...

...

@AGROBLOGER

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Спикер бошчилигида сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, қўмиталар раислари ва депутатлар иштирокида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши мурожаатномаси юзасидан қуйи палатада йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати маълум қилди.

Мурожаатномада фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларнинг ғалла етиштиришдан моддий манфаатдорлигини ошириш, уларнинг ўз меҳнатларига яраша даромад олишлари ва шу орқали уларнинг ғалла етиштириш ҳажмларини кўпайтиришга қизиқишлари ортишини таъминлаш мақсадида қатор таклифлар билдирилган.

Мурожаатномада таъкидланишича, ғалла харид нархлари бозор нархларига яқинлаштирилган шароитда бир қатор дон корхоналари фермер хўжаликларидан қабул қилган ғалла учун ҳисоб-китобни якунига етказа олмаяпти.

Бунинг сабаби, дон корхоналари буғдойни бозор нархида харид қилиб, қайта ишлашдан тайёрланган уннинг 1 килоси учун 1400 сўмдан, яъни ҳукумат томонидан белгилаб қўйилган қатъий нархда сотиши билан изоҳланмоқда. Дон корхоналари зарар кўраётгани сабабли фермерлар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қила олмаяпти.

Шундан келиб чиқиб, мазкур мурожаатномада парламент вакиллари эътибори бир қатор таклифларга қаратилган. Хусусан, давлат томонидан ғалла етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратиш тизимини янада такомиллаштириш, фермер хўжаликларида ғалла етиштириш учун талаб этиладиган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ҳамда бошқа ресурсларни етказиб беришни тўлиқ бозор механизмларига ўтказиш орқали ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш лозимлиги таъкидланган.

Ушбу мурожаатнома келиб тушган кундаёқ унда келтирилган таклифларни ҳар томонлама ўрганиб чиқишга киришиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳи мурожаатномада келтирилган ҳар бир далил ва таклифни жойларга чиққан ҳолда, дон корхоналари, фермерлар ҳамда истеъмолчилар билан бевосита учрашиб, ҳар тарафлама ўрганадиган, зарур чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклиф тайёрлайдиган бўлди.

daryo.uz

@AGROBLOGER


Report Page