...

...

AGROBLOGER

Уруғларни доимий жойга экиш – пистазорлар барпо этишнинг энг кенг тарқалган, оддий ва арзон усули. Аммо писта уруғларини доимий жойга сепишдан аввал уруғларни тўғри саралаш ва сақлаш ҳамда «стратификация» деб номланган тадбирни амалга ошириш – уруғларни сепишга тайёрлаш лозим.

Уруғ йиғиш улар тўлиқ пишган даврда (август ойининг 1-3 ўн кунлиги) амалга оширилади. Тайёрланган ёнғоқлар 1-2 кун давомида мева этидан тозаланади. Шикастланган, хасталанган ва нимжон ёнғоқлар олиб ташлангандан сўнг соғлом уруғлар сояли, шабада жойда 5-6 кун давомида қуритилади. Узоқ сақлашга тайёр ёнғоқларнинг намлиги 10-12% дан ошмаслиги лозим. Уруғларни сақлаш муддати 2 йилдан ошмаслиги керак. Уруғларни 3-4 йил давомида сақлашда улар ўз унувчанлигини 50-60% га йўқотади. Уруғлар қуруқ, ҳаво алмашадиган хонада сақланади, кемирувчиларга қарши чоралар кўрилади.

Уруғ сепиш учун стратификацияланган, ниш урган уруғлар ишлатилади. Уруғларни сепишга тайёрлаш учун аввалдан йиғилган ва қуруқ жойда сақланган ёнғоқларни намлатилган, яхши ювилган дарё қуми билан 1:5 нисбатда (бир ҳисса уруғ ва беш ҳисса қум) аралаштирилади. Сўнг бу аралашма очиқ тупроқдаги ўраларда 30-40 кун давомида сақланади. Ҳар 5-6 кунда аралашма пухта аралаштирилади, зарур бўлса, қўшимча равишда намлатилади. Бу уруғларни сепишга тайёрлаш амали стратификация деб аталади. Сепишга тайёр уруғ – томирчаси чиқиб турган, ниш урган ёнғоқчадир. Айни пайтда бу томирчанинг ортиқча ўсиб кетишига (3-5 мм дан ортиқ) йўл қўймаслик лозим, чунки томирчалар узун уруғлар жуда нимжон ва сепиш пайтида синиши мумкин.

1-расм. Ниш урган уруғ

Уруғларни янада қисқа муддатлар сепишга тайёрлаш учун тезлаштирилган стратификация қўлланади. Бунинг учун стратификацияни иситиладиган хонада +20 - +25°С ҳароратни таъминлаган ҳолда бажарилади. Ҳар 3-4 кунда уруғлик ва қум аралашмаси бироз намлатилади ва пухта аралаштирилади. Стратификация тезлаштирилганда уруғлар 10-12-кунга келиб сепишга тайёр бўлади.

Сепиш учун уруғ камроқ миқдорда (10 кг гача) керак бўлса, уларни қумга аралаштирмасдан матоли халтага солиб, осиб қўйилган ҳолатда, ҳар 1-2 кунда намлаш орқали стратификация қилиш мумкин. Бу ҳолда уруғлар 6-7 сутка ўтиб ниш уради. Айни пайтда стратификация амалга оширилаётган хонадаги ҳарорат +20°С кам бўлмаслиги лозим.

Уруғларнинг яхшироқ ниш уриши ва уларнинг замбуруғли касалликларга чалинишини олдини олиш учун стратификация қилишдан аввал 8-10 соат давомида гуммат натрийнинг сув билан аралашмасида (10 литр сувда 10 грамм препарат аралаштириш) ушлаб туриш ва уларни марганцовканинг суст аралашмаси билан ювиш мақсадга мувофиқ. Гуммат натрийни минерал ўғитлар ва турли кимёвий препаратлар сотиладиган хўжалик дўконларида харид қилиш мумкин. Гуммат натрий – бу ўсимликдан ишлаб чиқарилган модда бўлиб, фойдаланишда хавфсиздир.

Сепиш. Донли экинлар билан кучсизланган ва чорвани ортиқча ўтлатиш оқибатида таназзулга юз тутган тупроқлар таркибини яхшилаш ва унумдорлигини ошириш учун сепиш жойларини органик ва минерал ўғитлар билан тўйинтириш тавсия қилинади (лекин шарт эмас). Ўғит сепиш жойларида 1 кв. м. майдонга солинади. Тупроқнинг қашшоқлик даражасидан келиб чиқиб сепиш жойига: 5-8 бўрсиган гўнг, 20-40 г азотли, 10-15 г фосфорли ва 2-3 г калийли минерал ўғитлар солинади. Ўғитлар сепишдан 15-20 кун аввал 18-20 см чуқурликка солинади. Уруғ сепиш эрта баҳорда (одатда феврал ойи охири – март ойи бошида) икки кишидан иборат бўғин томонидан амалга оширилади. Улар қозиқча билан белгиланган жой атрофида экиш майдончасини (1х1 м) тайёрлайдилар. Бўғиндаги биринчи ишчи сепиш жойида узунлиги 15-20 см, чуқурлиги 5-6 см сепиш қатори (эгатчаси)ни ясайди. Иккинчи ишчи шу сепиш қаторига бир эгатга 6-8 дона уруғ тақсимлаб уруғ сепади ва уруғларни тупроқ билан кўмади.

2-расм. Қаторни чуқурчасига уруғларни экиш

Имкон бўлганда сепиш жойларини 1-2 сантиметрли қиринди, сомон билан аралаш бўрсиган гўнг қатлами билан мульча қилинади.

Вегетация даврининг иккинчи йили охирида сепиш жойлари бир-икки яхши ривожланган кўчатларни қолдириш орқали сийраклаштирилади. Қолдирилганган кўчатларда ён новдачалари 15-20 см баландликгача олиб ташланади. 3-4-йилларда танланган писта нави билан пайванд қилинади.


@AGROBLOGER канали

Чернова Г.М. ва бошқалар.. "Ўзбекистон арид турдаги адирларида навлар асосида хандон писта ўрмонзорларини етиштириш бўйича тавсиялар". 

dehqon.uz


Report Page