...
@AGROBLOGERҲафта давомида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида фуқароларнинг пахта теримига мажбурий тарзда йўналтирилгани маълум бўлган, Бухоро вилоятининг Когон туманида эса айни жараёнга болаларнинг жалб этилаётгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан маълум қилишларича, мазкур ҳолатлар ўрганиб чиқилган ҳамда уч нафар мансабдор шахс ва икки фермер жаримага тортилган.
Денов туманидаги ҳолат юзасидан
Давлат меҳнат инспекциясининг Денов телекоммуникация боғланмасида ўтказган текширувларга кўра, унинг ишчилари: Х.Ботирова, Б.Қурбонов ва Д.Соатовалар пахта теримига мажбурий тарзда жалб этилган. Қонунчиликка зид ҳаракатлари сабаб ташкилот бошлиғи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмида кўрсатилган миқдорда (базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача) жаримага тортилди.
Денов тумани чорвачиликни ривожлантириш ва ветеринария бўлими бошлиғи ҳам қўл остидаги ишчиларни пахта теримига жалб қилган. Шу сабабдан унга ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 1-қисмида кўрсатилган миқдорда жарима белгиланган.
Давлат меҳнат инспекциясининг ўрганишлари Денов тумани Маданият бўлими ходимларининг пахта теримига жалб қилинмаганини кўрсатди. Маълум бўлишича, улар 30 сентябрь куни «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан теримчилар учун концерт дастурини уюштирган.
Шу куни Денов тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳам пахта теримига жалб қилинмаган. 30 сентябрь куни улар ўзига бириктирилган ҳудудда ўзига юклатилган вазифани бажарган.
Когон туманидаги ҳолат юзасидан
Давлат меҳнат инспекциясининг ўрганишлари Когон тумани «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалигидаги пахта терими жараёнларига вояга етмаган мактаб ўқувчилари жалб қилинмаганини кўрсатди.
Аниқланишича, болалар пахта далалари атрофида чорва моллари учун ўт терган, шунингдек ота-оналарига тушлик учун егулик олиб келган. Ўзбекистон қонунчилигида болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган. Шунга қарамай, мазкур вазиятга беэътибор бўлгани сабаб, «Алиноз Шергирон» ва «Барно Баҳром» фермер хўжалиги раҳбарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 2-қисмига биноан (базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 20 бараваригача) жаримага тортилди.
Шунингдек Давлат меҳнат инспекцияси томонидан фермер хўжаликлари раҳбарлари, ота-оналар орасида юртимизда болалар меҳнатига чек қўйилгани, айни ҳолатлар учун қонунчиликда жазо чоралари белгилангани юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Ўз навбатда улардан тушунтириш хатлари олинди.
Ҳолат юзасидан Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга чора-тадбирлар кўриш ҳамда ота-оналар билан тушунтириш-профилактика ишларини олиб бориш бўйича тақдимнома киритилди.
kun.uz
@AGROBLOGER