотих ҳисобидан) солиниб 25–30 см чуқурликда ишлов берилади.

Иссиқхонада лимон кўчатини ўтказишда энг яхши экиш схемаси 3×3 м, ҳандакларда эса бир қатор қилиб бир-биридан 3 м оралиқда ўтказилади, ёки эни 6 м кенг бўлган ҳандакларда 3 қатор қилиб девордан 1 м, қатор ораси 2 м, туплар ораси 3 м экилади.

Экиш учун майдонлар 60 см. ли чуқурлар қазилиб, кўчатларни ўтказиш пайтида ҳар бир чуқурчага 10–15 кг чириган гўнг, 100–150 г суперфосфат ва 50 г калийли ўғитларни тупроқ билан яхшилаб аралаштириб солинади.

Иссиқхоналарда илдиз тизими яхши ўсган бир ёшли ва икки ёшли кўчатлар баҳорда (март) ёки кузда (октябрь) ўтказилади. Бир ёшли ўсимликларда 3–4 та биринчи тартиб пишган новдалар ва танасининг йўғонлиги 0,7–0,8 см бўлиши керак. Икки ёшли кўчатиларда иккинчи тартибдаги новдалар пишган, танасининг йўғонлиги эса камида 1 см бўлиши керак. Кузда лимон кўчати илдизига ёпишган тупроғи билан ўтказилади. Акс ҳолда ўсимликларнинг бир қисми нобуд бўлади.

Ўтказишдан олдин боғ қайчи ёки ўткир пичоқ ёрдамида охирги ўсиш даражасининг учдан бир қисми, шунингдек ортиқча новдалари, илдизининг синган қисми кесиб ташланади.

Кўчатларнинг илдиз бўғзини тупроқ сатҳидан 2–3 см юқорироқ бўлиши учун чуқурчалар олдига ўрнатилган назорат қозиқлар бўйича ўтказиш тахталари ёрдамида экилади. Кўчат ўтказилганидан сўнг унинг атрофидаги тупроқ зичланади ва бир челакдан сув қуйилади. Сўнгра ҳар бир қаторнинг иккала томонидан туплар танасидан 25–30 см масофада олинган эгатлар бўйлаб суғорилади. Ҳандакларга апрель ойида аёзли хатарлар ўтганидан кейин кўчатлар ўтказилади.

Суғориш. Кўчатлар чуқурлиги 15–20 см. ли бўйлаб ариқ сувидан жилдиратиб оқизиб, тупроқ 40–50 см чуқурлигида намлангунича суғорилади. Лекин, вегетация давомида тупроқ доимо нам ҳолатда тутилади. Ўтқазилгандан сўнг учинчи йилда суғориш эгатлари ўсимлик танасидан 50 см. га кўчирилиб, 30–40 см. гача чуқурлаштирилади.

Лимон ўсимликлари қулай ўсиши ва яхши мева бериши учун тупроқнинг тўла нам сиғими 70–85 фоизни ташкил этиши керак. Суғоришлар бўлиб-бўлиб мавсум давомида 25 мартагача ўтказилиади. Уларнинг миқдори об-ҳаво шароити ва ўсимлик ҳолатига қараб белгиланиб, декабр, январ, февралда – 1 маротабадан, мартда – 2 маротаба, апрель ва майда – 3 маротабадан, июнда – 4 маротаба, июль ва августда – 4–5 маротаба, сентябрда – 3 маротаба, октябрда – 2 маротаба, ноябрда – 1–2 маротаба, шу жумладан 5–6 маротаба гўнгли шарбат билан суғорилади. Иссиқ ёз кунларида кечқурун ва эрталаб суғорилади. Ҳар бир суғоришдан кейин тупроқ 10–15 см чуқирлигида юмшатиш зарур.

Баҳорда иссиқхонанинг ҳаво ҳарорати кескин ошганида, баргларнинг сарғайиши ва тўкилиши кузатилиб, олдини олиш учун қуёшли, совуқ бўлмаган кунларда ҳаво билан тупроқ ўртасидаги ҳарорат, барглар буғланган сув билан илдизлар томонидан тупга етказиб берилаётган сув ўртасидаги мутаносибликни шамоллатиш орқали бартараф этилади.

Тупроққа ишлов бериш. Қиш фаслида тупроққа 25–30 см чуқурликда ишлов беришда чириган гўнг ва суперфосфат солинади. Кейинчалик тупроқни юмшатиш, суғориш ёки гўнгли шарбат бериш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш вақтига тўғрилаб олиб борилиши керак.

Тупроққа ишлов беришда ўсимликнинг 15–35 см чуқурликкача ётган илдиз системаларини шикастламаслик учун эҳтиётлик билан иш кўриш керак.

Бегона ўтларни ўташ ва уларни иссиқхона хамда ҳандаклардан чиқариб ташлаш зарур, чунки улар ўсимликларни шира ва бошқа зараркунандалардан зарарланиши учун манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ўғитлаш. Кўчат ўтказилгач, иккинчи йилдан бошлаб ҳар йили қиш олдидан ишлов беришда гўнг ва суперфосфат солинади. Бир, икки, уч ёшли ўсимлик тагига 10 кг гўнг, 20 г дан азот ва фосфор ҳамда 10 г калий ўғити солинади, мева берувчи туплар тагига эса 20–25 кг. дан гўнг ва 80–100 г фосфор (тупларининг ёши катталашган сари солинадиган ўғитлар миқдори ортиб боради), 80–120 г азотли ва 40–60 г калийли ўғитлар солинади. Бунда минерал ўғитларнинг 50 фоизи февралда ва қолган қисми май охири-июнь бошларида – мевалари шаклланганидан кейин солинади.

Бундан ташқари, лимон туплари биринчи марта қишда вегетация бошлангунгача, иккинчи марта гуллаш олдидан ва 3–4 марта тугунлар тўкилганидан кейин ва мевалар ўсиши даврида 20–25 кун оралатиб гўнгли шарбат билан суғорилади. Гўнгли шарбат сигир, қўй-эчки ва парранда гўнгини (2:1:1) ариқ сувида яхшилаб эзиб, суғориш эгатларига қуйилади. Ёзда гўнгли шарбат кечқурун ва эрталаб берилади.


@AGROBLOGER канали

agro.uz

Report Page