...

...

🌐 OLTIARIQ TV

«Сардоба иши» бўйича 17 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган

1-май куни юз берган Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши ва бунинг оқибатида катта ҳажмдаги ер майдонларини сув босиши бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида дахлдор жавобгар шахслар сони 17 нафарга етди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов агентликда ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилган.


Мавзуга доир: Метеоролог: Сардобада фалокат юз берган вақтда кучли ёмғир ҳам, кучли шамол ҳам бўлмаган


Сардоба воқеаси унутилгани йўқ. Бизнинг ҳам доимий назоратимизда. Бундай катта, жамоатчилик эътиборидаги масалалар агентлигимизнинг ҳам назоратида. Биз тегишли идоралар билан фаол ҳамкорликда ушбу жараённи назорат қилиб бормоқдамиз. Хабарингиз бор, ўтган йили эълон қилинганди, ундан кейин яна ўзгаришлар бўлган. Олдин, адашмасам, 9 нафар шахсга жиноят иши қўзғатилган эди, бугунги кунда қонунбузилиши ҳолатига дахлдор шахслар сони 17 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Жумладан:


буюртмачи — «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК;

лойиҳачи — «УзГип» МЧЖ;

бош пудратчи – «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК;

пудратчи ташкилотлар — «Резаксой сув қурилиш» УК, «Омад Дубл» МЧЖ, «Сариосиё қурилиш» МЧЖ, «Транс Сервис Комплекс» МЧЖ, «Тўпаланг Шеробод» ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдор шахсларининг бир гуруҳи тегишли (167, 203, 205, 207, 209, 258) моддалар билан жиноий жавобгарликка тортилиб, айбланувчиларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.


17 нафар шахсларга нисбатан айблов хулосаси билан Бош прокуратурага юборилган, лекин тергов ҳаракатлари ва тафтиш давомида янги аниқланган ҳолатларга нисбатан тўпланган материаллар ажратилиб ушбу материаллар асосида Жиноят кодексининг 167 ва 258-моддалари бўйича ҳам иш қўзғатилган. 17 нафар шахсдан ташқари яна 2 та жиноят иши қўзғатилган.


Жиноят иши доирасида Ҳисоб палатаси раҳбарлигида мутасадди идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари давом эттирилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш билан бирга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


Акмал Бурҳонов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош прокуратура «Сардоба иши» доирасида тўққиз киши қамоққа олинганини маълум қилган эди. Сардоба сув омбори 2010—2017-йилларда қурилган бўлиб, лойиҳага буюртмачи сифатида «Сирдарё сув қурилиш инвест» ДУК (Сув хўжалиги вазирлиги), бош лойиҳачи — «УзГИП» МЧЖ, бош пудратчи — «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» УК («Ўзбекистон темир йўллари» АЖ) танланган.


Қайд этишларича, сув омбори қурилишига давлат буджетидан 1,2 триллион сўм сарфланган. Сув омборидан фойдаланиш «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига қарашли «Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси» томонидан амалга оширилган.

✅https://t.me/OLTIARIQ_TV

👉@SOTUVDAGI_UY_JOYLAR

Report Page