...

...

AGROBLOGER

Бугун Жиззах вилоятининг Бахмал туманида биринчи марта заъфарон пиёзи экилди, деб хабар берди «Дунё» АА мухбири.

Ушбу лойиҳа «BMB Trade Group» (Ўзбекистон) ва «Opera SRL» (Италия) компаниялари ўртасида заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва саноат усулида қайта ишлаш тўғрисида имзоланган меморандум доирасида амалга оширилмоқда.

Бугун 10 гектар майдонга экилган 5 миллионтадан зиёд заъфарон пиёзи Италиянинг Брессиа шаҳридан Словения, Венгрия, Польша, Беларусь, Россия ва Қозоғистон каби мамлакатлар орқали 6 минг 800 километр масофани босиб ўтиб, Ўзбекистонга етказилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 34,4 миллион еврони ташкил этади. Унинг тенг ярми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Сармояларнинг катта қисми юқори сифатли заъфарон пиёзларини сотиб олиш ва етказиб беришга йўналтирилади.

«BMB Trade Group» компанияси ижрочи директори Абдурашид Шарафутдиновнинг таъкидлашича, яқин келажакда лойиҳа учун ажратилган 400 гектар майдонга экиш учун яна 75 миллион дона пиёз келтирилади. Бу эса Ўзбекистонга халқаро заъфарон бозорида етакчи ўринни эгаллашга имкон беради. Лойиҳа доирасида маҳаллий аҳоли учун 200 га яқин доимий ва 7 мингта мавсумий иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

— «Opera SRL» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган заъфарон кластери лойиҳаси доирасида ошпазлик, фармацевтика ва бошқа соҳаларда талаб юқори бўлган тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш учун қўшимча қувватларни яратамиз, — деди «BMB Trade Group» компанияси тижорат директори Мирзамурод Дадажонов. — Бундан ташқари, Италиянинг 5 мингдан ортиқ дорихонасига маҳсулот етказиб берадиган “GESFARM” компанияси билан қайта ишланган ва қадоқланган заъфарон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича қиймати 12 миллион еврога тенг узоқ муддатли экспорт шартномаси имзоладик.

— Ўзбекистондаги йирик заъфарон плантацияларидан бирини яратиш бўйича тарихий тадбирда қатнашаётганимдан мамнунман, — деди «BMB-OPERA ZAFFERANO» Ўзбекистон — Италия қўшма корхонаси техник директори Маттео Фасси. — Бугунги кунга қадар Италия заъфаронлари асрлар давомида анъанавий тарзда мамлакатимизнинг ўзида етиштирилган. Бу бизга катта масъулият юклайди. Шунинг учун зарур бўлган барча тупроқ ва иқлим тадқиқотларини ўтказдик. Бу эса танланган майдон заъфарон етиштириш учун ўта қулай жой эканини кўрсатди. Мен ва ҳамкасбларим — Италиянинг Пяченци университети олимлари - агротехник тадбирлар Европа стандартларига мувофиқ юқори даражада бажарилиши учун бор билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз.

Пиёзларни экишдан олдин италиялик мутахассислар маҳаллий ходимлар билан услубий семинар ва амалий машғулотлар ўтказди. Шунингдек, замонавий агротехника технологиялари намойиш этилди.

— Ҳамкорлигимиз амалий ва самарали руҳда ўтмоқда. Шуни таъкидлашни истардимки, бугун кластернинг келажакдаги тараққиёти учун мустаҳкам асос яратилмоқда. Бу минглаб маҳаллий аҳоли, айниқса, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратишга имкон беради. Шунингдек, минтақанинг иқтисодий ривожланиши, коммуникация инфратузилмасини яхшилаш учун катта туртки бўлади, — деди италиялик мутахассис.


@AGROBLOGER канали

xs.uz

Report Page